Мен жон-жонидан алам ўтиб, учи синган ҚАЛАММАН. Қайта йўнилиб тарашлансам-да, кўнглим ўксик. Чунки ҳозирга келиб, бу бевафо дунёда қадрим топтала бошланди.
Ҳолбуки, бир вақтлар одамларга суянч эдим.
Қанчадан-қанча инсонларни хаёлот оламига ошно этиб, илму урфон, шеъру достон ва кашфиётлар сари бошлардим. «Фалончининг қалами ўткир» деган гапларни эшитганимда, қувончдан теримга сиғмай қолардим. Аммо кейин замон ўзгарди. Энди бир пайтлардагидек қалам билан чизилган қошларга таъриф беришга ҳожат ҳам қолмади. Ҳаммаси очиқ-ошкора. Қўл телефони тугмачасини боссангиз бас, яланғоч кўксини диркиллатиб, қуймичини силкиллатиб «живойи» чиқиб келади. Бу ҳолатни кўрган кишининг қўлидаги қалам ҳам, оғзидаги оши ҳам тушиб кетади.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, телефон қулига айланган бир гуруҳ оломон каминадан истеъфога чиқишимни талаб қилишибди. Айтишларича, мен энди ўз ўрнимни телефон ва компьютерларга бўшатиб беришим керак эмиш. Сабаби, мени ушлаганларнинг қўли оғрирмиш…
Бу забони узунлар ўзларига алламбало ном ҳам қўйиб олишибди…
Ҳе, мақомингдан ўргилдим. Сенлардан «Кўзингни очган, саводингни чиқарган ким?» деб сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ. Агар шу номларни мени ушлаб ёзганингда бетингга тупуриб юборган бўлардим. Аммо ҳамманинг ҳам қўлида ўйнайвермайман. Айниқса, сенга ўхшаганларга бизнинг кўчани боши берк.
Тан оламан, мен кўнгли тўғрига ҳам, эгрига ҳам йўлдош бўлиб, турли нарсаларни ёзганман, чунки вазифам шу эди. Аммо туҳмат, бировларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга интилувчиларга йўлдош бўлишдан орланардим.
Яқинда «Ёлғон.уз» каналини ўқиб қолдим. У «Фалончи ташкилот ғирт бекорчи, у ердагилар пашша қўриб ўтиришади» деган муаммони кўтарибди. Ҳов виждонингга ўт тушгур, сен ўзинг кимсан, аъмолинг нима? Илгари сенга ўхшаганларни иғвогар дейишарди. Энди эса… Бирор ҳодисотни билгинг келса, ўша жойга бор ўрган, ичига кир. Ҳар бир гапни далили билан ёз!
Яна youtube деган бир балои азим бор. Тарбиянинг эгови. На тузи, на маза-матрасаси бор. Тунов куни бир шаллақи чиқиб олиб, эл-юртга нафи тегиб юрган инсонни порахўрдан олиб порахўрга, муттаҳамдан олиб муттаҳамга солди. Дунёнинг бедарвозалигини қарангки, қўлингда далилинг борми, деб ҳеч ким сўрамадиям. Уятига-устак, унга ғиж-ғиж имло хатоларига тўла ўнлаб муносабатлар билдирилди. Аксарияти ёшу қарининг кўзи тушадиям демасдан, уятли сўзлар қўшиб битилди. Баъзи кишилар, ҳе йўқ-бе йўқ, яккаш онадан сўкиб ёзди. Уларни ўқиб, «Орамизда тили ҳам, қўли ҳам, дили ҳам чучуклар кўпайиб кетибди» деган хулосага келдим.
Машойихлар «Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади» деб бежиз айтишмаган экан. Бу шоввозлар ўзларини худди янги Америка очгандай тутиб, ҳали мактабга, ҳали муаллимга ёпишади. Газеталарни-ку, кўрарга кўзлари йўқ. Гўёки ҳамма уларнинг куракда турмайдиган ёзувлари-ю, туҳмату иғводан иборат алмойи-жалмойи гапларига муштоқдек, тинмай сайрашади. Уларнинг дастидан халққа холис хизмат қиламан деганларга кун йўқ.
«Сув келтирган хору, кўза синдирган азиз» деганларидек, тили қисиқ айрим амалдорлар уларга хушомад қилгани қилган. Ижтимоий тармоқ «Айни кезларда мажбурий обуна кетяпти» дея кўтарган жанжал баъзиларнинг қулоғига мойдек ёқяпти. Табиийки, эртага кимдир китобдан воз кечиш ғоясини илгари сурса, жон-жон деб қўшиладиганлар ҳам топилади.
Бир мактабда ўқитувчи карра жадвалини телефонга қараб айтиб бераётганини шогирдлари маълум қилишди. Хўш, айни ҳолатда ундан сабоқ олган ўқувчи келажакда ким бўлиб етишади? Энг ачинарлиси, бугунги авлод тобора Интернетга қул бўлиб қолмаяптими? Бу кетишда тарбия нима бўлади?
Мен шу ҳақда кўп ўйладим. Ўзим берган саволларга аниқ ва қатъий жавоб топа олмагач, дунёнинг қизиқ ишларига қўл силтаб, истеъфо беришга қарор қилдим.
Қани, каминани шу ишга мажбур қилганлар менсиз бир яшаб кўрсинлар-чи, нимага эришар эканлар?
Дили ўксик қалам ҳасратларини
оққа кўчирувчи:
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
