Ақлли Месси зўрми ёки арзанда Марадона?

62

Бугун ҳамма Аргентина терма жамоасининг қандай қилиб жаҳон чемпиони бўлгани ҳақида гапирмоқда. Бу аслида «Қатар – 2022»нинг муҳим воқеаси эмас. Футбол бошландими, демак, кимдир ғолиб чиқиши бор гап.

Менимча, 22-жаҳон чемпионатида Лионел Мессининг чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиши дунё футболи учун узоқ кутилган ва мегаюлдуз Криштиан Роналду истамаган иш бўлди. Чунки Месси бугунга қадар тўрт бор жаҳон чемпионатининг финал қисмида қатнашиб, бирор марта чемпион бўлолмаган эди. Ниҳоят, бешинчи уринишда буни уддалади. Бирйўла олтин тўпга ҳам эга чиқди шоввоз. Шу пайтгача ­дунёнинг забардаст футболчилари орасида биргина Криштиан Роналду (клублар мисолида) Мессига тенглашиш ва баъзи жабҳаларда уни ортда қолдира олиш имкониятига эга бўлиб турганди. Барибир, иккита қўчқорнинг боши битта қозонда қайнамади, Месси Роналду чиқолмайдиган чўққини забт этди.
Дарвоқе, футбол ишқибозлари икки аср ичида жами 22 та жаҳон чемпионати ўйинларини мириқиб кузатишди. Бу давр оралиғида бир неча юзлаб футбол юлдузлари бир-бирини ёндириб, сўндирдилар. Аммо қалбимизда Марадонанинг беқиёс ўйинлари туфайли ёнган аланга ҳали-ҳамон ўчадиганга ўхшамайди. Ҳаттоки Месси ҳам буни эплай олмайди чоғи.
Ҳолбуки Мессининг совринлари Марадонаникидан беш-олти марта кўпайиб кетди. Уларнинг қаторига жаҳон чемпионлиги ҳам қўшилди. Шундай бўлса-да, айтиш мумкинки, Мессидан Марадонагача ҳали жуда узоқ йўл бор. Бу йўлни дон Диего созлаб, ўзига мослаб кетган. Ундан юришнинг ҳамма ҳам уддасидан чиқавермайди.
Табиийки, Месси футбол майдонида ашаддий ишқибозлар кўзига камтар бўлиб кўринади. Марадонани эса кўпчилик худбин, ўжар, қайт­мас ва аҳмоқ, деб ўйлайди. Бу баайни ҳақиқатдир. Санъатда, адабиётда, спорт ва сиёсатда шундай одамлар борки, баъзида уларга инсон қалбини жароҳатлайдиган, ҳаётга нисбатан муҳаб­батни сусайтирадиган ёқимсиз қилиқлар ҳам ярашади. Нима қилмасин, биз уларни кечириб юбораверамиз, ихлосимизни қайтаргимиз келмайди. Марадона шундай замондош­ларимиз орасидаги энг арзандаси эди. У вақтида анча дуруст футбол ўйнади, яхши пул топди. Ичиш, чекиш, маишат, ур-йиқит, қимор, гиёҳвандликни канда қилмади. Кези келганда, Рим папаси тилла қошиқда кунига уч маҳал овқатланиш баробарида дунёдаги оч қолаётган болаларга мурувват кўрсатиш лозимлиги ҳақида ўйлашни ўтакетган бемаънилик, дея кескин қоралади. Марадона Кубани футболдан ташқарида бижғиб кетган негиристон, дея камситиб, ўзи шу мамлакат президенти паноҳида гиёҳвандликдан даволанди. ФИФАнинг собиқ президентларини қаллобга чиқариб ўзи ҳар гал допинг можароларидан сўнг шу «қаллоблар»дан йиллар давомида мурувват кутиб яшади.
Бундай ҳаёт тарзи фақат Марадонага хос ва фақат унинг ўзига ярашар эди. У худди шу характери билан буюк футболчи ҳамда ватанпарвар одам бўлиб шаклланди. Кутилмаганда ўтга, сувга, судга тушди ҳамки ўзлигини инкор қилишга, ўзини ўзгартиришга чоғланмади, билганидан қолмади. Шунинг учун ҳам унга ҳавас қиладиганлар жуда кўп.
Месси эса, камтар, зарарли одатлардан анча холи шахс. Марадонаникидек ўта хавфли ва шов-шувли ҳаёт унинг жинига тўғри келмайди. Агар дон Диегонинг ортидан борганда илгариги оддий Месси ҳозирги номдор Мессига айлана олмасди. Аксинча, арзанда дон Мессининг йўлини танлаганда жаҳон чемпионлигини тушида ҳам кўролмасди.
Икки буюк шахс ҳақида гап кетганда, футбол ишқибозларининг аксарияти ҳозирги Мессининг шуҳрати ўтмишдаги Марадонанинг обрўсига соя ташлаб қолишидан хавотирланадилар. Ушбу хавотирларда, албатта, буюк ва эркатой Марадонага аталган чексиз меҳр-муҳаббат бўй кўрсатиб туради.
Мана, 22-жаҳон чемпионати тугади. У боқий Марадонага руҳ хотиржамлигини, буюк Мессига чемпионликни берди. Бошқаларга-чи? Бизга-чи? Менимча, чемпионат давомида қайд этилган натижалар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Буни ҳамма бирдек кузатиб борди. Баъзан кимнингдир эҳтироси жўшди, кимларгадир алам қиларли натижалар қайд этилди. Тўғриси, «Қатар – 2022» чаққоноёқ Роналдуни сафдан чиқарди. Бунга Португалия терма жамоасининг устози ҳам мегаюлдузни захирада қолдириб, керагидан ортиқ ҳисса қўшиб юборди. Зарда қилди шекилли, Роналду катта ва зўр футболдан сал ортга чекиниб, араб жамоаларидан бирининг пулига учди. Роҳатини ўйлади. Жаҳон чемпионлигидан умидини узди. Марокаш терма жамоасининг таҳликали юриши Мбаппе (бугунги Франция тимсоли)га футбол бир кишининг эмас, кўпчиликнинг иши эканлигини тушунтириб қўйди. Билъакс, 23 ёшли Мбаппе ва бошқа юлдузчалар учун машҳурликка кенг йўл очилди. Уларга соя ташлайдиган иккита катта «чинор» (Месси ва Роналду) четга чиқди ҳисоби.
Гарчи Аргентина терма жамоаси чемпионликни нишонлаган бўлса-да, мен мухлис сифатида Франция футбол мутахассисларига қойил қолдим. Фаранглар кумуш медални қўлга киритганидан қатъи назар бош мураббий Диде Дешам дарҳол истеъфо берди. Мамлакат Президенти Эммануэль Макроннинг финалдан сўнг майдонга тушиб келиши ва футболчиларга далда бериши ҳам Дешамни фикридан қайтара олмади.
Алқисса, Макрон мамлакат жамоасининг бу галги натижасидан ҳам қониққан кўринади. Мураббийнинг эса асло кўнгли тўлмади. Демак, собиқ жаҳон чемпионлари, яъни фаранг­лар катта мақсад билан Қатарга келишган. Уларнинг сафига Марокаш, Хорватия, Нидерландия, Австралияни ҳам бемалол қўшиш мумкин.
Қанийди, бизникилар бу чемпионатдан тегишли хулоса чиқариб олсалар…
Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин Роналду «Бразилияликларнинг аксарияти португал тилида гаплашгани учун ҳам улар беш марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритишган», деганди. Чемпионатдан сўнг «Таркибида турли миллат вакиллари бўлгани учун ҳам французлар олтин медални бой беришди», дея иддао қилди.
Бу ёмон гап ёки нотўғри фикр эмаслигини инобатга оладиган бўлсак, бизнинг терма жамоамиз ҳам жаҳон чемпионатига бироз яқин келган кўринади. Фақат имкониятлардан унумли ва виж­донан фойдаланишни йўлга қўйсак, бас, 2026 йили Мексикада бўладиган жаҳон чемпионатининг 48 қатнашчиси сафига қўшилишимизга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Терма жамоамиз Мексикага борадиган бўлса, мен бугун ақлли Месси билан «аҳмоқ» Марадонани ўзаро қиёслаганимдек, «Новча Шомуродов зўрми ёки ғинти Эмбаппе?» дея мириқиб ёзардим. Ҳозирча «Қатар – 2022» менга шундай орзуни берганидан хурсандман.

Нормурод МУСОМОВ
«ISHONCH»