Кўнгилларни хушнуд этган дийдорлашув

56

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетига қарашли 2-академик лицейда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти вакиллари билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши раиси Назира Тоғаева кириш сўзи билан очди. У дастлаб ижодий учрашувдан кўзланган эзгу мақсадлар ҳақида фикр юритди. ­Сўнгра «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида турли-туман рукнлар остида босилаётган мақолаларнинг мазмун-­моҳияти ва нечоғли долзарблиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Кўпчиликка маълумки, «Ishonch» Ватанимиз мустақиллиги билан тенгдош нашр саналади. Унинг нишона сони 1991 йил 21 мартда чоп этилган. Ўтган давр мобайнида газета таҳририятида кўп­лаб фидойи журналистлар, тажрибали муҳаррирлар ишлашган. Бугун ҳам жамоада эллик нафарга яқин қалами ўткир ва ҳозиржавоб ижодий ходим фаолият юритмоқда. Самарали ижодий меҳнат туфайли нашрнинг нуфузи тобора ортиб бормоқда.
Учрашувда Бош муҳаррир Ҳусан Эрматов соҳанинг ўзига хос қийинчилик ва муаммолари, газетада берилаётган мақола ва хабарларнинг сифати ҳақида батафсил тўхталди. Ҳозирги давр талабидан келиб чиқиб, айниқса, таълим, тилшунослик, тиббиёт, қурилиш ва саноат соҳаларида учрайдиган муаммоларга бағишланган танқидий мақолаларни кўпайтириш лозимлиги ҳақида сўз юритди. Бундан ташқари, тадбирда қатнашаётган ўқитувчи ва устозларни ўз касб-корларига тааллуқли баҳс-мунозараларда фаол иштирок этишга, ушбу мақсадда газета таҳририяти билан ­мустаҳкам алоқа ўрнатишга ундади. Дилбар Қобулова, Акмалжон Зокиров, Насиба Йўлдошева каби талабалар эса газета янада ўқишли бўлишини, обуначилар қўлига ўз вақтида етиб келишини, мавзулар ранг-баранглигини таъминлаш учун нималар қилиш лозимлигига оид таклиф-мулоҳазаларини баён этишди.
– Биз шеър ва ҳикоялар, мақола ва хабарлар ёзишга қизиқамиз, – дейди педагогика институти талабаси Дилбар Қобулова. – Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, таҳририят вакиллари вақти-вақти билан институтимизга ташриф буюрсалар, айни муддао бўлар эди. Бунга жавобан биз ҳам таҳририятга бориб, у ердаги иш жараёнлари билан танишишга, таниқли қаламкашлар билан юзма-юз мулоқотга киришишга тайёрмиз.
Учрашув давомида бундай таклиф ва тавсиялар кўп бўлди. Шу асно таҳририят билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Навоий давлат педагогика институти ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида дастлабки қадамлар ташланди.
Баҳс-мунозараларга бой руҳда кечган учрашув якунида қатнашчилар билан викторина ўтказилди. Саволларга тез ва тўғри жавоб бериб, ғолибликни қўлга киритганларга таҳририят совғалари топширилди.

Нормурод МУСОМОВ
«ISHONCH»