Марк Риз – Вашингтон университетида Марказий Осиёдаги туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили, жадидчилик ва ислом фиқҳи бўйича таълим олган. У 23 йиллик умрини Марказий Осиёда «Тинчлик корпуси» кўнгиллиси бўлишга бағишлаган. Таржимон Термиз, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида болаларга инглиз тилидан дарс берган ва ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларида қатнашган. Айни пайтда АҚШнинг Теннеси штати Нашвил шаҳрида истиқомат қилади. М.Риз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини илк бор инглиз тилига таржима қилди. Таржимон билан электрон манзилда хабарлашиб, унинг юртимизда кечган беш йиллик ҳаёти, ўқитувчилик тажрибалари ва таассуротлари ҳақида сўрадик. Америкадан йўлланган эксклюзив мактубни этиборингизга ҳавола этяпмиз.
– Мен учун «Ўткан кунлар» асарининг даражасини баҳолаш мезони маданияти, тили ёки у яратилган тарихий даврдан қатъи назар, буюк ёзувчи ўз фикрларини бутун башариятга, ҳар биримизга етказиб бера олишидир. Шунинг учун ҳам бу жаҳон адабиёти дейилади. Абдулла Қодирий ва Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб ижодкорлари асарлари шу кунгача дунё адабиёти дурдоналари рўйхатига кирмай келди. Қодирий ана шу маррани босиб ўта олди. Айтишим мумкинки, «Ўткан кунлар» жуда бой ва тугал роман бўлиб, унда Ғарб ўқувчиси учун янгилик бўлган турфа хил анъаналар тасвири, атамалар ва тарихий даврга хос ҳикоялар жуда кўп. Бу эса айни пайтда юз бераётган жараён – Ўзбекистонни дунёга яқиндан танитиш борасида ҳам катта аҳамиятга эга. Таржимон кимнингдир асарини олади-да, уни бошқа халқлар ўқувчилари тушунадиган тилда ифодалайди. Таржима, бу қандайдир фан соҳаси эмас, балки муаллифнинг фикрини етказиб бериш санъатидир. Мен ўқувчиларимиз тушунишлари осонроқ бўлиши учун романдаги муҳим ҳолатлар бўйича 500 га яқин изоҳлар киритдим.
Энг катта ютуғим шуки, Қўқон ва Тошкентда бир неча йил умргузаронлик қилганман. Ана шундай анъаналар ва муайян атамаларни тушунтиришда қийинчиликка дуч келган пайтларимда кўпинча ўзбек дўстларимдан маслаҳат сўрадим ва улар менга ёрдам беришди. Аммо, шуни қайд этишни истардимки, романдаги баъзи ҳолатларни тўлиқ англаб етиш, ҳатто, ўзбеклар учун ҳам мушкул, унда кўтарилган масалалар юзасидан ҳамон баҳслар бўлади.
Қодирий буни жуда яхши тушунган, деб ўйлайман. У шедевр даражасида асар ёзиш баробарида ўз даврининг муаммоларини очиб ташлаш мақсадини ҳам қўйган. Бироқ, таъкидлаш жоизки, бу ёруғ оламда барча инсонларнинг тақдирлари муштарак ва шу боис ҳам Қодирий ўз асари орқали бутун инсониятга мурожаат қилмоқда. Айни пайтда ўзимни ўйлантирган жуда қизиқарли савол ҳам бор. Менга бу роман Уильям Фолкнер ва Жеймс Жойс асарларини эслатади. Ҳар икки ижодкорнинг прозаси жуда бой ва бир ўқишда англаб етиш мураккаб. Бу уч муаллиф тахминан бир пайтда яшаб, янгича ғоялар силсиласида ижод қилган ва айни дамда, асарларида ўтмишга нигоҳ ташлаб, замонасининг қиёфаси билан таққослаганлар. Улар ўз давридаги янгиланишлардан роҳатланган, шуҳратга кўмилганлар ва шу билан бирга, танқидлардан ҳайиқмаганлар. Биз асарни 2019 йил 11 апрель куни – Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишлаб чоп этганмиз. Роман электрон китоб шаклида тақдим этилди.
Қодирийнинг дурдона асаридан сўнг хаёлимга биринчи бўлиб Ойбек қаламига мансуб «Навоий» романи келмоқда. «Мулоқот» деган ном остида ўзбек асарларига қизиқувчи ёш таржимонларни тайёрлаш, янги-янги асарларни кашф этишга хизмат қилувчи расмий маданий дастур ҳам очдик. Бундан мақсад эса бой адабиётингизни ғарб ўқувчисига таништиришдир.
Ростини айтсам, бошида ҳам ўқувчилар, ҳам ўқитувчилардан бироз чўчиганман. Ўтган асрнинг 90-йиллари оғир даврлар эди. Бироқ ўзбекистонлик ўқувчилар тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги билан мени ҳайратга солган. 2017 йил декабрда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ташкил этилган маросимда қатнашдим ва энди улғайиб 30 ёшларга кирган, турли университетларни тамомлаб, Ватани ривожи йўлида меҳнат қилаётган ана шу авлодни кўрдим. Турли дастурларни рўёбга чиқараётган, директор, ҳуқуқшунос, шифокор, журналист бўлиб етишган бу ёшларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Аммо ўқитувчиларингиз ҳақида гапирмасам бўлмас. Ўзбекистонда ишлаган давримда тажриба алмашиш икки томонлама бўлганди. Аслини олганда, ўзим ўргатганимдан кўра, улардан ўрганган жиҳатларим кўпроқ. Мен билан бирга ишлаган ўқитувчиларнинг барини ҳақиқий қаҳрамон деб атаган бўлардим.
Ҳозирги кунда шахсан мен яшайдиган штатда ўқитувчиларнинг маошини ошириш юзасидан касаба уюшмалари иштирокида мунозаралар бошланган. Бизда ўқитувчига яхши ойлик тўлаш, ишлайдиган талабаларнинг контракт пулидан кечиш, солиқ бўйича имтиёзлар бериш амалиёти мавжуд. Ҳамма штатларда бу имтиёзлар ҳар хил ва бутун мамлакат миқёсида бундай енгилликлар бериш масаласи энди кўтариб чиқилмоқда. Мен жамият унинг аъзолари қай даражада маданиятли бўлса, шу даражада яхшидир, деган қараш тарафдориман. Ҳозир Америкада таълим ислоҳотлари ҳукуматга боғлиқ. Дейлик, қизлар STEM (кимё, технология, муҳандислик, математика) фанларини кўпроқ ўргана бошлаганида бу ўзгаришлар кўзга ташланади. Америка Денгиз академиясида ишлаган кезларимни айтмаса, кўп жиҳатдан, Ўзбекистонда мен Америкада шу пайтгача кўрганимдан кўра кўпроқ ҳурмат-эътиборни ҳис этдим.
Қўқондаги ҳаёт менинг тафаккуримни бутунлай ўзгартириб юборди. Меҳмондўстлик, хушмуомалалик, таомни, айниқса, нонни исроф қилмаслик тушунчаларини кашф қилдим. Инсон ҳаётида Худонинг ўрни нақадар муҳим эканини англаб етдим. Ҳайит байрамида Қўқондаги жамоат намозида қатнашганим жуда катта таассурот қолдирган. Афғон фожиасидан қаттиқ изтиробни ҳис қилдим. Мен уруш ва унинг оқибатларини ҳеч қачон кўрмагандим. Бирмунча вақт аввал тўнғич фарзандимиз – Дэвиддан айрилиб қолдик. Яна бир ўғлимиз бор – Майкл. Шундан буён унга имкони борича кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан, аммо марҳум фарзандим касалликка йўлиққанда нақадар кучли ирода кўрсатгани ҳақида доимо эслайман. Бу хотиралар мени дунёдаги энг яхши ота бўлишга, унинг хотираси учун муносиб инсон сифатида яшашга чорлайди. Бу ҳозир мен киришган таржимонлик дастурини амалга оширишда ҳам кучли мотивациядир. Чунончи, романда Отабек Кумушни йўқотган вазиятда мен бу қайтариб бўлмас йўқотиш ҳиссини тўлиқ қалбимдан ўтказдим. Бу Абдулла Қодирий ўз асари орқали менга юзланаётгандек туюлган юзлаб лаҳзалардан бири эди. Майкл китоблар ичида улғаймоқда. У ўқишдан уйга келгач, ўзим китоб ўқиб бераман. У китобларни севади, отасининг китоб ўқиётганини кўриб, ўзида ҳам шу ишни қилиш истаги туғилади. Айтмоқчи бўлганим, фарзандингиз китоб ўқишини хоҳлайсизми, аввало, уларга ўзингиз намуна бўлишингиз шарт.
Менга «Сократ» методи кўпроқ маъқул келади. Ўқувчилар берилган материални ўрганиш ва мутолаа қилиш билан машғул бўлади. Дарсни, одатда, 5 дақиқалик кириш маърузаси билан бошлайман ва мавзунинг энг муҳим маълумотларини тушунтираман. Шундан сўнг улар жавоб бериши лозим бўлган бир қанча саволлар бераман. Бу методнинг моҳияти шундаки, ўқитувчи саҳнадаги донишманд образида эмас, четдаги йўналтирувчи сифатида гавдаланиши лозим. Қолаверса, ёзиш қобилиятини оширишга хизмат қилувчи машқлардан жуда фаол фойдаланаман.
Ўзбекистонда 5 йил яшадим ва бутун мамлакатни айланиб чиққанман. У ерни жуда севаман. Ўзбеклар билан мулоқотда бўлган ёки Ўзбекистонда бўлган кўплаб дўстларим ҳам айнан шу фикрни билдирадилар. Ўзим Аризонада туғилганман ва жанубликларга хос чўрткесар характерга эгаман. Бошида ўзимни бундай тутишим маданиятли ва андишали халқингиз билан мулоқотларимда баъзи ноқулайликлар туғдирган. Ўзбеклардек аждодлар меросини асраб-авайлашга бўлган интилишни ҳамма халқларда ҳам кўрмайсиз. Яна биз бугун яшаётган кунимиз ана шу мероснинг бир қисми эканини ҳам англаб етишимиз керак. Сиз бугунги қилаётган ишингиз билан келажак авлодларга шундай мерос қолдирасиз. Нима демоқчиман? Темурийлар сизларга шундай буюк маданий-маънавий мерос қолдирган бўлса-да, сиз ҳам ўз умрингиздан авлодлар эслайдиган ана шундай нимадир қолдиришга интилинг. Бу шарафли ишларда сизга зафарлар тилайман! «Ishonch» газетаси ўқувчиларига, умуман, Ўзбекистондаги барча зиёлиларга ўз саломимни ва энг эзгу тилакларимни йўллайман!
Шоира БОЙМУРОДОВА
ёзиб олди
