Қудрат момом оқила ва тежамкор аёл эди. Тез-тез ҳамма нарсанинг уволи борлигини уқтирар, «Нимани қилсанг хор, шунга бўласан зор», дея таъкидларди. Момомдан ўрганганларим менга кундалик ҳаётимда кўп асқатяпти.
Синглим ҳовлисидаги кечқурун ёқилган чироқни тонггача ўчирмас экан. Буни уникида меҳмон бўлганимда ярим кечаси ташқарига чиққан пайтим билиб қолдим. Атайлаб чироқни ўчириб қўйдим. Эрталаб унга электр токини беҳуда исроф қилмасликни, тежамкор бўлишни маслаҳат бердим. Шундан буён синглим бу ўгитимга амал қиладиган бўлди.
Бир танишимникига таъзия билдиргани борганимда куппа-кундузи уйида электр лампа ёниқ турганини кўрдим. Ажабланиб, сабабини сўрагандим, «Бизда марҳум чиққан хонада 40 кун чироқ ёниқ туради», деди.
Бу исрофгарчилик эмасми? Қачон энергияни тежашни ўрганамиз? Аслида биз ота-оналар болаларимизга энергияни тежаш маданиятини ўргатишимиз, уларга намуна кўрсатиб, уйдаги ортиқча чироқларни ўчириб юришимиз зарур. Чунки табиий ресурслар ҳам бир куни келиб тугаши мумкин.
Албатта, кўп нарса уй бекасига боғлиқ. У доно ва тежамкор бўлиши лозим. Ҳаво совуткичлар ишлаётганида хона эшиги очиқ қолса, ҳар дақиқа учун энергия сарфи икки баробарга ортади. Кир ювиш машинасидан кийим-кечаклар + 600 C дан паст ҳароратда ювилса, энергия сарфи 30-40 фоизга қисқаради.
Маиший техникаларни сотиб олишда ҳам зукколик талаб этилади. «А», «А+», тоифадаги маиший техника ва электр жиҳозлар энергияни тежашга ёрдам беради. «А++» тоифасидагиси «С» тоифасидагига нисбатан 50 фоиз кам энергия ишлатади.
Совиткич газ плитаси ёки иситиш радиатори ёнига ўрнатилса, электр энергияси истеъмоли 20-30 фоизга ошади. Шунинг учун асло уни бу ерга жойлаштирманг. Электр лампаларни танлашда ҳам эҳтиёт бўлинг. Фақат энергияни тежайдиганини харид қилинг. Шунда бир дона энергия тежовчи лампочка шарофати билан бир йилда 80 минг сўмлик маблағингизни иқтисод қиласиз.
Ҳар бир инсон уйдан чиқаётганида чироқни ўчириб юрса, кундузи табиий ёруғликдан фойдаланиб, атрофидагиларга ҳам шуни ўргатса, энергияни тежашга катта ҳисса қўшган бўлади.
Электр энергиянинг асосий қисми кўмир, табиий газ, торф, нефть, сланец каби фойдали қазилмалар ёқилишидан олинади. Дунёда 200 млрд. тоннадан кам нефть захираси бор. У бор-йўғи 47 йилга етади. Кўмир захираси 1 трлн. тонна бўлиб, 133 йилга, 170 млрд. куб метр миқдорида қолган табиий газ эса 52 йилга етади, холос. Шу боис табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз, энергияни тежаш маданиятини ўрганишимиз шарт!
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист
