ёки қишлоғимиз почтальони Намоз тоға Жумаевнинг
ушалмаган орзу-ниятларини эслаб…
Ҳар сафар хонадонимизга ўзимиз обуна бўлган газета-журналлар келганда мен учун ҳақиқий байрам бўлади. Камина бу маънавий ва руҳий байрамни ҳеч нарсага алишмайман. Матбуот жону таним…
Газеталар орасида ҳу-зу-ур қилиб ўқиладиганлари бор. Айни чоғда, шунчаки варақлаб қўйиладиганлари ҳам етарли. Уларни кўздан кечириб, сарфланган қоғозларга ачинаман. Бундай қарсакбоз нашрлар ўқувчи ихлосини матбуотдан сўндиради, холос… Ҳа, майли, уларга ҳам инсоф кириб қолар…
Босмахонанинг ёқимли ҳиди уфуриб турган янги газета ёки журнални варақлар эканман, кўз олдимга қишлоғимизнинг фидойи почтальони Намоз Жумаевнинг нурли қиёфаси келаверади. Эларо ҳурмати баланд бу инсонни ҳамқишлоқларимиз «тоға», дея эъзозлашар, ҳамиша давра тўрига ўтказишарди. У Жалойир қишлоғининг катта ҳудудига турли газета-журналлар ва хат-хабарларни вақтида етказиб берувчи шарафли касб эгаси – почтальон эди.
Ўша даврларда одамлар газета-журналларга жуда ўч эдилар. Бу демак, илмга ва зиёга ташна эдилар. Шу боис шаҳарларда ҳам одамлар эрталаб янги газета-журналларни харид қилиш учун матбуот дўконлари олдида навбатга тизилишарди. Худди новвойхоналар олдида иссиқ нонга навбатда тургандай. Чунки матбуот – эрталабки маънавий нонушта эди. Олис-олис қишлоқлар, қўрғон ва овулларда ҳам одамлар газета-журналларни интиқлик билан кутишар, қўлларига етиб боргач, завқ-шавқ билан ўқишарди. Олган таассуротларини бир-бирига сўзлаб бериб, фикрлашар, баҳслашар, лозим топилса, таҳририятга ўз муносабатларини билдиришарди.
Кимдир бу гапларимга «Ўша сиз айтган матбуот шўро сиёсатига хизмат қилган», деб эътироз билдириши мумкин. Бу тўғри! Лекин газета-журналларда фақат сиёсатга эмас, балки маънавият, маърифат, тарбия, адабиёт, санъат ва маданиятга оид қизиқарли мақола, суҳбат, шеър ва ҳикоялар ҳам чоп этиларди. Аксарияти ўқувчилар эътиборига тушиб, шов-шув бўлиб кетар, баъзан баҳс-мунозараларга сабаб бўларди. Масалан, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминов, Хайриддин Султонов, Шароф Бошбеков сингари таниқли ижодкорларнинг долзарб мавзулардаги чиқишлари катта қизиқиш билан ўқилар ва кўплаб ижтимоий масалалар ҳал этилишига туртки бўларди. Шу боис кўпчилик ўз дард-ташвишлари ва муаммолари ҳақида матбуотга мурожаат қилиб, ундан нажот кутарди.
Одамларнинг матбуот билан жонли мулоқотларида, савол-жавобларида, меҳрдош-дилдош бўлишларида асосий вазифани обуна бажарган. У бутун дунёда газета ва газетхон орасидаги жараённи боғлаб, доимий алоқасини мустаҳкамлайдиган воситага айланган.
Яхши эслайман: 7-8 синфда ўқир эдим. Уйимизга бир қучоқ газета-журнал келарди. Уларни ҳар куни ёки кунаро почтальон Намоз тоға олиб келарди. Биз бу инсонни азиз меҳмон ёки яқин қариндошдек қарши олардик. У қишлоқда ҳамма учун тоға, ҳамма учун қариндош, таъбир жоиз бўлса, маънавий хазинабон эди…
Отам раҳматли ҳарф танимаса ҳам кўп нашрларга обуна бўларди. Бир нечта ҳукумат, туман ва вилоят газеталари қатори «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Муштум», «Гулхан», «Ғунча», «Фан ва турмуш» журналлари ва «Тошкент оқшоми» газетасининг ҳам мухлиси эди. Уларни кўпинча менга ўқитарди. Кечқурун дарсимни қилиб бўлганимдан сўнг мени ёнига чақириб, олдига тахлаб қўйилган газета-журналларни бирма-бир варақлаб, ўқиб беришимни сўрарди. Айниқса, «Муштум»нинг суратларига, уларнинг тагига нима деб ёзилганига қизиқар, латифаларни ва кичик ҳажвияларни мириқиб тингларди.
Отам «Шарқ юлдузи»ни ҳам жуда яхши кўрарди. Аввалига бирор роман, қисса ёки ҳикоядан бир-икки саҳифа ўқитарди. Ёқмаса, «Бошқасига ўт!» дерди. Кейинчалик билсам, ўша кезлар анча-мунча «суви кўп», «семиз» асарларни ўқишдан қутулиб қолган эканман. Лекин таниқли адибларнинг асарларини иштиёқ билан ўқиб берганман. Асар қизиқарли бўлса, тонггача кўзларимга уйқу тиқилиб ўқирдим. Мункиб кетсам, отам «Тур, юзингни совуқ сувга ювиб кел», дерди.
Мен отамга «Фан ва турмуш» журналидан илм-фандаги янгиликлар, таниқли олимлар ҳақидаги мақолаларни, «Тошкент оқшоми»даги «Оз-оз ўрганиб доно бўлар» рукни остида бериладиган тарбиявий аҳамиятга эга ҳикмат ва ривоятларни ўқиб берардим. Бундай журналхонлик ва газетхонликда баъзан бувим, онам, катта ёшдаги укаларим ва сингилларим ҳам қатнашарди.
Энди ўйлаб қарасам, болаликнинг беғубор кунлари, даврий нашрлар мутолааси билан ўтган дамларим умримнинг олтин лаҳзалари, газета-журналлар беминнат ва чин тарбиячиларим бўлган экан. Ўша жараёнлар ҳам китобхонлик, ҳам таълим-тарбия, ҳам адабиётни, китобни севиш вазифасини ўтаган, энг муҳими, ҳаётда ўрнимизни топишимизда ўзига хос билим ва тарбия мактаби бўлган экан. Ўз навбатида, газета-журналларда чоп этилган асарлар каминани адабиёт деб аталмиш буюк тафаккур оламига олиб кирган йўлчи юлдуз экан. Укаларим ва сингилларимнинг китобга қизиқишларига яхши туртки бериб, пухта замин ҳозирлаган экан.
Отам биргина обуна туфайли биз, фарзандларига яхши ва бетакрор тарбия бериб кетган экан.
Обуна – тарбия ва илм калити, билим манбаи.
Обуна – инсонни зиёга олиб борадиган нурли йўл.
Обуна – тафаккурни тўлдирадиган бебаҳо хазина.
Обуна – ўзни англаш, комиллик сари дадил қадам.
Афсус-надоматлар бўлсинки, «мажбурий обуна» баҳонаси сабаб обуна ишларига қатъий «йўқ!» деган тамға қўйилди. Бундан ким ютади, ким ютқазади, деган жиддий саволга ҳаққоний жавобни келажак беради. Биз баҳслашмоқчи ёки топшириқ берганлар йўлини кесиб ўтмоқчи эмасмиз. Фақат барча ривожланган мамлакатлар тарихини ўрганишда матбуотнинг беқиёс ва улкан вазифалари борлигини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз, холос.
Матбуот – ҳукумат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги, ҳақиқатни рўй-рост кўрсатадиган кўзгу. Матбуот – ҳикматлар чашмаси, маънавий тарбия булоғи. Бунга ёрқин мисоллар келтирадиган бўлсак, бир вақтлар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Гулистон», «Саодат», «Муштум», «Ёшлик», «Ёш ленинчи» («Ёшлар овози») сингари газета-журналлар катта нусхаларда чоп этилган ҳамда миллат тафаккури, адабиёти ва маданияти юксалишига беқиёс ҳисса қўшганди. Бундан асло кўз юммаслик, ҳадиксирамаслик, аксинча, жамият тараққиётида унумли фойдаланиш зарур.
Давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган қатор учрашувларда «Қўрқманг, орқангизда Президент турибди», дея мададкор бўлмоқда. Бугун бизга эркин ва ошкора сўзлаш, ёзиш ҳуқуқини ҳам у киши берганини унутмайлик. Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларидан бирида шундай сўзлар бор: «Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман».
Матбуотнинг ашаддий мухлисларига яна бир муҳим фикрни айтмоқчи эдик. Агар матбуотни севсак, газета-журнални суянчиғимиз, ишончли дўстимиз деб билсак, унинг куч-қувватига ҳамон ишонсак, «мажбурий обуна»ни кутиб ўтирмай ихтиёрий обуна бўлсак, ноёб ва бебаҳо хазинага эга бўламиз.
Назаримда, матбуотга қайтиш фурсати етди. Биз уни соғинганимиз каби у ҳам фидойи мухлисларини орзиқиб кутмоқда. Чунки матбуот мухлислар билан барҳаёт. Бунинг учун у қизиқарли, ўқишли бўлиши керак, шунда муштарийлар албатта, топиб ўқийди. Қолгани таҳририят ходимларининг маҳорати ва қаламига боғлиқ… Аслида газета-журналлар ўртасида ижодий ва ижобий рақобат ва жасорат бўлиши керак.
Биз ҳар бир футбол жамоасининг ашаддий мухлислари бўлганидек, газета-журналларнинг ҳам ўз муштарийлари бўлишини истаймиз. Ёдда тутинг: қўл телефонлари ёки ижтимоий тармоқлар қанчалар чаққон ва тезкор хабар тарқатмасин, барибир, газета ўрнини босолмайди. Газета инсониятнинг буюк ва бебаҳо кашфиёти. Матбуотдан ҳайиқмаслик ва чўчимаслик керак.
Менимча, эндиликда эркин ва қулай обунага ўтиш вақти келди. Ўта қийинчилик билан кечаётган бу жараённи атрофлича таҳлил қилиб, обунага қўйилган тўсиқларни олиб ташлайлик. Шунда таҳририят ҳам, обуначилар ҳам ютади. Энг муҳими, ислоҳотлар жараёни тезлашади ва такомиллашади.
…Почтальон Намоз тоғанинг ажойиб одати бор эди. Газета-журнал камроқ бўлса, хуржундай чарм сумкасини велосипедининг рулига, агар кўп бўлса, орқа ўриндиғига осиб оларди. Уйма-уй юриб тарқатар ва бу хайрли ишидан завқланарди. Ўз касбининг устаси ва фидойиси эди.
Бир сафар «Келаси йил обуна кўпайиб кетиб, велосипедингиз тортолмай қолса, нима қиласиз?» деб сўрагандим, у шундай жавоб берди:
– Обуна кўпайсин, жиян. Одамлар қанча кўп ўқиса, шунча яхши. Илми ошади, одоби яхшиланади, анча нарсаларни билиб олади. Кўп ўқиш, айниқса, ёшлар учун фойдали. Қўрқма, обуна кўпайса, битта от оламан. Унга иккита катта сумкани ортса бўлади. Қанийди ўша кунлар келса?…
Ҳокисор ва самимий инсон Намоз тоға оламдан ўтганига кўп йиллар бўлди. Биз эса ҳамон унинг орзу-армонлари рўёбга чиқишини кутиб, умид билан яшаяпмиз… Ишончимиз комилки, қўшиқда айтилганидек, «Ўшал кун келур…»
Ашурали Жўраев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
