Мактаб ҳаёти ва бола тарбияси азал-азалдан кўпчиликни ўйлантириб келади ва билдирилаётган фикрлар ҳам хилма-хил. Баъзан ота-оналар ўқитувчининг савияси ва муомала маданиятидан шикоят қилишса, ўқитувчилар эса, боланинг ўқишга интилмаслигидан, ота-оналарнинг фарзандларига бепарволигидан куйинишади.
Менимча, ўқитувчининг асосий вазифаси дарсда ўқувчини зериктириб қўймасликдан иборат. Ўқувчиларнинг машғулотлар қийинлигидан чўчиб қолмаслигини таъминлаш ҳам устозларнинг касбий маҳорати ва тажрибасига боғлиқ.
Шиддат билан ўзгараётган бугунги замонда ахборот манбалари кўпайгандан кўпайди. Натижада, ўқитувчининг билимсизлиги, мактаб жамоасининг муаммолари бир зумда оммага ошкор бўлиб қолмоқда. Соҳада яхши натижаларга эришиш учун, энг аввало, ўқитувчиларни билимли қилиш зарур. Билим деганимиз муаллимнинг салоҳияти, тажрибаси ва одоб-ахлоқини ҳам ўз ичига олади, албатта.
Ҳозирги кунда баъзи мактабларда шундай муҳит ҳукмронки, бола ўқитувчидан чўчийди. Нега? Чунки бизда боланинг билимини баҳолаш мезони бор. Буни ўзгартириш, замонга мослаш керак. Икки баҳо олган ўқувчи дўстлари олдида қисинади. Баъзан беозор болани ўқитувчилар керагидан ортиқ даражада камситиб юборишади. Муаллимнинг даккисидан, аълочи синфдошларининг муносабатидан «иккичи» уялади. Уят аста-секинлик билан қўрқувга айланади. Қўрққан бола ўқитувчи олдида билганларини айтиб беролмайди.
Хўш, мактаб ва бола ўртасидаги бундай номутаносиб муҳитдан қандай қутулиш мумкин? Бунинг учун ҳар бир синфда тажрибали психологлар фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам психологлар олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Ўқитувчининг ишига баҳо бериш ёки уни рағбатлантиришда мактаб психологининг фикр-мулоҳазалари ҳам эшитилса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Ўз навбатида, психологлар ҳам мактаб маъмурияти ва ота-оналарга вазифалар, режалар ҳақида ахборот бериб турса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўқитувчининг ўқувчилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиши, улар билан ҳаётий мавзуларда тез-тез суҳбатлашиб туриши боладаги тортиниш, чўчиш аломатларини йўқотади. Ўқувчи ва ўқитувчининг руҳан яқинлашуви ўртадаги ҳар қандай салбий муносабатларга чек қўяди. Бундай устозларни тарбиялаш ва тайёрлаш бугунги таълим жараёнининг асосий йўналишларидан бири бўлиши лозим.
Бизнинг таълим тизимимизда учрайдиган энг катта муаммолардан яна бири – хом-хатала дарсликлар ва ўз устида ишламайдиган устозлар масаласидир. Тан олиш керак, ўша «зўр» дарсликлар ҳам бугун ҳамма ўқувчиларга етмайди. Энди тасаввур қилинг, ўз устида ишламайдиган, замонавий таълим талабларига жавоб беролмайдиган ўқитувчилар қаторига сифатсиз дарсликларни, боланинг мактабга келмай қолган кунларини, ота-оналарнинг бефарқлигини ҳам қўшадиган бўлсак, кўз олдимизда таълим тизимидаги катта муаммо пайдо бўлади. Бола шундай салбий ҳолатлар авж олган мактабда нимани ўрганиши мумкин?..
Сир эмас, бугун кўпчилик ўқитувчилар уй-рўзғор ташвишларига ҳам ўралашиб қолишган. Токи, ўқитувчиларнинг фикр-хаёли фақат мактаб ва дарс билан боғланмас экан, тизимдаги кемтикларни тўлдириб бўлмайди.
Очиғини айтганда, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, уларга тоифа бериш мақсадида жорий қилинган аттестация ҳамда қўшимча ўқитиш жараёни ҳам анча эскирган. Тестга мослаштирилган синовларда ўқитувчининг шахсий фикрлари, ташаббускорлиги эътибордан четда қолади. Бу, айниқса, гуманитар фанлар ўқитувчилари учун катта йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Ўқитувчининг фикр-мулоҳазалари таълимда катта аҳамиятга эга.
Кучли сабоқ, таълим ва тарбия бериладиган жойда натижалар ҳам қувонарли бўлади. Мисол учун, 2021-2022 ўқув йилида мен ишлайдиган академик лицейни 235 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 231 нафари турли олий ўқув юртига кириш бахтига муяссар бўлишди. Бундай юксак муваффақиятга жамоамиз билан якдил бўлиб ишлаш орқалигина эришдик. Ўйлайманки, бундай катта натижани ҳар қандай лицей ёки ўрта таълим мактабларида ҳам қайд этиш мумкин. Бунинг учун бир ёқадан бош чиқариб, интилиш, ўрганиш ва талабни кучайтириш керак.
Гулчеҳра УЛУҒБЕРДИЕВА,
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети
қошидаги академик лицей ўқитувчиси,
«Шуҳрат» медали соҳибаси
