1990 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси Барча меҳнаткаш мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилди. 2000 йилда эса 18 декабрь Халқаро мигрантлар куни деб белгиланди.
Албатта, бу бошқа муҳим саналар каби ўйин-кулги билан нишонланадиган кун ёки байрам эмас. Ўша куни тегишли ташкилотлар, экспертлар асосий эътиборни халқаро миқёсдаги аҳвол таҳлилига қаратиб, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини илгари сурадилар. Жумладан, БМТ ҳам мавжуд вазиятни холис баҳолаб, муаммоли ҳолатлар бўйича хулосаларини билдиради. Асосий эътиборни меҳнат миграциясини тартибга солишга, одамларни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратади.
БМТ таҳлилига кўра, сўнгги вақтларда оламда кузатилаётган турли можаролар, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва ишончсизлик, иқлим ўзгариши оқибатлари мамлакатлар ичида ҳамда чегаралар орқали мажбурий кўчишларга асосий сабаб бўлмоқда. Масалан, 2021 йил охирига келиб 59 миллиондан ортиқ киши ички ҳудуд бўйлаб ўз манзилини ўзгартирган. Жаҳон миқёсида эса тахминан 281 миллиондан зиёд одам халқаро мигрант сифатида қайд этилган. Бугунги кўрсаткичлар ҳам деярли шунча.
Одамларни кўчиб ўтишга мажбур қиладиган омиллардан қатъи назар, мигрантларга жамиятдаги заиф қатлам вакилларидан бири сифатида қаралади. Улар кўпинча эксплуатацияга дучор бўлишади, асосий хизматлар, жумладан, соғлиқни сақлаш хизматидан тўлақонли фойдалана олишмайди. Меҳнат мигрантлари асосан вақтинчалик, норасмий ёки ҳимояланмаган шароитларда ишлашади. Бу эса уларнинг фаолияти ва ҳаёти билан боғлиқ олдиндан айтиб бўлмайдиган турли кўнгилсизликларни кўпайтиради.
Шунингдек, хавфсиз ва доимий миграция йўллари йўқлиги туфайли ҳар йили миллионлаб одамлар хатарли йўналишлар бўйлаб сафарга чиқишда давом этмоқда. Бу аксарият ҳолларда аянчли якун топмоқда. Масалан, 2014 йилдан буён жаҳон бўйлаб миграция маршрутларида 50 мингдан ортиқ киши вафот этди. Ҳолбуки улар янги ҳаёт илинжида йўлга чиққан, ортида оиласи, яқинлари умид билан кўз тикиб қолган эди-ку! Якунига етмаган сафар эса ана шу орзу-умидлар ўрнини қайғу эгаллашига олиб келган. Халқаро ташкилотларни ўйлантираётган масалалар эса жуда кўп. Биринчидан, ҳаммаси қонуний асосда бўлишига эришиш лозим. Қолаверса, ҳукуматлар мигрантларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўришлари зарур. Лекин амалда бунга амал қилмайдиган давлатлар ҳам афсуски, оз эмас.
БМТ экспертларининг урғу беришича, аслида мигрантлар ўз мамлакати, транзит ва қабул қилувчи давлатлар учун фаровонлик, инновациялар ва барқарор ривожланиш манбаи бўлиши мумкин. Негаки, пул ўтказмалари, айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда оилаларни моддий таъминлаш ва маҳаллий бозорларни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади. Мигрантларнинг меҳнат бозоридаги роли ҳам беқиёс. Шундай экан, уларнинг ривожланишга барқарор ҳисса қўшишини таъминлаш миграция бошқарувини такомиллаштиришни ва мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этишни тақозо этади.
Таъкидлаш жоизки, дунёда ишсизликни тўлиқ бартараф этган давлат йўқ. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлашга боғлиқ муаммолар мавжуд. Фақат ишсизлик кўрсаткичи ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан тафовутлар турлича.
Ўзбекистонда ҳам бандлик масаласи долзарб саналади. Лекин давлат аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликни ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш каби тизимли чора-тадбирлар орқали бунга ижобий ечим топишга интилмоқда. Қолаверса, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларга жуда катта имкониятлар яратилмоқда.
