Беайб маҳбуслар каби…

65

Сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш дунё миқёсида анча оммалашди. Кўпчилик унинг ҳар жиҳатдан зарарли эканини яхши билса-да, бурқситиб тутатиб, хуморидан чиқишдан ўзини тия олмаяпти. Ҳақиқий кашандалар-ку, майли, ўзини ўзи заҳарлашдан тоймайди, лекин сигарета чекмай, унинг тутунидан заҳарланаётганларда нима айб?

Тамаки чекиб кетаётган кишининг ёнида жажжигина қўллари билан унинг тутунига монанд хатти-ҳаракатлар қилиб бораётган болакайга раҳмингиз келади. Чунки кашанданинг хамроҳи суст (пассив) чекувчи, яъни тамаки тутунини ичига тортиб эмас, ҳидидан баҳраманд бўлиш орқали заҳар ютувчи саналади. Ота-онаси чекишга ружу қўйган болаларнинг зарарланиши фаол чекувчиларга нисбатан анча юқори эканидан, афсуски, ҳамма ҳам хабардор эмас.
Кўча-кўй ва жамоат жойларида, бекат ва истироҳат боғларида тез-тез оилавий кашандаларни ҳам учратамиз. Бу ота-оналар яхши ниятда норасидаларини сайрга олиб чиқишган, амалда эса уларнинг соғлиғига жиддий путур етказишаётганини англашмайди ҳам. Айниқса, баъзи эркак­ларнинг машинада ўтириб олиб, дилбандларини тутунга «тўйдириб» кетаётгани кишини қаттиқ ташвишга солади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий вазифалардан бири чекмайдиганлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамоат жойларида чекишни тақиқлаш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборатдир. Бироқ сизу биз кунда-кунора гувоҳ бўлаётган нохуш ҳолатлар туфайли ҳали тамаки маҳсулоти нималигини билмай туриб, ундан зарар кўраётган болаларни қанақасига соғлом ёшлар қаторига киритиш мумкин?!.
Болаларда тутундан касалланиш хавфи катталарга нисбатан анчайин юқори бўлади. Энг ачинарлиси, деярли ҳар куни сигарета ҳидидан баҳра олиб юрувчилар ҳақиқий кашандалардан кўра кўпроқ мушкул вазиятга тушиб қоладилар. Бора-бора айримлари чинакамига кашандага айланадилар.
Бундан анча йиллар олдин ҳомиладор ҳамкасбимиз бошлиғидан шикоят қилиб қолди. Айтишича, у котибалик қилаётганидан буён тутун ичида ишлашга мажбур бўлибди. Сабаби, кабинетининг эшиги кўпинча очиқ турадиган директор ҳар соатда камида икки дона сигарета тутатар экан. Устига-устак, уйида эри ҳам кетма-кет чекар экан. Дугонамиз уни бу йўлдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, фойдаси бўлмабди.
Бу гапларни эшитиб, беш йилдан буён фарзандли бўлиш орзусида яшаётган ҳамкасбимиз тутунлар орасида қолиб кетганига астойдил ачиндик, «Ишқилиб, боласи соғ-омон туғилсин», дея дуога қўл очдик.
Кўп ўтмай, у ўғил фарзандли бўлди. Бундан ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам беҳад хурсанд эди. Аммо уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Чунки ҳеч қанча ўтмай, чақалоқ тиббий кўрикдан ўтказилганда унда оқ қон касаллиги борлиги аниқланди.
Қисқаси, бегуноҳ гўдак ҳали эс-ҳушини таниб улгурмасиданоқ оғир дардга йўлиқди. Аслида бу ён-атрофидагилар заҳарланишини ўйламайдиган кашандаларнинг касофати, аёлнинг эса ночорликдан эрта-ю кеч бадбўй ҳиддан нафас олиб юриши оқибати эди!
Дарвоқе, тамаки тутуни таркибида заҳарли моддалар кўп бўлиб, улар инсоннинг тана аъзоларини емиради. Янада аниқроғи, қон айланиши бузилиши ва томирларда қотиб қолишига, бош мия фаолияти сусайишига, хотира пасайиши ва ирсий касалликлар келиб чиқишига доялик қилади.
Айрим кишилар ҳаётдан норози бўлганда, юраги сиқилганда ёки зерикканда ўзини сигарета чекиш билан овутади. Уларнинг номақбул ҳаётни афзал кўришлари, дуч келган жойларда тамаки маҳсулотлари чекиб, ўзларининг ва бошқаларнинг соғлиғига хавф туғдиришлари ўта зарарли одатдир. Ўзи билиб-билмаган ва истамаган ҳолда сигарета тутунидан заҳарланиб, касалликка чалиниш арафасида турганлар эса беайб маҳбусларга ўхшайди.

Матлуба АҲМЕДОВА