Қирғизистонда ҳам «Doc-1 Max» препарати савдоси тўхтатилди

62

Ўзбекистонда болалар ўлими ҳақидаги хабарлардан сўнг Қирғизистонда ҳам «Doc-1 Max» препарати савдоси тўхтатилди.

Мамлакат Дори воситалари ва тиббий асбоблар билан таъминлаш департаменти хабарига кўра, мазкур дори воситасининг савдоси бугун, 23 декабрдан тўхтатилган.
«Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt компаниясининг «Doc-1 Max» препарати комбинацияланган дори воситаси бўлиб, қуйидаги – парацетамол, гвайфеназин, фенилэфрин каби фаол моддаларни ўз ичига олади ва у иситма, бош оғриғи, томоқ оғриғи, самарали йўтал билан кечувчи ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва гриппни симптоматик даволаш учун тавсия қилиб келинади. Дори воситасининг таблетка ва сироп шаклидагиси мавжуд ва 2018 йилда Қирғизистон Республикасида рўйхатга олинган. «Doc-1 Max» препаратининг мамлакатга охирги импорт 2021 йилда бўлган (2022 йилда импорт қилинмаган)», – дейилади Департамент хабарида.
Шунингдек, айни пайтда дори воситаси лаборатория таҳлили учун Марказий назорат-таҳлил лабораториясига юборилгани маълум қилинди.
Департамент, шу билан бирга, ҳозирча «Doc-1 Max» препарати билан боғлиқ нохуш ҳолатлар қайд қилинмаганини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 декабр куни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида «Doc-1 Max» дори воситаси истеъмолидан Самарқанддаги шифохоналарда болалар ўлими кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган ва ССВ мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирган эди.