Тафаккур қилган, теран фикр-мушоҳада юритган борки, ҳаётни англайди, оқ-қорани ажратади. Унинг негизида эса, аввало, илм туради. Ўқиган, ўқиганда ҳам тафаккур қилишга ундайдиган асарларни саралаб мутолаа қилган, шу билан бирга, тарбиясида кемтиклик бўлмаган, ўзини англаган киши асло кам бўлмайди.
Аммо бир ҳақиқат борки, бор бўй-басти билан намоён бўлиб, ҳар қандай виждони уйғоқ кишини ўйлантирмасдан қўймайди. У ҳам бўлса, ҳозир кўпчилик ёшлар енгил-елпиликка берилиб, савияси ўтмаслашиб, таназзул ботқоғи сари кетаётгандек… Нега бундай бўлмоқда? Бунга етаклаётган сабаблар нималарда кўринади? Бугун оддий ҳолдек туюлган, лекин оқибати маънавий таназзулга олиб борадиган жиҳатларга чуқурроқ назар ташлаш вақти келмадимикин?
Китоб дўконида
Китоб дўконида эдик. Бир киши чамаси бешинчи-олтинчи синфларда ўқийдиган қизчаси билан кириб келди. Қизчанинг кўзи «шеър»лари қўшиқ бўлган «қўшиқчи шоир»нинг жавонда тизилиб турган китобларига тушиб, ҳаяжонланиб бақириб юборди:
– Ота, мана мен излаган китоб. Олиб берасиз-а?
– Қизим, шуни деб юз чақирим йўл босиб келяпмиз. Албатта, олиб бераман.
Қизча хурсанд бўлиб, отасини қучоқлаб олди. Бу ҳолни кузатиб жавонда тизилиб турган элимизнинг улуғ ёзувчи, шоирлари, жаҳон адабиётининг дурдона асарларига назар ташладим. Қизча уларга қайрилиб ҳам қарамади, излаганини топганидан севинчи ичига сиғмай ҳаяжонда турарди.
Оддий туюлган бу ҳол ҳозирги авлод таълим-тарбиясида улкан бўшлиқ пайдо бўлганини англатмоқда. Буни озгина тафаккур қилган киши тушунади, албатта. Шу қизчадан Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир ҳақида сўрасангиз, билиши мумкин, лекин ўқимагани аниқ. У учун онгу шуурига сингиб кетган «қўшиқ»нинг мутлақо тафаккурга ундамайдиган ҳарф бирикмалари муҳим. Энди у харид қилинган китобдаги сўзлар тизмасидан иборат шеърларини ўқийди, ёд олади…
Таассуфки, у ёлғиз эмас, тенгдошлари, ҳатто бироз катталар ҳам шундай, аслида.
Олтин оралиқ қаерда?
Талабалик йиллари. Олмазор туманидаги бир мактабга амалиётга бордик. Бир синфда 30 чоғли ўқувчи, хоҳласа, дарсда ўтиради, ёқмаса, папкасини кўтариб чиқиб кетади. Ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам шундай. Синфда бир ёки иккитагина ўқувчи қолади. Ўқитувчининг иши йўқ, гўёки бу оддий ҳол. Нега бундай? Бугунги ёшларимиз қай томон кетмоқда? Дарсини қилмаган, ўқимаган бундай авлоддан нима кутиш мумкин? Табиийки, бунинг сабаблари билан қизиқдим, вазиятни ўнглашга уриндим. Аммо ўқитувчилар фойдаси йўқлигини, бирортасига оғиз очгудек бўлса, дарров ота-онаси чопиб келиб, тўполон қилишини айтишди. Шундай бўлгач, ўқитувчилар ноилож индамасликка қарор қилишган. Уларга ҳам осон эмас. Болага қаттиқроқ гапирса, ота-онаси бориб ёқасидан олиб, ўз ўқувчиси олдида шарманда қилса… Боланинг тақдири қил устида. Дарсда бўлмагач, ё ким биландир жанжаллашади, ё жиноятга қўл уриб, қамалади. Ота-онанинг кўзи очилганда эса… жуда кеч қолган бўлишади.
Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиш жоиз: бола тарбиясида ота-она ва мактаб ўртасида мувозанатни сақлаб турувчи олтин оралиқ бузилган. Агар қандайдир чора кўрилмаса, аҳвол ҳозиргидан ҳам ёмонлашиши, олтин оралиқ орзуга айланиб қолиши мумкин.
Пўртанани жиловлаш вақти келмадими?
Бугун инсоният том маънода тараққиёт асрида яшаяпти. Инсон қўли билан яратилаётган кашфиётлар кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Интернет тармоғи илгари мураккаб туюлган масалаларни осонгина ҳал қилиб берди. Лекин шу билан бирга, кўплаб муаммолар ҳам олиб келдики, энди уларга ечим топиш керак бўляпти.
Ҳар қандай асарнинг тарбиявий аҳамияти бўлади. Каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш, ўзгаларга, шу билан бирга, ҳайвонларга ҳам меҳрли бўлиш икки абзац ривоятда ҳам теран очиб берилади. Китоб билан улғайган бола ҳаётни эрта англайди, комил инсон бўлиб шаклланади. Аммо ўргимчак тўри ёшларимизнинг онгини шу қадар эгаллаб олдики, савиясизлик урфга айланаётгандек.
Ҳар ким фақат ўзи ва шахсий муаммоси ҳақида ёзади. Бировни биров тингламайди. Муҳокама қилинаётган мавзу ҳаминқадар. Буларни кузата туриб, бир аср муқаддам Мунаввар Қори битган қуйидаги сўзлар ҳамон долзарблиги рўй-рост намоён бўлади: «Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун-қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари… давом этади». Бу – аччиқ ҳақиқат!
Айниқса, сайтлар, телеграм каналлар ўқувчисини кўпайтириш учун ҳар қандай усулларни қўллашдан ийманмаяпти. Бир-биридан жарангдор, қўрқинчли сарлавҳалар. Яқинда интернетда «Ўсмир ўз онасини тенгқурлари билан ўлдирди» деган хабар пайдо бўлди. Бу, ҳақиқатан ҳам, даҳшат, «ўргимчак тўри»га ўралашиб, ундаги турли қўрқинчли ўйинлару совуқдан совуқ хабарлар ортидан бефарқ, умидсиз, энг ёмони, онгсизлик домига тушган ёшлар бизнинг фожиамиздир. Шу билан бирга, турли бачкана видеолар ҳам бисёр. Бундай хабарлар турфа сайтлару телеграм каналларда тўлиб-тошиб ётибди. Улар ёшларни бефарқ, беҳафсала қилиб қўймаяптими? Демак, шундай қилса бўларкан-да дея ўйламаслигига, шу ишни қилмаслигига ким кафил бўла олади?
Бу каби қўрқинчли ахборотлар тўла мияни тозалаш осон эмас. Болани сўксанг – бети, урсанг – эти қотар, дейди. Бундан кўра, ўзанидан тошиб чиққан пўртанани ҳар томонга бошқариб, ҳовли, экин-тикинни босиб кетишининг олдини олишга бекорга урингандан кўра, уриб кетган жойидан жиловлаган маъқул эмасми?! Интернет сайтлар фаолиятини тегишли ҳужжат билан тартибга солиш керакдир? Ёшлар онги ва тафаккурига таъсир этадиган хабарлар ибрат бўладиган шаклда узатилса, нур устига нур бўлармиди?!
Ҳаётни англаш саодати
Бизнинг элдан улуғлар кўп чиққан. Дунёнинг бугунги тараққиётига улар тамал тошини қўйган десак, тўғри бўлади. Ал Хоразмий, Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф хос Ҳожиб, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий…
«Хамса», «Девону луғотит турк», «Қутадғу билиг» асарлари – маънавий хазинамиз. Киши дунёқарашини ўстириб, ҳаётни англаш саодатини берадиган бу асарларнинг қўлимизга етиб келишида Порсохон Шамсиев, Солиҳ Муталлибов ва Қаюм Каримовнинг хизмати катта. Уларнинг узоқ йиллик заҳматлари эвазига бугун бу асарлар қўлимизда. Лекин уларни ёш авлод танимайди, билмайди, ҳатто бу асарларни ўқиш тугул, эшитмаганлар ҳам бор.
