Тунов куни Сергели йўналишидаги автобуслардан бирига ўтирдим. Бора-боргунча автобус ичидаги реклама мониторида ғашга тегадиган мусиқа садолари остида кийимни қандай тахлаш зарурлиги ўргатиб кетилди. Бу ролик ҳар уч дақиқада айланаверади.
Шунда бир нарса ёдимга тушди. Фашистлар кўплаб қийноқ усулларини ўйлаб топишган. Масалан, «гап» олиш учун маҳбуснинг танҳо ўзини камерага қамаб, бир маромда янграйдиган мусиқани қўйиб қўйишар ёки сувни чакиллатиб томизишар экан. Аввалбошда ёқимли туюлган ҳар қандай товуш ҳам ҳадеб такрорланавергач, асабни эговлай бошлар, одам руҳиятига таъсир кўрсатиб, уни ақлдан озиш даражасига олиб бораркан. Фашистлар асирларни шу тариқа азоблаб ва гаранг қилиб, «гап» олишар экан.
Автобусда битта мусиқанинг такрорланавериши ҳам ишдан чарчаб қайтаётганим боис асабимни қақшатди.
– Шуни ўчириб қўйсангиз бўладими? – деб сўрадим охири ҳайдовчидан.
– Йўқ! Ўчирсам, жазоланаман, – деди у. Ҳайрон бўлганимни сезиб, изоҳ берди. – Сиз бу шовқинга ярим соат ҳам чидай олмадингиз, мен эса кун бўйи автобусни бошқараман. Бир сафар симни узиб, реклама овозини ўчириб қўйгандим, мени жаримага тортиб, уни пломбалаб кетишди. Ўшандан буён қулоғимга наушник тақиб оладиган бўлганман.
Ҳа, ҳайдовчи йўлини топибди, фақат… Бу наушник сабабли у бир маромда такрорланаётган мусиқа каби бошқа сигналларни, айтайлик, бирор ҳалокатнинг олдини олишга чорлайдиган овозларни ҳам эшитмаслиги тайин-ку! Аммо реклама мусиқаси кун бўйи тинимсиз такрорланиб, жиғига тегса, бошқа нима ҳам қилсин?
Мониторда кийим тахлашдан ташқари юртимиз ҳақидаги айрим маълумотлар ҳам ўша мусиқа остида ёзиб кўрсатилади. Ҳолбуки, йўловчилар автобусдан фойдаланишгани учун пул тўлашади. Демак, улар истеъмолчи саналади. Бундай ҳолатда асабни бузадиган қандайдир рекламани зўрлаб тиқиштириш уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқини бузишга кирмайдими? Қолаверса, бунақа рекламалар акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкинлигини масъуллар билишмайдими? Масалан, телевизорда бир қизалоқ бақириб «велона» ширинлигини мақтарди. Шундай чинқирардики, овозини пастлатсанг ҳам, ғашга тегарди (Албатта, бу қизчанинг эмас, режиссёрнинг айби.) Шундан кейин мен «велона»ни умуман олмай қўйдим. Чунки уни кўрсам, ўша чинқириқ қулоғим остида жаранглаётгандай бўлаверарди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат. Минг-минглаб кузатувчига эса машҳур, шунингдек, бошқа бир қатор телеграм каналлари ва сайтларда «Доктор Д» клиникаси врачи «Ёрингизни… хушнуд қилай десангиз…» деб чиқиб келаверади. Бу қип-қизил шармандалик-ку! Ўша канални ўсмир болалар ва ёшлар ҳам кузатишади. Биз-ку, энсамиз қотиб қўл силтаб, ўтказиб юборармиз ҳам, лекин айни балоғат ёшига етган йигит-қизлар «Қани, кўрайлик-чи, ёрнинг кўнгли қандай хушнуд қилинар экан?» деб қизиқишмайди? Ундан ҳам ажабланарлиси, қайсидир телеканалдаги бир сериалнинг айрим қисмлари «Ёшлар ахлоқига таъсир қиляпти» деб айюҳаннос солганлар орасида шу телеграм эгалари ҳам бор эди. Улар учун рекламадан келадиган фойда болалар ахлоқидан азизроқми?
Аслида ўша дорига муҳтож кишилар врачга боришса, ўзи тавсия қилаверади. Шундай экан, нега нозик муносабатлар бу даражада ошкора равишда оммага намойиш қилиниши керак? Энг ачинарлиси, ўша дори рекламасини аёл киши, ҳа-ҳа, ўзбек аёли ҳам ўз канали орқали тарқатибди. Боз устига, айнан шу каналларга исломий ривоятлар, ҳадислар жойлаштирилганига нима дейсиз?
Баъзан ўйланиб қоламан: нега бу каналларда китоблар, масалан, «Фалон ёзувчининг жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга асари таржима қилинди», «Фалончи ўзбек шоири ёки адибининг фалон китоби чоп этилди, сотиб олинг!» деб реклама қилинмайди? Чунки нашриётлар ва ёзувчи-шоирларнинг уларга реклама учун тўлайдиган ортиқча пули йўқ. Бу каналлар «Доктор Д» реклама қилган доридан олган даражада фойда кўришмайди. Аммо китобларнинг жамиятга юз баробар, минг баробар ортиқроқ фойдаси бор. Улар, айниқса, болалар тафаккурини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қани, шу каналлар соҳиблари ростданам ватанпарвар ва жамиятпарвар бўлса, ўзлари нашриёт ё китоб дўконларига бориб, яхши бадиий асарларни болаларимиз учун текинга реклама қилишсин-чи! Аслида китоб савдоси ва нашри билан шуғулланадиганларни ҳақиқий фидойи дейиш мумкин. Чунки китоб тадбиркорлиги билан шуғулланган киши бойиб кетмаса-да, элга илм-маърифат улашади.
Энди бояги доктор рекламасининг тескари таъсири ҳақида. У шундай бўлдики, мен ўша доктор роль ўйнаган кинони томоша қилмай қўйдим. Унинг юзини кўришим биланоқ «Э, кино ҳам расво бўлибди», дея бошқа каналга ўтаман.
Дарвоқе, телеканаллардаги рекламалар тўғрисида ҳам гапиравериб чарчадик. Бир соатлик кинони икки-икки ярим соатда кўриб тугатасиз. Чунки ярмидан кўпи реклама билан ўтади. Бу худди ош ейман, деб чойхонага борсангиз, «Кечирасиз, ошга қўшиб мана бу қалампирни ҳам ейишингиз шарт! Чунки қалампир етиштираётганлар бизнинг ҳомийимиз», деган билан баробардир.
Тушунамиз, телеканаллар реклама ҳисобига кун кўришади. Лекин ҳамма нарса ҳам эви билан бўлиши керак-да. Рекламалар давлат тилида берилиши шарт, десак, инглизча ёки русча матнларни таржима қилишда қовун туширишади. Айтайлик, «Мы открылись» деган гапни ўзбекчада «Биз очилдик!» деб ёзишади. Ахир таржима сўзма-сўз амалга оширилмаслигини, бу гап маъносидан келиб чиқиб, ўзбекчада «Биз иш бошладик» деб ёзилишини билмас экансиз, осмондан келиб русча ёзишингизга бало борми, дегинг келади. Бу гўёки «Сени яхши кўраман (севаман маъносидаги)» деган иборани «Я тебя хорошо вижу» деб таржима қилгандай гап.
Ёки ҳозир ҳамма хусусий телеканалларда кўрсатувлардан-да кўпроқ берилаётган рекламалардан бирига эътибор беринг. Унда чолғу чалиб ўтирган йигитнинг олдига ўртоғи келиб, «Яна шуни ўйнаяпсанми?» деб сўрайди. Тўғри, рус тилида «чалмоқ» сўзи» «играть» деб ифодаланади. «Гитара чалаяпсан» демоқчи бўлсангиз, «Играеш на гитаре» бўлади. Айни дамда «играть» – «ўйнамоқ» (футбол ўйнамоқ – играть в футбол) маъносини ҳам билдиради. Рекламада эса, чолғу чалаётган йигитга «Яна шуни чалаяпсанми?» эмас, «Яна шуни ўйнаяпсанми?» дейилмоқда. Демак, бу ўринда таржимага саводсизларча ёндашилган.
