Сўзлашга ҳамманинг ҳаққи бор, аммо…

54

Сўнгги пайтларда баъзи оммавий ахборот воситаларида, хусусан, ижтимоий тармоқларда давлат органлари мансабдор шахслари қатори суд ҳокимияти субъектлари бўлмиш судьяларга нисбатан ҳам нотўғри муносабатда бўлиш, яъни уларни асоссиз айблаш, қадр-қиммати ва шаънига салбий таъсир қиладиган чиқишлар кўпайди.

Тўғри, ҳар соҳада ҳам объектив, ҳам субъектив ­сабабларга кўра камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланиши мумкин. Лекин бу ҳеч кимга хоҳлаган одамни, хоҳлаган амалдорни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермайди.
Хусусан, Бош қомусимизнинг 48-моддасида «Фуқаролар ­Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар» дейилган.
«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 68-моддасида судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган. Яъни фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг ­мустақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган.
Жиноят кодексининг 140-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин яна содир этилса, базавий ҳисоб­лаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин дейилган.
Мухтасар айтганда, юқоридаги қонун нормаларини кимнидир қўрқитиш учун эмас, балки тарбиявий нуқтаи назардан, ҳар хил нохушликларнинг олдини олиш мақсадида, фуқароларимизни ўз фикр-мулоҳазаларини ўзаро ҳурмат асосида билдиришга даъват этган ҳолда келтирдим. Зеро, биз қонун устувор бўлган жамият қур­япмиз. Бу жамиятда ҳар бир хатти-ҳаракат, ҳатто сўз эркинлиги ҳам қонун доирасидан четга чиқмаслиги лозим.

Убайдулла МИНГБОЕВ,
Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист