Уларни бу йўлдан олиб чиқиши мумкин бўлган ўндан ортиқ ташкилот нима иш қилмоқда?
Биринчи тақдир. Зиёда (мақолада исмлар ўзгартирилган) оилада меҳр кўрмай ўсди. Онаси оламдан ўтгач, отаси бошқа аёлга уйланди. Ўгай она барибир ўгайлигига борди. Ур калтак, сур калтаклар бошланди. Таъна-дашномлар тинмай ёғилди. Барча-барчаси жонидан ўтиб, уйга икки-уч кунлаб келмай, кўча-кўйда дайдиб юрадиган одат чиқарди.
Йиллар ўтиб, қисмати ўзиникига ўхшаш бўлган йигитга кўнгил қўйди. Аммо муносабатлари узоққа чўзилмади. Фарзанди билан кўчада қолди.
Ўзи меҳр кўрмаган бошқага ҳам меҳр беролмайди: Зиёда ўз боласини сотаётган вақт қўлга тушди. Одам савдоси билан шуғулланишда айбланиб, терговга тортилди…
Факт. Таассуфки, бугун шу каби воқеаларга интернет сайтлари, телевидение хабарлари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзимиз тушмоқда. Энг ачинарлиси, бундай хабарларни оддий ҳолдек қабул қилишга ҳам кўникиб қолдик.
Маълумот. 2021 йилда ишсиз аёллар ўртасида жиноятчилик 1,7 бараварга, 18-30 ёшдаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 2 бараварга кўпайган. Жорий йилнинг етти ойида мазкур кўрсаткич 7,6 фоизга етган. Содир этилаётган жиноятларда, айниқса, фирибгарлик ва безорилик жиноятининг салмоғи юқори бўлиб, ҳар бешинчиси фирибгарлик ҳисобланади.
Факт. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби жиноятларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби эътиборсизлик, меҳрсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, таълим-тарбиянинг сустлиги каби омиллар…
Иккинчи тақдир. Маржонанинг ҳам саёқ юришига носоғлом муҳит сабаб бўлган. Болаликдан ибо-ҳаё, назокат ва нафосат каби пок туйғулардан бегона бўлиб ўсди. Фирибгарликни касб қилди. Охир-оқибат Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жазога тортилди.
– Ўзимга таниш аёлнинг буюмларини ўғирладим ва қўлга тушдим, – дейди у. – Бундан аввал ҳам бир неча бор майда ўғрилик қилганман. Лекин қачондир тақдирим шундай бўлиши ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Болаликдан ўғил болалар билан ўйнаб катта бўлдим. Характерим оғир эди. Кўпчилик билан чиқиша олмасдим. Айниқса, ота-онам ажрашгач, ҳеч ким мени тергамасди. Тўғриси, фарзанд бўлиб, на отамга, на онамга керак бўлганман. Ҳеч бири мени суйиб эркаламаган. Маҳалла-кўйда ҳам бировнинг мен билан иши бўлмаган. Мени кўча тарбиялаган. Бу билан уларни айбламоқчи эмасман. Лекин ўша вақтларда кимдир мени тўғри йўлга қайтарганда эди, балки бугун ҳаётим бошқача бўлармиди?..
Мушоҳада. Эътибор бердингизми? Маржона атрофдан нажот кутмоқда. Авваллари бир болага етти маҳалла ота-она саналган. Ёшлар ўзидан каттанинг гапини қулоғига илган. Нуронийлар маҳалладаги қайсидир боланинг нотўғри оёқ олишини сезиб қолса, тартибга чақирган. Ота-онасига танбеҳ берган…
Ҳозир-чи? Аччиқ бўлса-да, ҳақиқат шуки, бугун биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма ўзи билан ўзи овора.
Учинчи тақдир. Диёра муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай, тўғри хулоса чиқармади. Ўттиз ёшда бўлган бу аёл жамият қоидаларини менсимади. Қўни-қўшнилари билан жанжаллашиб, безорилик содир этгани учун Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан жазога тортилди.
Мушоҳада. Афсуски, жиноятларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик, нуронийларнинг ўрни ва таъсири деярли сезилмаяпти. Гапнинг очиғини айтганда, содир этилаётган жиноятларда хотин-қизлар ҳиссасининг ортиб бораётгани маҳаллаларда аёллар билан олиб борилиши керак бўлган манзилли ишлар талабга жавоб бермаётганидан далолат.
Маълумот. Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси маълумотларига таянадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари томонидан оилавий низо, қўни-қўшни ўртасидаги жанжал, бола тарбияси билан шуғулланмаётган ота-она ва бошқа масалалар бўйича 9 мингдан ортиқ ҳужжат ўрганилган. Натижада тўрт мингдан ортиқ оиладаги нотинчликларга барҳам берилган, икки мингдан ортиқ ёш оила сақлаб қолинган. Мажбуриятини бажармаётган 11 минг нафарга яқин ота-она ҳокимликлар ва идоралараро комиссияларда муҳокама қилиниб, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 24 минг нафардан ортиқ вояга етмаган шахс ички ишлар органларининг ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилиб, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ташкил этилган. Шунингдек, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил 109 нафар бола Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасига, 101 нафар қиз Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилган.
«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида «1259» қисқа рақамли «Ишонч маркази» ишга тушди. 2022 йилнинг тўққиз ой давомида марказга 8 минг 74 нафар хотин-қиз мурожаат қилган.
Зўравонлик ва тазйиққа учраган 37 минг 959 нафар хотин-қизга «Ҳимоя ордери» берилган. «Ҳимоя ордери» берилган 18 минг 839 та оила яраштирилган. Яна 16 минг 298 та оиладаги низоли ҳолатлар бартараф этилган.
Тўртинчи тақдир. Ҳаммамиз эшитиб, даҳшатга тушган ўша воқеа. Яқинда Сирдарё вилоятида эркак хотинини ғишт билан уриб ўлдирди.
Мирзаобод тумани оила ва хотин-қизлар бўлимининг маълум қилишича, мазкур оила аввалдан низоли оилалар рўйхатида бўлиб, 17 октябрь куни аёлга «Ҳимоя ордери» берилган. Айнан шу куни ИИБ ходимлари марҳумнинг турмуш ўртоғи билан тушунтириш ишлари олиб боришган. Орадан бир кун ўтиб эса ушбу жиноят содир этилган.
Мушоҳада. Мана шу мисолнинг ўзи оилавий низоларни ҳал этишда шошма-шошарликка йўл қўяётганимизни, «Ҳимоя ордери» ҳамма вақт ҳам ўз эгасини ҳимоя қила олмаётганини кўрсатиб қўймоқда.
Хўш, шундай экан, «фалонча хотин-қизнинг ҳуқуқини тикладик, фалонча аёлга «Ҳимоя ордери» бердик, шунча оилани сақлаб қолдик», деб ҳисобот тўлдиришимиздан не наф?! Бу фожеалар айнан баландпарвоз ҳисоботларнинг «меваси» эмасмикан? Аслида бу борада етти ўлчаб, бир кесишимиз керак!
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз шуки, бугун аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун курашадиган ўндан ортиқ ташкилот бор. Лекин сони бор, сифати ҳаминқадар бу идораларнинг ўрни ҳар доим ҳам сезилаётгани йўқ. Улар «муҳим тадбир»лару ҳисоботлар билан банд.
Токи жиноят кўчасида адашиб юрган, қотиллик қурбони бўлган аёллар, етим қолган норасидалар сони кескин камаймас экан, шу йўналишда «жавлон» ураётган мутасаддиларнинг хотиржам юришга ҳаққи йўқ!
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