Бунақа далилларни истаганча келтириш мумкин. Эҳтимол, кимгадир булар арзимас гапдай туюлар, лекин жамиятга жуда катта салбий таъсир кўрсатаётгани аниқ. Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун эса, менимча, барча реклама турлари, уларни узатишу намойиш қилиш субъектлари, барчасининг ҳуқуқлари ва ваколатлари хусусидаги қонунларни қайта кўриб чиқиш керак. Бундан ташқари, реклама шунчаки қайсидир маҳсулот турининг тарғиботигина эмас, мафкура воситаси ҳамдир! Масалан, юқорида келтирганимиз мисол – «Доктор Д»нинг аёл ва эркак ўртасидаги нозик муносабатларни тарғиб қилувчи дори воситаси рекламаси биз куюниб гапираётган миллий қадриятларимизга ва миллий ахлоқ меъёрларига зарба «оммавий маданият» таъсиридан қай даражада кам? Ёки мушукларини «кит-кат» билан озиқлантираётган Ғарб «Бизда ҳатто мушуклар мана шундай яшайди» деган ғояни жозибага айлантириб, ёшлар кўзини яшнатмаяптими?
Қайсидир ичимликни тарғиб қилиш мақсадида йигит-қизларнинг жуфт-жуфт бўлиб сайр қилиши-чи? Бу ўринда фақатгина ўша шарбат эмас, балки уни қаерда ва қандай қабул қилиш ҳам тарғиб қилинмаяптими? Ёхуд фарзанд кўриш истагидаги ёшларнинг бошига кап-катта кишилар келиб, карнай-сурнай чалиши-ю, турли қилиқлар орқали «йўл»ини кўрсатишларини қандай тушуниш мумкин? Бу ерда рекламани «миллийлаштираман», деб миллатнинг устидан кулишмаяптими? Ахир бизда келин ҳомиладор бўлса, отаси, қайнотаси, умуман, катталарнинг кўзига кўринишга уялиб, кенг кўйлаклар кийишган. Бу ерда эса «амакилар» қандай қилиб ҳомиладор бўлишни ўргатишяптими? Куёв боланинг ғурури қаерда қолди?!.
Айтаверсак, гап кўп. Менга қолса, тарғибот ва реклама қилиш хусусиятига эга бўлган, яъни низомида шу вазифа ўз ифодасини топган ҳар қандай субъект, у телевидениеми-радиоми, кўчалардаги табло ёки панноларми, ижтимоий тармоқ сайтлари ёки телеграм каналларими – ҳаммасининг зиммасига миллат дунёқарашини юксалтиришга, жамиятни барқарорлаштиришга хизмат қиладиган ижтимоий роликлар яратишни ва мутахассислар кўригидан ўтказилгандан сўнггина намойиш этишни, шунингдек, ҳар бир реклама жамламалари орасида бирорта китобни текинга намойиш этиш вазифасини юклаган бўлардим. Чунки бу ҳар бир тадбиркорнинг жамият олдидаги бурчи саналади. Уларнинг мақсади фақат иқтисодий фойда кўришдан иборат бўлиб қолмаслиги керак.
Хулласи калом, мутасаддилар масаланинг мана шу жиҳатларига ҳам эътибор қаратишлари зарур, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда, реклама тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиш керак. Шунингдек, чет эл маҳсулотлари рекламасининг мафкуравий-ғоявий хусусиятлари ҳам ўрганилиб, ушбу соҳага масъул идоралар ижозат бергандан кейингина тақдим этилишини йўлга қўйиш зарур. Акс ҳолда, улар қайсидир маҳсулот фонида зиддиахлоқий ғояларни тарғиб этиб, жамият ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бинобарин, биз мафкуравий хуружнинг ҳар қандай туридан ҳушёр бўлишимиз шарт!
Шаҳло АҲРОРОВА,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD), республика
Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими,
«Маърифат» тарғибот жамияти аъзоси
