Бу дунёда эзгу фазилатлари, ҳалол ва самарали меҳнатлари, амалга оширган хайрли ишлари билан бошқаларга, айниқса, ёшларга ибрат бўлган инсонлар кўп. Улардан бири заҳматкаш олим – иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Пардаевич Умурзоқов эди…
Мен олий ўқув юртини битириб, меҳнат фаолиятимни эндигина бошлаган кезларим хизмат юзасидан Ўктам акага учрашиб, яқиндан танишганман. Бора-бора унинг қадрдон дўстлари ва шогирдлари билан мулоқотларига гувоҳ бўла бошлаганман. Кейинчалик Жиззах вилоятининг Арнасой тумани газетасида мухбирлик қилганим боис Ўктам ака мени ўзига янада яқин олиб, «арнасойлик укам» дейдиган бўлди. Ҳар сафар учрашганимизда у акаси Илҳом Умурзоқов Арнасойда, волидаи муҳтарамаси Хосият опа эса Зомин тумани матбуот бирлашмаси ва маҳаллий газетасида ишлаганини завқ билан тилга олар, ижодкор ва журналистларга, адабиёт ва санъатга меҳр-муҳаббати беқиёслигини бот-бот такрорларди.
Домла, айниқса, академиклар Оқил Салимов, Саъдулла Искандаров, фан докторлари Абдураҳмон Ражабов, Садриддин Туробжонов, Баҳодир Мирзаев, профессор Муҳайё Шоумарова, фан номзодлари Содиқ Холиқулов, Қодир Шовазевлар билан илмий-педагог мутахассислар тайёрлаш, янги-янги лойиҳалар яратиш ва долзарб муаммоларга бағишланган илмий изланишлар олиб бориш хусусида кўп суҳбатлашарди. Мен ўшанда баҳс-мунозара ва илм-маърифат инсонни эзгулик қўрғони сари етаклашига ишонч ҳосил қилганман.
Бир куни дала ҳовлида Ўктам ака ўзи ихлос қўйган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» асарини ўқиб ўтирарди. Мен эса, унинг энг яқин дўстлари Абдураҳмон ака ва Содиқ ака билан у ёқ-бу ёқдан гаплашаётгандим. Кутилмаганда Ўктам ака китобдан бош кўтариб, биз томонга боқди ва кулимсираб сўради:
– Ҳангома жа-а қизиётганга ўхшайди, ўзи нима хусусда суҳбатлашаяпсизлар, билсак бўладими?
– Бу укамиз, – деди Абдураҳмон ака мени кўрсатиб, – биздан маълумот олиб, сиз ҳақингизда нимадир ёзмоқчи шекилли…
– Сиз олдин мен ҳақимда эмас, қаршингизда ўтирган устозлар тўғрисида ёзсангиз, нур устига нур бўларди, – Ўктам ака менга шундай деди-ю, яна китоб ўқишга тутинди…
Таълим тараққиёти йўлидаги жасорати ва фидокорона меҳнатлари билан элга танилган Ўктам Умурзоқов ана шундай камтар ва камсуқум инсон эди. Унинг самимийлиги ҳар кандай киши қалбида севинч туйғуларини уйғотар, мазмундор суҳбатлари, дилтортар сўзлари кўнгилларни мунаввар этарди. Бундан ташқари, у шогирдларига ғоят ғамхўр эди.
– 1993 йили институтни битираётгандим, – дея хотирлайди техника фанлари доктори, профессор Равшан Мусулмонов. – Бир куни диплом ишимнинг раҳбари Шодиёр Нодиров мени проректор Ўктам Пардаевич йўқлаётганини айтиб қолди. Минг бир истиҳола ва ҳаяжон билан домланинг хонасига кирдим. «Институтни қизил диплом билан битираяпсиз. Хўш, кейинги режаларингиз қандай?» дея вазминлик билан сўради у киши. «Аниқ билмайман, балки қишлоққа бориб ишларман», дедим елкамни қисиб. «Биз яхши ўқиган битирувчиларни ўзимизда олиб қолмоқчимиз. Демак, сиз ҳам келгусида илмий иш билан шуғулланасиз, маъқулми?» деди Ўктам Пардаевич асл муддаога ўтиб. Мен фавқулодда таклифдан аввалига довдираб қолдим. Кейин эс-ҳушимни ўнглаб олиб, «Хўп!» дедим. Кетишга рухсат теккач, проректор хонасидан бир олам қувонч билан гўёки учиб чиқдим. Диплом ҳимоясидан кейин аспирантурага йўлланма олиб, Трактор ва автомобиллар кафедрасида ишлай бошладим. Устозлар изидан бориб, умримни илм-маърифатга бахшида этдим ва домланинг суюкли шогирдларидан бирига айландим. Домла мени доимо қўллаб-қувватлаб турди. Докторлик ишимга эса Оқил Салимов раҳбарлик қилди. Мен илмий тадқиқотларимни икки буюк олимнинг кўрсатмалари асосида муваффақиятли олиб бордим.
