Самарқандда «Док-1 Макс» таблетка ва сиропидан боллар ўлими кузатилаётгани айтилмоқда

108

Ижтимоий тармоқларда Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли “Док-1 Макс” таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари истеъмолидан Самарқанд шаҳридаги шифохоналарда болалар ўлими кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

ССВ мазкур ҳолат юзасидан тезкор муносабат билдириб, айни пайтда дорихоналарда мазкур номдаги дори воситаларининг савдоси тўхтатилганини эълон қилди.
«Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилди.
Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дори воситаларини қабул қилган беморларда ножўя таъсирлар кузатилганидан кейин ушбу таблеткаларнинг савдоси тўхтатилди», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мутахассислар гуруҳига агентлик ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилган.
«Харид қилинган мазкур номдаги таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади», – дейилади ССВ хабарида.
Вазирликка кўра, ушбу дори воситаларининг Ўзбекистондаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилган ва бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган.