Сўнгги ойларда дунёда кузатилаётган коронавирус пандемиясининг янги тўлқини аксарият мамлакатларда касалланишлар сони ўсишига сабаб бўляпти. Мутахассислар буни СOVID-19 жадал суръатларда мутацияга учраётгани билан изоҳламоқда. Оқибатда жаҳон бўйлаб «омикрон»нинг янги версиялари кенг тарқаляпти.
Дунёда қайси мутациялар кенг тарқаляпти?
Ҳозирга қадар мазкур штаммнинг B.1.1.529, BA.1, BA.2, BA.3, BA.4, BA.5 каби қатор субвариантлари маълум. Улар инсон организмининг гуморал иммунитетини четлаб ўтиш хусусиятига эгалиги ҳамда юқумлилик даражаси юқорилиги билан анчайин хавфлидир.
Хусусан, BA.5 варианти шу йилнинг апрелида дастлаб Африка минтақаси, июнь-июль ойларида эса АҚШ ва Европа, кейинроқ Россияда доминантга айланди. Олимлар унинг юқиш даражасини ўта юқори деб ҳисоблаётир.
Тўғри, ушбу версия беморларда «дельта» штаммига нисбатан енгил кечмоқда, асоратлари ҳам бирмунча кам. Аммо унинг тарқалиш шиддати баланд ва қамрови кенг.
Айни шу омиллар туфайли Ер юзида эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Пандемия давридаги касалланишлар сони бўйича АҚШ (101,3 млн.), Ҳиндистон (44,6 млн.), Франция (38,5 млн.), Германия (36,7 млн.), Бразилия (35,6 млн), Жанубий Корея (27,7 млн.), Япония (26,0 млн.), Италия (24,7 млн.), Буюк Британия (24,0 млн.) ва Россия (21,6 млн.) энг етакчи 10 та давлат бўлиб турибди.
Ҳозир ушбу мамлакатларда «омикрон» штаммининг асосан ВА.4 ва ВА.5 субвариантлари доминантлик қилмоқда.
Ўзбекистонда «омикрон»нинг ВА.5 варианти доминант версияга айланди
Юртимизда ноябрь ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли даражада ортмоқда. Ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, COVID-19нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишини тезлаштиряпти.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда «омикрон»нинг қайси субварианти доминант версияга айланганини аниқлаш мақсадида яқинда Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган беморлардан тиббий намуналар олинди.
Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди. Натижада барча беморлар «омикрон» штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлди.
BA.5 субвариантининг аввалги мутациялардан фарқи нимада?
Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти. Унинг асосий белгилари сифатида томоқ оғриғи, тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши, бош ва мушакларда кучли оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, конъюктивит (10 фоиз ҳолатда), ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда), отит (10 фоиз ҳолатда), диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.
Шунингдек, кучли ва хуружли йўтал, баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.
Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30-40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда, – дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. – Бундай беморларнинг аксарияти уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган юртдошларимиздир.
Касаллик болалар ва ҳомиладорларда қандай белгилар билан намоён бўлмоқда?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг ёз ойларида мамлакатимиз ҳудудида «омикрон» штаммининг ВА.2 версияси етакчилик қилганди. Айни пайтга келиб эса беморларнинг қарийб барчасида ВА.5 субварианти аниқланмоқда.
– Ўн саккиз ёшгача бўлган аҳоли қатлами ҳамда ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими нисбатан суст бўлади, – дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова. – Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори.
Хасталик белгиларига келсак, ВА.5 субварианти аломатлари аввалги ВА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечмоқда. Жумладан, болалар ва ҳомиладор аёлларда тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, қолаверса, 3-5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструкция (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти.
Шунингдек, муддатига етган, учинчи 3 ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддат) хасталик чоғида ҳомила сувининг сезиларли миқдорда камайиши ва лойқаланиши юзага келади. Бу эса ҳомиланинг димиқишига олиб келмоқда.
Бундай аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ безовта қиляпти.
Қолаверса, фон касалликлари бор беморлар, масалан, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.
Эътиборли жиҳати, ушбу муддатдаги ҳомиладорларда касаллик енгил кечиб, ўпка тўқимасининг зарарланиши деярли кузатилаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳомиласи 30 ҳафталикдан ошган опа-сингилларимизга стационар шароитда даволанишни тавсия этамиз.
Ҳомиладорликнинг биринчи ва иккинчи 3 ойлигидаги беморлар эса қатъий равишда ҳудудий оилавий поликлиникалар назоратида бўлиб, тегишли муолажаларни олишлари шарт.
Беморлар уй шароитида қандай даволанишлари керак?
Мутахассисларимизнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда коронавирус ташхиси билан рўйхатга олинаётган беморларда касаллик аввалги штаммларга нисбатан бирмунча енгил ўтмоқда.
– Бундай юртдошларимиздан бир қисми уй шароитида даво муолажаларини олишлари мумкин, – дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. – Фақат амбулатор тарзда даволанувчи аҳоли қатлами ҳудудий оилавий поликлиникаларда оилавий шифокор ҳамда ЛОР мутахассис назоратида бўлишлари шарт.
Одатда бундай беморларга кўпроқ суюқлик ичиш (суткасига 4-5 литр ҳажмда), томоқни тез-тез махсус антисептик воситалар билан чайиш, вирусга қарши ва антиоксидант дорилар ҳамда Д ва С витаминлари, Цинк препаратларини қабул қилиш, уй шароитида изоляция ва чекловчи тартибга риоя этиш, тиббий ниқобдан фойдаланиш тавсия этилади.
Аммо антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дори воситаларидан мақсадсиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланмаслик керак.
Вирусдан қандай ҳимояланиш лозим?
Аввало, барча аҳоли қатлами коронавирусга қарши бустер доза билан эмланиши даркор. Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, хусусан, қўлларни яхшилаб ювиш, махсус антисептик воситалардан фойдаланиш, томоқ ва бурунни тез-тез чайиш талаб этилади. Ёпиқ бинолар ва жамоат жойларида тиббий ниқобдан фойдаланиш зарур.
Касалликнинг илк аломатлари ёки ЎРВИ белгилари намоён бўлиши билан атрофдагилар билан мулоқотни чеклаш ҳамда ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиш керак.
Аслиддин БЎРИЕВ,
журналист



