Инсоният ўз кашфиётлари билан оламни ўзгартирмоқда. Бугун шундай роботлар яратиляптики, улар бизнинг эртамизни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, одамлар кейинчалик ҳар бир ишни роботларга юклаб, уйда бамайлихотир ўтирса ҳам бўлади.
Яқинда Xiaomi 13 ва Хiaomi 13 Pro смартфонларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Қизиғи шундаки, уларни ишлаб чиқаришда инсон омили камайтирилиб, деярли ҳамма иш роботларга юклатилган. Бу компания учун ишчи кучини тежаб, кўп миқдорда гаджет ишлаб чиқариш имкониятини беради.
Вақтдан унумли фойдаланган ҳолда, юмушларни роботларга топшириш – ишга кўмилганлар учун айни муддао. Тасаввур қилинг, уйқудан уйғониб то уйқуга кетгунингизга қадар юмушларингизнинг барчасини темир ёрдамчилар бажарса! Бу, айниқса, аёлларга қўл келади. Овқат тайёрлаш, уй тозалаш каби юмушларни бир зумда роботнинг ўзи бажаради. Болаларга овқат бериш, уларга дарс қилдириш, ювинтириш, хуллас, барини уддалайдиган ёрдамчилар ишлаб чиқарилса борми, энагаларга ҳам эҳтиёж қолмайди.
Бу ҳам майли, роботлар ташхис қўйишни ҳам уддаламоқдалар. Россияда ишлаб чиқарилган Промобот роботи Hadassah Medical шифохонасида иш бошлади. У саломатлик кўрсаткичлари (қондаги қанд ва кислород миқдори, ўпкалар ҳажми, тана ҳарорати)ни ўлчайди ва беморнинг скрининг сўровини ўтказади. Албатта, бу билан тиббиёт ходимларининг иши енгиллашиб, вақти тежалади. Бемор ҳам ортиқча овора-ю сарсон бўлмайди. Ҳозирда даволовчи ва операция қилувчи роботлар ҳам мавжуд. Промобот эса фақат ташхис қўйишга ихтисослашган.
Роботлар билан гаплашиш бир мунча қизиқ ҳам. Беморлар ортиқча савол бермайди. Шифокорга аҳволидан нолиб, дардини достон қилувчиларнинг оғзи ёпилади. Жимгина ўз вазифасини бажарувчи роботларнинг чўнтагига бир-икки сўм солиш ҳам шарт эмас. Барчаси компьютерлаштирилган ҳолда, фақат аниқ мақсад учун ишлайди.
Дастёр темир ёрдамчилар тикувчиликда ҳам ўзларини синаб кўрмоқда. Бу айни вақтда тикув фабрикалари ишини осонлаштирмоқда. Siemens муҳандислари роботларга шим тикишни ўргатишди. 2018 йилдан бери Levi’s компанияси билан ҳамкорликда жинси шимни роботларга тиктириш борасида кўп бош қотирганлар. Пандемия сабаб бу шунчаки хаёл бўлиб қолган эди.
Замон ўзгаришлари билан ажабтовур. Айниқса, бу такомиллашув инсониятга хизмат қилса. Ўз уйимизда ҳам салкам робот вазифасини бажарувчи мосламалар бисёр. Кир ювиш машинаси бекаларнинг машаққатли юмушини қўлидан олди. Овқат юқи қолган идиш-товоқларни эса махсус аппарат ёрдамида ювиш мумкин. Робот чангюткич ҳам кўпгина хонадонларга кириб келди. Замонавий қурилма ўзи уйни тозалаб, хонадон саранжомлигига хизмат қилади. Ёрдамчи роботларни ишлаб чиқариш шу йўсинда давом этса, одамларнинг ишлашига ҳам ҳожат қолмайди. Барини темир ёрдамчилар уддалайди. Кўзимиз кўрган ва кўрмаган барча турдаги роботлар бир тугма билангина бошқарилади. Хизмати беминнат, фақат эъзозлаб, авайлаб фойдаланилса – бас!
Фақат бир муаммо бор: биз унда нима иш қиламиз? Шуниси ҳам қизиқ-да, тўғрими?
Матлуба АҲМЕДОВА



