«Дардимизни кимга айтамиз?» деҳқонтўдаликлар 30 йиллик муаммога ечим тополмаяпти

112

Бешариқ туманининг чекка ҳудуди бўлган Деҳқонтўда қишлоғи аҳлини 30 йилдан буён рўзғор учун энг керакли бўлган ичимлик сув муаммоси қийнаб келмоқда. Айниқса, минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган Деҳқон­обод кўчасидагилар учун ичимлик ­сувни ташиб келтириш ҳақиқий азоб­­га айланган.

Аҳоли канал ёқасидаги битта-ю битта полиэтилен қувурдан эрталаб ва кечга яқин келадиган сувга навбатда туришади. Улар бу муаммога ечим излаб, кўплаб жойларга мурожаат қилишган. Лекин…
Деҳқонтўданинг Деҳқонобод кўчасида бўлиб, қишлоқ одамларининг дарду ташвиши, ҳасратларига қулоқ тутдик.
– Қишлоғимизга одамлар 1989 йилдан кўчиб кела бошлаган, – дейди қишлоқ фаоли Назирали Эргашев. – Ўшандан бери сувни ташиб ичамиз. Айниқса, қишли-қировли кунларда сув ташиб келтириш ниҳоятда азоб. Кўп жойларга мурожаат қилдик. Лекин мутасаддилардан арзигулик жавоб олганимиз йўқ. Тўғриси, энди кимга мурожаат қилишга ҳам ҳайронмиз.

– Келин бўлиб тушганимга 22 йил бўлди, – дейди Мамлакатхон Усмонова. – Ўшандан бери асосий ташвишимиз – сув. Баъзан нав­бат кутиб, 2 соатгача вақт йўқотамиз. Энг ёмони, чироқ бўлмаган вақтда сув келмайди. Бундай пайтларда сувни 3-4 километр узоқликдаги қўшни қишлоқдан ташиб келамиз.
– Олис масофадан қийналиб, сув ташиймиз. «Башня»нинг мотори куйса, пул йиғамиз. Камига «Водаканал»дан келиб, киши бошига 5 минг сўмдан пул йиғишади, – дейди Қаҳрамон Турсунқулов. – Югур-югурдан чарчадик. Айт­сам ишонмайсиз, биз ҳаммом деган сўзни луғатимиздан чиқариб ташлаганмиз, сув йўқлигидан болаларимизни ойда бир марта чўмилтирамиз. Ахир бу ердагилар ҳам ислоҳотлардан баҳра олишни, мушкуллари осон бўлишини исташади. Масъуллардан илтимосимиз, ҳеч бўлмаса, кўчамизнинг бошигача сув тортиб беришсин. Қолган ишларни маҳалла-кўй билан ҳамжиҳатликда амаллаймиз.

– Cув қувури 2 метр пастликка жойлашган. Унча-мунча одам бу ерга тушишга қийналади. Айниқса, ёмғирли кунларда сирпанчиқ бўлади. Ўтган йили ёмғирда турмуш ўртоғимнинг оёғи тойиб кетиб, қўли синди, – дея қўшимча қилади Назирали Эргашев.
Одамларнинг куйинганича бор. Ахир улар 30 йилдан бери сув муаммоси билан яшаб келмоқда-да! Мутасаддилар эса бунчалар бепарво бўлмаса?..

Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»