Янги Ўзбекистон ички ишлар тизимида маънавий-маърифий янгиланиш

81

  Бугун мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида янгича ёндашувларни қарор топтирмоқда. Ушбу жараён ички ишлар органлари тизимида намоён бўлмоқда. Кейинги ўн йилда соҳада бошқарув ва ташкилий механизмлар қайта кўриб чиқилиб, хизмат фаолиятининг моддий-техник асослари мустаҳкамланди. Шу ўринда, ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эса ходимнинг шахсий фазилатлари ва касбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ички ишлар органлари ходимларда юксак маънавий-ахлоқий мезонларни шакллантириш, касбий маданиятни ошириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилди.  Хусусан, мамлакатимизда 2017 йилда ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда тизимни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси белгиланди. Шу билан бирга, ходимларнинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда уларда юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш алоҳида вазифа сифатида қайд этилди. Мамлакатимизда 2016 — 2026 йиллардаги ўзгаришларни шартли равишда “ислоҳот — тизимлаштириш — институционаллаштириш — рақамлаштириш” босқичлари асосида таҳлил қилиш мумкин.  Юртимизда 2016 йилдан бошланган янги ривожланиш босқичи ички ишлар органларини жамиятдаги ўрни ва ходимларнинг маънавий – маърифий ва касбий – ахлоқий қиёфаси бўйича янги талабларни қўйди. Бу борада, 2017 йил 10 апрелда қабул қилинган ПФ-5005-сон Фармон ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва тизимни профессионал тузилмага айлантиришнинг ҳуқуқий асосларидан бири бўлди. Фармонда профилактика, кадрлар тайёрлаш ва ходимларнинг тарбиявий салоҳияти билан боғлиқ муаммолар очиқ кўрсатилди. Шу билан бирга, 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарор билан эса кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги тизими белгиланди. Мазкур қарорда ёшларда касбий билим билан бирга юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш мақсади белгиланди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, эътиборли рақамлардан бири шуки, 2018-2019 ўқув йилидан ички ишлар вазирлиги Академиясида кундузги таълимга 600 нафар, сиртқи таълимга 200 нафар, касбий тайёргарлик факультетига эса 600 нафаргача қабул квотаси имконияти яратилди. Мазкур биринчи босқичда маънавий тарбияни касбий тайёргарликдан ажратиб қарашдан воз кечилиб, “маънавий етуклик — профессионал хизматнинг таркибий қисми” деган ёндашув қарор топа бошлади. 2018–2020 йилларда  маънавий тарбияни касбий тайёргарлик билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, ушбу йиллар давомида ички ишлар органларида ходимларни тайёрлашнинг мазмуни ўзгариб, амалий кўникмалар, ҳуқуқий билим, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва шахсий масъулиятни оширишга эътибор кучайтирилди. Шу ўринда, 2017 йилги қарор асосида 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, ички ишлар органлари ходимларини масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди. Мазкур ўзгариш эса, ўз навбатида маънавий-маърифий ва касбий таълимни замонавий ахборот технологиялари орқали узлуксиз ривожлантириш имконини берди. 2021 йил ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ривожида алоҳида босқич бўлди.  2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда мамлакатдаги кенг қамровли ислоҳотлар шароитида маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш зарурати қайд этилди.  Ушбу қарор асосида ички ишлар тизимида “Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” жорий қилинди. Ходимларни “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз” ғояси асосида тарбиялаш чоралари белгиланди. Унда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий мақсади ва вазифалари, ҳар бир ҳудудий ички ишлар органида жасорат ва ватанпарварлик ғояларини акс эттирувчи маънавий-маърифий бурчакларни (хоналарни) ташкил этиш, мафкуравий ишларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари, шу жумладан тарбиявий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя ва маданий тадбирлар, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишларини амалга ошириш механизмлари” белгиланган эди.  Концепцияда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг қалби ва онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлаш каби улуғ мақсадлар ўз аксини топган. Мазкур концепция ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, соҳадаги ишларнинг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган. Концепцияда ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган барча ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Шу билан бирга, концепция миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ фаолиятнинг устувор йўналишларини акс эттиради.                                                                     Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилдаги мурожаатида ушбу концепция амалга татбиқ этилиши натижасида ходимларнинг ватанпарварлик руҳи, маънавий дунёқараши ва муомала маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар аҳоли билан ишлаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатгани қайд этилган эди. Албатта, бу ўзгаришнинг муҳим жиҳати шундаки, маънавий-маърифий ишлар, тадбирлар йиғиндисидан узлуксиз тарбиявий механизмга айланди. 2022 йилдан бошлаб ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларда тарихий хотира, миллий қадриятлар, ватанпарварлик, китобхонлик, санъат ва маданият билан боғлиқ тарғибот ишлари мунтазам амалга оширила бошланди. Шу билан бирга тизимда маънавият ва ватанпарварлик ойликлари, китобхонлик, фахрийлар ва авлодлар учрашувлари йўлга қўйилиб, ходимларнинг жамият олдидаги маънавий масъулиятини оширишга эътибор кучайтирилди. Бу жараённинг моҳиятини “ходимни фақат хизмат вазифасига эмас, балки жамият олдидаги маънавий масъулиятига тайёрлаш” тамойили билан ифодалаш мумкин. Соҳада маънавий-маърифий ишлар кадрлар сиёсати билан уйғунлашиб, ходимларнинг ижтимоий-психологик ҳолати ва хизмат интизомини қамраб олган тизимли йўналишга айланди. Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг фаолияти бу жараённинг ташкилий асосини мустаҳкамлади. 2024-2026 йилларда тизимда рақамлаштириш ва янги маънавий-маърифий муҳит анча ўзгарди.  Мазкур ислоҳатлар бугунги кунда замонавий ички ишлар органлари ходимидан нафақат юксак маънавият ва ҳуқуқий билим, балки рақамли саводхонлик ҳамда янги технологиялардан фойдаланишни тақоза этмоқда. 2025 йил апрелда “Маънавият ойлиги” доирасида “Маънавият маршрути”, “Заковат”, театр ҳафталиги, илмий-амалий конференциялар ва “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар ўтказилди. Ушбу ойликни асосий мақсади – ходимларнинг маънавиятини ошириш, ватанпарварликни мустаҳкамлаш ва уларни миллий қадриятларга содиқлик асосида тарбиялашдир. Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс ғоясига ҳамоҳанг бўлиб, жамият тараққиётининг маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қайд этиш жоизки, 2016–2026 йиллардаги ислоҳотлар натижасида маънавий-маърифий ишлар, тарғибот тадбирларидан комплекс ва тизимли тарбия механизмига айланди. Биринчи босқичда асосий эътибор ички ишлар органларини профессионаллаштириш ва ходимларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтиришга эътибор қаратилди.                                                                            2017 йилдан ватанпарварлик ва маънавий етуклик касбий компетенциянинг таркибий қисмига айланди. 2021 йилда бошлаб, маънавий-маърифий ишлар тизимлаштирилди, 2023 йилдан эътиборан эса кадрлар сиёсати билан уйғунлашди. Шу асосда, кейинги 2016–2026 йиллардаги ислоҳотларини қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: “Маънавий тарбия → касбий тайёргарлик → тизимлашув → ходимбай ёндашув → рақамли бошқарув”. Келгусида ички ишлар органларида самарадорликни тадбирлар сони эмас, хизмат интизоми, касбий масъулият, ҳуқуқий онг ва аҳоли ишончи каби мезонлар асосида баҳоланиши белгилаб қўйилди.  Ўтган ўн йиллик давр мобайнида мамлакатимиз ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилиниб, халқ ишончи ва меҳрига сазовор, халқпарвар тизимни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли кўламли ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Жамиятимизда мафкурани харакатлантирувчи асосий куч маънавият бўлиб, уни юксалтиришга хизмат қилиш барчанинг бурчи эканлигини англаш лозим. Шу ўринда, ички ишлар органлари тизимида маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш йўналишлари концепциянинг асосий мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги йўналишларда олиб борилади.     Хусусан: тарбиявий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик фаолият, ижтимоий-ҳуқуқий фаолият ва маданий тадбирлардан иборат.  Концепциянинг тарбиявий ишлар йўналишида олиб бориладиган ишлар, ватанпарварлик, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, оилавий-маиший тарбия ҳамда якка тартибдаги тарбиявий чора-тадбирлардан иборат. Яъни: ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида уларда Ватанга садоқат, касбига нисбатан ғурур ҳиссини шакллантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда шахсий масъулиятни оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўтказиб борилади; ижтимоий-сиёсий тарбия доирасида ходимларга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қонунчилик ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тизимли равишда етказиб борилади ҳамда уларда дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан онгли муносабат ва фаол ҳаётий позиция шакллантирилади; маънавий-маърифий тарбия ўз ичига миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли умр йўлини кенг тарғиб этиш тадбирларини қамраб олиб, хизмат бурчини бажариш бўйича қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтиришга қаратилади; оилавий-маиший тарбия доирасида ходимларнинг оила аъзолари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, улар томонидан ходимларга касбий бурчини бажаришга руҳий кўмаклашишга қаратилган тадбирлар ўтказилади; якка-тартибдаги тарбиявий ишлар ходимларда касб учун зарур бўлган шахсий фазилатларни шакллантиришга, уларни хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этишга йўналтиради. Айниқса, бугунги кунда тарбиявий йўналишдаги тадбирлар замонавий ахборот ва тарғибот технологиялари асосида таъсирчан шаклда ўтказилмоқда.         Маълумки, жамиятда шахснинг шаклланишига турли омиллар таъсир кўрсатади. Атоқли адиб, миллат маърифатини устуни Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ” номли асарида инсонни камол топишида тарбиянинг ролини алоҳида таъкидлаб, “Боланинг саломи ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига — яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур”, дея таъкидлаб ўтади. Миллий ғурур ва Ватан ишқи юксак бўлган инсонгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз лозимки, юртимизнинг қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни яшнатиб турсин. Мухтасар қилиб айтганда, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: “халқимиз Яратгандан, аввало, тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз”, — дея таъкидлагани бежиз эмас.  Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган профессионал ва ижтимоий йўналтирилган тузилмага айлантиришдир. Зеро, юртимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

                                                                       Мусаев Мансур Турсунпўлатович

 Ўзбекистон Республика ИИВ Академияси “Хизмат психологияси ва касбий маданияти” кафедраси профессори, сиёсий фанлари доктор (DSc), профессор,

Алиқулов Ўктам Юсупович

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси Хизмат психологияси ва касбий маданияти кафедраси катта ўқитувчиси, майор.