Таҳририятдан. “Ishonch” газетасининг 2022 йил 29 сентябрь 118-сонида “Депутатлар маҳкумлар тарафида эмас(ми?)” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақола юзасидан кўпчилик ўз фикр-мулоҳазасини билдирди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиевнинг муносабати ҳам газета саҳифаларида эълон қилинди.
Куни кеча яна бир фуқаро кўтарилган мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини эълон қилишимизни сўради.
Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб
…Ўзимни жа ўқирмон ҳисобламайман. Аммо ҳар замонда газеталарни варақлаб тураман.
Яқинда “Ishonch” газетасида “Мен не дейману қўбизим не дейди…” салавҳали мақолани эринмасдан ўқиб чиқдим. Чунки кўтарилган мавзу менга бегона эмас…
Тўғри, бугун вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар ўртасидаги, умуман, жиноятчиликни камайтириш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу бўйича турли қарору фармонлар қабул қилиниб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари тинимсиз ўтказиб келинаётир. Аммо…
Кошки эди шу билан муаммо барҳам топса… аксинча, статистика (мисол учун: 2021 йилда аёллар ўртасида жиноятчилик 1,7 бараварга кўпайган. 18-30 ёшдаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 2 бараварга кўпайган. Жорий йилнинг етти ойида мазкур кўрсаткич 7,6 фоизга етган.) шуни кўрсатмоқдаки, кундан-кунга, йилдан-йилга жиноятлар сони ва кўлами ортиб бормоқда.
Хўш, нега шундай бўлмоқда?
Чунки, биз ҳақиқатан ҳам, сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашяпмиз. Бу фикрни ўзим мисолимда изоҳласам. Зотан, табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб…
Пойтахтда ўзига тўқ оилада таваллуд топганман. Битта акам ва синглим бор. Отам кўп йиллар катта бир меҳмонхонанинг директори бўлган (афсус, ўн йил олдин оламдан ўтди).
Болалигимда шўх ва ўйинқароқ бўлганман. Кўп ҳолларда дарсни ташлаб чиқиб кетардим.
Албатта, қилмишларим учун ўқитувчимиз устимдан кўп бор ота-онамга шикоят қилган. Аммо ўша вақтда на отам, на онам менга дакки берган…
Умуман, отам бирон марта мени ёнига ўтказиб, нима яхши, нима ёмонлиги ҳақида тушунтириш берганини, тартиб-интизомга чақирганини эслолмайман. Бизга деярли вақт ажратмас, фақат иш билан овора эди. Хуллас, ўзим хон, кўланкам майдон бўлиб вояга етдим. Вақтимнинг кўп қисмини кўчада ўтказардим. Тикувчиликка қизиқишим боис шу соҳани яхши ўзлаштирдим. Бу ишга туғма қобилиятим бор десам, муболаға бўлмайди.
Биринчи сафар. Саёқ юрган кунларимнинг бирида таёқ едим. 19 ёшимда ўғрилик содир этиб, олти йилга ҳукм қилиндим.
Ҳар қандай инсон иккита сабаб – етишмовчилик ёки тўқчиликка шўхлик туфайли жиноятга қўл уради, деб ҳисоблайман. Хусусан, менинг ҳеч нарсадан камчилигим бўлмаган. Тарбиясизлик ва кўнгилхушликка ружу қўйиш шу кўйга солди мени.
Жазо муддатининг тўрт ойини ўтаб бўлгач, ҳукуматимиз томонидан афв этилиб, озодликка чиқдим.
Тахминан бир йиллар чамаси ўзим қизиққан касб – тикувчилик билан шуғулланиб юрдим.
Аммо негадир ҳаётим зерикарли ўтаётгандек, менга нимадир етишмаётгандек туюлаверди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, яна эски “ҳунарим”ни қилдим.
Иккинчи сафар. Бу гал фирибгарликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилдим. Қамоқда уч йилдан ортиқ вақт ўтиргач, муддатидан олдин озод қилиндим.
Халқимизда кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади, деган гап бор. Балки биринчи бор жиноят содир этган вақтимда ён-атрофимдагилар қўллаб-қувватлаганда эди, балки иккинчи бор бу йўлга кирмаган бўлармидим… Лекин биринчи сафар ҳам, иккинчисида ҳам мени на яқинларим, на мутасаддилар тўғри йўлга бошлади… Ваҳоланки, ОАВларда тўғри йўлдан адашганларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак берилди, дея бонг урилади. Амалда эса… на иш топа оласан, на ҳаётга мослаша оласан…
Аслида, ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, аксинча, уни жамият, атроф-муҳит, носоғлом турмуш шароити шу кўйга солади. Мен ҳам ҳалол касб қилиш мақсадида иш ахтардим. Бироқ кўпчилик қамалганимни эшитгач, ишга олишдан бош тортди. Ўзимни кераксиздек ҳис қилдим. Оқибатда…
Учинчи сафар. 2012 йил 166-модда билан ўн йилга озодликдан маҳрум этилдим. Бу гал жазо мудаттини тўлиқ ўтаб, озодликка чиқдим. Тутқунликда ўзим қизиққан соҳа бўйича ўқидим, ўргандим, сертификат олдим.
Озодликка чиқарканман, энди бу йўлга сира қадам босмайман дея ўзимга сўз бердим.
Қарийб ўн тўрт йил умрим қамоқхонада ўтди. Бу айтишга осон. Лекин унинг не чоғли машаққатли эканини тўрт девор орасида кун санаб ўтирганлар жуда яхши ҳис қилишади. Умримнинг энг авж палласини беҳуда ўтказиб юбордим.
Афсус-надомадларим, изтиробларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Биринчи сафар жиноят содир этган вақтимда қатъий жазоланиб, қайта тарбияланганимда балки ҳозир ҳаётим бошқача бўлармиди?
Маҳкумликда менга нисбатан зўравонлик ёки қонун бузилиш ҳолати бўлмаган. Шу боис жазони ижро этиш муасассаларидаги шарт-шароит жуда оғир, маҳкумлар ҳамиша босим остида бўлади, деган гапларга унчалик қўшилмайман. Ҳар ҳолда бошқа мамлакатларнинг жазони ижро этиш муассасалари билан бизникининг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Назиримда, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи мезонлар ҳам ваҳима қилинаётганидек оғир эмас. Ҳар ҳолда амалдаги мезонлар бўйича 10-11 минг нафар маҳкум озод этилаётган ёки жазоси енгилроғига алмаштирилаётган бир пайтда буни оғир дейиш… билмадим, қанчалик тўғри?
Асосий гап. 2022 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга биноан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакетини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу низомга кўра собиқ маҳкумларга тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириши учун маҳаллий бюджет (туман, шаҳар, вилоят) ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида – 9 миллион 200 минг сўм) ажратиш белгиланган. Кўмак олувчилар жазони ўтаб бўлганидан кейин 3 ой муддатда ишчи органга ўз лойиҳасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этиши керак.
Мен ҳам ушбу кўмакдан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлдим. Шу мақсадда туман ИИБга мурожаат қилдим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Туман ҳокимлигидан икки миллион сўм моддий ёрдам берилди, холос. Президент қарорини писанд қилмаётган айрим мутасаддиларнинг бу ишини қандай изоҳлаш мумкин?
Менга биринчи галда ёрдам бериши керак бўлган масъуллардан наф чиқмагач, бир амаллаб ўз номимга ўн миллион сўм миқдорида кредит олиб, тикув машинаси сотиб олдим. Ўзимни мақтамайман, лекин эркаклар либосини тикиш бўйича анча-мунчасини ортда қолдираман.
Айни пайтда тикувчилик билан шуғулланяпман. Очиғи, қамоқхонадан чиққанимдан буён бирор бир мутасадди ҳол сўрагани йўқ. Ўзим билан ўзим овораман. Кимдир бир сафар қўллаб юборса, ўз соҳам бўйича катта ютуқларга эришишимга ишончим комил.
Мақсад жиноятчиликни камайтириш экан, аввало, жиноятчиларга енгиллик бериш ҳақида эмас, уларнинг кейинги тақдири, ҳаётга ижтимоий мослашуви борасида кўпроқ бош қотирсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бугун жазо муддатини ўтаб чиқиб, жамиятда йўлини тополмай юрган шахслар жуда кўп.
P.S: Фуқаронинг шахсий маълумотлари таҳририятда мавжуд.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ ёзиб олди

