Кадастр ҳужжатлари йўқ 2,6 миллионта хонадоннинг электрон базаси шакллантирилди. Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
– Президентимизнинг қатъий топшириқлари асосида Кадастр агентлиги томонидан ҳужжати йўқ хонадонларнинг электрон базаси шакллантирилиб, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, – дейди Давлат кадастрлари бошқармаси бошлиғи Нозир Латипов. – Айни пайтда ҳужжат тегишли вазирлик ва идоралар билан кўриб чиқиш жараёнида ва у тез фурсатларда қабул қилиниб, аммалиётга тадбиқ этилади.
Ҳужжат амалиётда ўз аксини топгач, ҳужжати йўқ уй-жойлар тегишли бандлар асосида давлат рўйхатидан ўтказилиб, эгалик ҳуқуқи тасдиқланади.
Ўрни келганда шуни алоҳида айтиш керак: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 461-сонли қарори асосида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш учун бир мартали акция эълон қилинган эди. Унга кўра кўплаб хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, эгалик ҳуқуқи берилди. Аммо ҳудудий комиссиялар томонидан ижобий хулоса берилган ва белгиланган тўлов асосида давлат рўйхатидан ўтказилган айрим уй-жойларга ҳоким қарори чиқмаган ва уларга кадастр ҳужжатлари берилмаган. Янги тартибга биноан шу масала ҳам ортиқча тўловларсиз ижобий ҳал этилади.