Элнинг улуғлари, уларнинг ижоди ҳақида бир қатор ёшларни саволга тутганимизда, афсуски, кўпчилиги саволимизни жавобсиз қолдирди. Жадид адабиёти, буюк ижодкорлар ҳаёти ва ижоди, бугунги кундаги эл юкини кўтаришга астойдил бел боғлаган олимларни билмаслигини рўй-рост айтишди. Авлоний, Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон, Мунаввар Қори, Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Қозоқбой Йўлдошев…
Биргина «Улуғбек хазинаси»ни олайлик. Бола эдим. Ўқиб йиғлаганман. Улуғбекнинг тақдири, Абдулатифнинг отаси вафотидан кейинги изтироблари… Айниқса, «Шоҳнома»ни қўлига олиб очган жойида «Падаркуш… тожу тахт, олти ойдан ошмайдур» деган сатрларни ўқиб қандай ҳолга тушгани…
Бадиий асарлар турган-битгани тарбия ва яна тарбия манбаидир. Тўғри, ёшларимиз ўқияпти, лекин ўқимаётгани икки ҳисса бисёр. Улардан нима кутиш мумкин, аксари совуққон, эътиборсиз, бефарқ…
Шу кунларда ҳам олимларимиз томонидан қатор ихтиролар қилиняпти. Лекин булар ҳақда кўп билмаймиз. Телеэкранларни қўштирноқ ичидаги санъаткорлар эгаллаган, ошхонада фартук тақиб овқат пишираётганлар ҳам шулар. Бунинг ўрнига олимлар фаолияти, қилаётган ишлари, яратаётган ихтиролари, бу жамиятга нима бериши ҳақида кўрсатувлар қўйилса… Ҳатто боғчадан, мактабдан бошлаб шундай ихтиролар, уларни яратаётган олимлар ҳақида қисқа-қисқа маълумотлар бериб борилса, болада бунга кичкиналигидан рағбат уйғонади, илмга қизиқади, унинг амалий фойдасини кўради. Ҳозир неча-нечалаб Илон Масклар боғчада пайқалмай юрибди.
Тараққиётга йўл миллий мафкурадан бошланади
Инсон ҳамиша ҳаётга интилиб яшайди. Олдида бир мақсад бўлади. Бу инстинкт унинг онгида гўдакликдан шаклланади. Бола уйдан кўчага чиқишга, ёққан ўйинчоғига эришишга, мактабда устози рағбатию аъло баҳо олишга ҳаракат қилади… Улғайгани сайин мақсадлар ҳам катталашиб боради. Ота-она олдидаги бурч, эл-юртга дахлдорлик туйғуси каби… Ана шу жойда унга мақсадни тўғри танлаб, туртки бўладиган нимадир керак бўлади. Яъни, оддий қилиб айтганда, бу пайтда у олдида тубсиз бўшлиқ эмас, узоқлардаги чўққини кўриб, уни забт этишга интилмаса, аросатда қолади. Ана шу жойда бизга миллий мафкура ёрдамга келади.
Мафкура миллатнинг эзгу мақсадлари, манфаатларини ўзида ифода этади, одамларни жипслаштиради. Қайсики ривожланган давлатларнинг бундай ютуққа қандай эришганига назар ташласангиз, миллий мафкурага катта эътибор қаратгани ойдинлашади. Япония, Жанубий Корея каби давлатлар халқи урушдан кейин таълимнинг ривожи учун ҳатто тилла тақинчоқларигача сотиб бергани бор факт. Халқ шунга ишонган ва бу ишонч оқланганини уларнинг бугунги кундаги тараққиёти кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили маънавият масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда «Ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси – халқимизни рози қилиш. Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман, биз яратаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади.
Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», дея бежизга таъкидламаган эди.
Шундай экан, юксак мақсадлар, бунёдкор ғояларга асосланган миллий мафкура – фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини бола онгига боғчадан сингдирсак, Ўзбекистон халқи бир жону бир тан бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, юрт равнақи учун курашса, мақсадга эришамиз.
Ҳозирги таҳликали, дунё чайқалиб турган вазиятда ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш ҳар нарсадан муҳим саналади. Бу ҳолат чорраҳада турган одамни эслатади. Йўл турфа, манзил эса битта. Бунда компас вазифасини бажарадиган инсонларга эҳтиёж катта бўлади. Бу эҳтиёжни қондириш эса сизу бизнинг қўлимизда.
Шундай эмасми, азиз замондош?
Салим АБДУРАҲМОНОВ
«Ishonch»