Домланинг ажойиб фазилатларидан яна бири ҳаммага бирдек хушмуомалада бўлишида, уларнинг гап-сўзларини диққат билан тинглаб, босиқлик билан жавоб қайтаришида эди. У суҳбатдошларининг ички дунёсини мулоқот жараёнида билиб оларди. Жисми исмига монандлиги ўктамлик билан гапиришида ва одамгарчилигида намоён бўларди. Энг муҳими, мен у кишини таниганимдан буён бирон марта ножўя ёки қўпол сўз айтганини эшитмаганман. Шошилмай фикр-мулоҳаза юритар, ҳамсуҳбати кимлигидан қатъи назар, самимийлигини йўқотмасди. Одамларга яхшилик қилиш ва муҳтожларни қўллаб-қувватлашни ўзининг инсоний бурчи деб биларди. Одамзоднинг ҳаёт йўли ва умр довони қанча ва қандай яшагани билан эмас, тириклигида халқига қилган хизматлари, амалга оширган яхши ишлари, одамларга кўрсатган меҳр-саховати ва одоб-ахлоқи билан белгиланишини кўп таъкидларди. Кўп китоб ўқиш, давраларда кам гапириш, жўяли маслаҳат ва таклифларни амалиётга татбиқ этиш зарурлигини содда-лўнда қилиб тушунтириб берарди.
Ўктам аканинг 1907 йили Зомин туманида туғилган отаси Парда Умурзоқов ҳам элга таниқли раҳбарлардан эди. У Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани фирқа қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаётган кезлари 48 ёшида боқий оламга рихлат қилганди. Бу жудолик фарзандлари қалбида жароҳати осонликча битмас армон бўлиб қолганди.
– Халқимиз «От ўрнини той босар» деган нақлни бежиз айтмаган, – деган эди моҳир ирригатор, чўлқувар олим Ўриш Мажидов. – Парда Умурзоқовнинг зурриётлари ҳам жамиятга ва халққа хизмат қиладиган оқил инсонлар бўлиб етишди. Жумладан, Илҳомжон унинг йўлидан бориб, чўлларни ўзлаширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Ўктам Пардаевич эса атоқли ва забардаст олим сифатида эл назарига тушди.
Дарвоқе, Зомин туманидаги рус тилига ихтисослаштирилган 1-мактабни олтин медаль билан тугатган Ўктам Умурзоқов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ)нинг Таъмирлаш технологиясини ташкиллаштириш факультетига кириб ўқий бошлади. Талабалик давридаёқ илмга иштиёқи баландлигидан ташқари, ташкилотчилик қобилиятига эгалигини ҳам намоён этди. 3-4-босқичларда ўқиётган пайтлари ишлаб чиқариш амалиётларини олис Олтой трактор заводи ва Казберг автомобиль заводида ўтади, станокларни бошқариш ва машиналарни йиғиш цехларида ишлаб, малака ва тажриба орттирди.
У 1974 йили институтни имтиёзли диплом билан битиргач, шу даргоҳда фаолият юрита бошлади. 1983 йили қишлоқ хўжалигини механизациялаш мутахассислиги бўйича техника фанлари номзоди илмий даражасини олди. Орадан яна йигирма йил ўтгач, иқтисодиёт фанлар доктори илмий даражасини олиш учун микроэкономика (агросаноат мажмуаси) ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини ёқлади.
Ўктам Пардаевич институтда оддий ўқитувчи, кичик илмий ходим, лаборатория мудири, турли факультетлар декани, проректор, биринчи проректор, ректор маслаҳатчиси ва кейинроқ ректор лавозимларида ишлаганида ҳам барча масалаларни ҳамкасблари билан бамаслаҳат ҳал этарди. Каттаю кичикка иззат-ҳурматини жойига қўйиб, муомалада бўларди. Шу боис оддий фаррош ва лаборантлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар орасида катта обрў-эътибор қозонди. 2019-2021 йилларда Республика олий таълим кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати вазифаларини адо этганида ҳам маҳалла тизими ва таълим соҳасига доир талай муаммоларни ижобий ҳал этишга эришди. Таассуфлар бўлсинки, 2021 йил 26 июль куни эса 69 ёшида вафот этди.
Ҳа, Ўктам Умурзоқов фидойи олим, илм-фаннинг том маънодаги жонкуяри эди. У таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасидаги кучли рақобат шароитида аграр тармоқ ва сув хўжалигида инновацион ечимларни топиш ва уларни ривожлантириш мақсадида ўзи раҳбарлик қилган олий таълим муассасаси стратегиясини ишлаб чиқиб, уни замонавий тадқиқотлар университетига айлантириш таклифини илгари сурди. Бундай университетни шакллантиришнинг муҳим омили эса унинг кўп функцияли бўлиши, «Таълим – фан – ишлаб чиқариш» занжирида инновацион жараёнлар қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ. Бунда ҳар бир муассасанинг ўзи замонавий илмий-тадқиқот ҳамда тажриба ўтказиш инфратузилмасига эга бўлади. Шунга кўра, Ўктам Умурзоқовнинг ғояси маъқулланди ва Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги «Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига асосан, ушбу илм даргоҳи «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети деб қайта номланди.
Ўктам Умурзоқов миллий таълимнинг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофликни ҳар томонлама таъминлаш, илм-фан ва замонавий технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланиш, ёшларнинг билим савиясини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ошириш, улар хорижий мамлакатларда билим олиб ва ишлаб тажриба орттиришлари зарурлигини кўп таъкидларди.
Домла бошлаб берган хайрли анъаналарни бугунги кунда шогирдлари давом эттириб, илм-фан ривожи ва халқ равнақи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилмоқдалар.
Мамадали ЭРОНОВ,
журналист.



