Самарқандда 15 норасида вафот этди. Айбдор ким?

110

Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига охирги икки ойда “ДОК-1 МАКС” қабул қилиб, аҳволи оғирлашган 21 нафар бемор бола олиб келинган. 15 нафар мурғак гўдак ўткир буйрак етишмовчилиги натижасида вафот этган.

Уларнинг 3 нафари қашқадарёлик, 3 нафари жиззахлик беморлар эди. Навоий вилоятидан келган, худди шу дард билан оғриган болаларнинг 3 нафари оламдан ўтди, бир нафарининг ҳаёти шифокорлар саъй- ҳаракати билан сақлаб қолинди. Қолган жабрдийдалар Самарқанд вилоятидан.
Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилоят филиалига даволанишга олиб келинган 14 нафар бемор боладан 12 нафарининг аҳволи айнан “Док-1 МАКС” қабул қилгандан сўнг оғирлашган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ўрганиш ишлари бошлангани, Фармацевтика агентлиги эса 22 декабрдан бошлаб мазкур дори воситасининг Ўзбекистондаги савдоси тўхтатилганини маълум қилди.


Ҳар иккала шифохона шифокорлари ҳам сўроқ- суриштирувлардан безган. Қанча ҳаракат қилмайлик, улардан бирор жўяли гап ололмадик. Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази раҳбарининг даволаш ишлари бўйича муовини Дилшод Раҳмонов, бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Аҳадқул Башировлар “сирни” фош қилгани учун жамоада ҳеч кимга тазйиқ ўтказилмаётганини айтишди. Шифокорлар суриштиришлардан чарчаган. Ҳодисага изоҳ йўқ. ССВ мутасаддилари ҳам жим. Масалага шу ерда нуқта қўйсак ҳам бўларди. Аммо…
Ушбу дорини ишлаб чиқарган Ҳиндистондаги Marion biotech Pvt. LTD, мамлакатимизга кириб келиши ва сифати бўйича жавобгар Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган “Quramaх Medikal” МЧЖ масъуллари қачон тилга киради? Улар ушбу дори воситасининг безарар эканини қайси лаборатория синовидан ўтказишган? Саволлар кўп. Малакали шифокорларнинг маълум қилишича, айни чоғда савдога қўйилган дори-дармонлардан қарийб эллик фоизининг таъсири “нол”га тенг экан. Инсонлар саломатлигига катта ҳавф туғдириб, ўз бизнесини гуллатаётганларга бирор чора борми? Қолаверса, “Док-1 МАКС” дори воситаси рақамли маркировка қилинганми? Мутасаддилар бугун ана шу саволларга жавоб бериши шарт, деб ўйлаймиз.


Жамиятимизда дорихоналарнинг, инсон саломатлигига путур етказадиган сифатсиз дориларнинг кўпайиб кетгани анчадан буён гапирилаяпти. Вазиятдан келиб чиқиб, жорий йилнинг 2 апрелида Вазирлар Маҳкамаси “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унга кўра, мамлакатда барча дори- дармон воситалари тегишли текширувдан ўтказилиши керак эди. Йил поёнига етса-да, ҳукуматнинг бу муҳим топшириғи ўз ижросини топмасдан қолмоқда.
Қолаверса, жорий йилнинг 5 октябрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча мамлакатларга мурожаат билан чиқиб, бир қатор сироплардан фойдаланмаслик лозимлигини тавсия қилганди. Наҳотки соғлиқни сақлаш мутасаддилари Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда ЖССТнинг огоҳлантириш ва чақириқларидан бехабар бўлса? Ушбу масалага жиддий ёндашувни қачон кўрамиз? Фармацевтика соҳасидаги бошбошдоқлик қачон барҳам топади?

Нурилла Шамсиев,
“Ишонч”