Кўпчилик яхши билади, ишсиз фуқароларимизнинг аксарияти яқин-яқингача чет элда меҳнат қилиш учун турли йўллар билан чиқиб кетар, бировнинг ваъдасига ишониб алданарди, борган жойида паспортини олдирарди, ётиш-туриши, юриши ва еб-ичишининг тайини бўлмасди. Бошқача айтганда, одам савдоси қурбонига айланарди. Бундан ташқари, айрим юртдошларимиз қайси давлатга бораётганини билса-да, у ердаги умумий тартиб-қоидалардан, ўша мамлакат тилидан мутлақо бехабар бўларди. Шунга қарамай, ёлғон-яшиқ гапларга учиб кетаверарди. Таваккалчилик эса кўпчилигининг бошига етгани ҳам бор гап. Масалан, иш берувчилар алдаган, эзиб ишлатиб, пулини бермаган, касал бўлиб қолса, одаммисан демаган ёки кўпроқ ишласа, қўшимча ҳақ тўламаган. Оқибатда пул топаман, деб кетган одам отнинг калласидек қарзга ботиб қайтарди.
Биз бу билан ишлашга борганларни ёмонламоқчи эмасмиз. Чунки улар даромад топаман, оилавий ҳаётимни изга соламан деб шунга мажбур бўлишган. Асосий масала давлатнинг ўз фуқароларига эга чиқиши, уларни ҳимоя қилиши ва қўллаб-қувватлашида. Биз янги ислоҳотлар даврида тарихимизда биринчи марта ушбу масалага Президент томонидан эътибор қаратилиб, амалда катта ижобий қадамлар ташланганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Натижада хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш кучайди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги Фармони билан бир қатор имкониятлар яратилди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. 2020 йил 17 августда эса чет элда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз ўша йили 15 сентябрда имзолаган қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилиб, чет элга ишга бормоқчи бўлган фуқаролар учун янги механизм яратилди. Унга биноан хорижда ишламоқчи бўлганларни касбий ва тил бўйича тайёрлаш амалга оширилмоқда. Меҳнат мигрантларига хорижда ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида алоҳида жамғарма тузилди. Қатор давлатларда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликлар фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Бош консулликлари ҳузурида Меҳнат миграцияси масалалари бўйича лавозим жорий этилди.
Табиийки, юртимизга қайтган меҳнат мигрантларининг қайта мослашувига ҳам кўмаклашилмоқда. Ижтимоий аҳволи ночорларига квоталанган иш ўринлари назарда тутилган. Қайтиб келганларнинг бандлигига кўмаклашиш учун субсидия ва грантлар шаклида молиявий ёрдам бериш хизмати йўлга қўйилган. Бу масала 2022 йилда ҳам алоҳида эътиборда бўлди. Хусусан, 1 март куни Президентимизнинг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Яқинда Тошкентда меҳнат миграцияси бўйича ташкиллаштирилган халқаро форумда мамлакатимизнинг бу борадаги ютуқлари Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ва халқаро экспертлар томонидан эътироф этилди. Охирги уч йил ичида миграция географиясини кенгайтириш орқали хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни дунёнинг ривожланган давлатларига ишга жалб қилиш кўлами кенгайгани алоҳида таъкидланди. Ҳозирги кунда 30 дан ортиқ давлатнинг 480 тага яқин ташкилоти билан бу борада келишув имзолангани, 2021 – 2022 йилларда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилиниши натижасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларни республика бўйлаб 17 та «Ишга марҳамат» мономаркази ҳамда 150 дан ортиқ касб-ҳунарга ўқитиш марказида 30 га яқин касбга, 10 га яқин чет тилига ўқитиш орқали назарий ва амалий тажриба тўплангани мамнуният ила тилга олинди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Энг муҳими, «Инсон қадри учун» деган ҳаётий тамойил бу борада ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Давлат фуқаролари учун қайғуряпти, уларни қўллаб-қувватлаяпти. Бу ҳозирча дастлабки қадамлар. Ишончимиз комилки, яратилган тизим яна янги имкониятлар эшиги очилишига хизмат қилаверади.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист
