Ҳамшира ишга қайтди

45

Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳамшира лавозимида фаолият кўрсатиб келган Муҳайё Маткаримова 2017 йил декабрдан кетма-кет бола парвариши учун ўз ҳисобидан таътилга чиқди. Ўтган йилнинг кузида у ишга қайт­моқчи бўлди. Аммо…

Бирлашма мутасаддилари Муҳайёга ўша пайт­­да вақтинчалик ишга қабул қилинганини айтиб, ўз вазифасини бажаришга имкон беришмади. Шундан сўнг у Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасига мурожаат қилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйи­­ча меҳнат инспекцияси томонидан ушбу мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Маълум бўлишича, иш берувчи ва М.Маткаримова ўртасида тузилган меҳнат шартномасига кўра, ходим асосий ишга қабул қилингани қайд этилган. Буйруқда эса вақтинчалик ишга олингани кўрсатилган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 82-моддасига мувофиқ, ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилади.
Меҳнат инспекцияси тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг М.Маткаримовани ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқни Меҳнат кодексига зид деб топди ва уни бекор қилиш бўйича кўрсатма берилди. Шу тариқа Муҳайё бирлашманинг хирургия бўлимида ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Расулбек АЛЛАБЕРГАНОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти
бўйича меҳнат инспектори