Ёхуд «Док-1 Макс» фожиасидан кейинги ўйлар
Урганч шаҳрини айланиб юрган хорижлик меҳмонлардан бири сўради:
– Дорихона нима дегани?
– Аптека, – жавоб берди мезбон.
Меҳмоннинг қошлари чимирилди, елкасини учириб, яна гап қотди:
– Нима, сизлар овқат ўрнига дори ейсизларми?..
***
Умра зиёратидан келган аёл насиҳат қиляпти: «Зиёратга бормоқчи бўлсангиз, дори олиб кетинглар, у ёқларда аптека йўқ экан».
Биз нафақат Маккаю Мадинада, дунёнинг кўплаб шаҳарларида дорихоналар саноқли эканлиги ҳақида эшитганмиз.
Дарвоқе, дориларга ружу қўйганимиз исбот талаб қилмайдиган аччиқ ҳақиқат. Мамлакатимизнинг барча шаҳарларида деярли ҳар қадамда дорихона учрайди. Кўпчиликнинг сумкасида дори бўлади. Уйимизда ҳам шу аҳвол. Бошимиз сал оғриса, ҳабдори ичамиз, озгина йўталсак, антибиотик қабул қиламиз.
Бизнинг бу соддалигимиздан фармацевтика компаниялари уддабуронлик билан фойдаланишяпти. Янги ва янги дори воситалари бозорларимизга кириб келяпти. Оқибатда асрлар синовидан ўтган табобатни писанд қилмай қўйдик. Телевизорда реклама қилинган дориларни зўр деб биламиз. Шунданми, «Гуанжоу» клиникаси бизни қандай лақиллатганини ҳам тез унутиб юбордик.
Айни кунларда соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғи асосида ҳамширалар уйма-уй юриб «Quramax Medical» компаниясининг барча дори воситаларини ва муддати ўтган бошқа дориларни йиғиб олмоқда.
Воажаб, шу ишларни олдинроқ қилсак бўлмасмиди? Дори овқат эмаслигини англашимиз учун болаларимизни бой беришимиз шартмиди? Норасида гўдаклар ўлимидан кейингина кўзимиз очила бошладими?
«Док-1 Макс» фожиаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик шифокорларни айбламоқда. Лекин бу жараёнда ҳамма айбни уларга тўнкашимиз қанчалик тўғри? Тўғри, тиббиётда муаммолар етарли. Бошқарувдаги қўнимсизликдан тортиб, оддий қишлоқ шифокорининг ойлик маоши ҳаминқадарлигигача бўлган талай омиллар ушбу муаммоларнинг бартараф этилишига тўғаноқ бўлмоқда. Бироқ тиббиёт фаол ҳаракатда.
Бинобарин, кейинги йилларда давлатимиз томонидан соҳага жуда катта миқдорда маблағ ажратилди. Бирламчи тиббиёт муассасалари УТТ, ЭКГ аппаратлари билан таъминланди. Барча ҳудудларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиш йўлга қўйилди. Аҳолига бепул тақдим этиладиган дори-дармонлар сони ва ҳажми кўпайди. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари эвазига аҳолининг эҳтиёжманд қатламида ноёб жарроҳлик амалиётлари бепул амалга оширилмоқда. Трансплантология кенг жорий этилмоқда. Онкологик, юрак-қон томир, эндокрин касалликларни бирламчи босқичларда аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Буларнинг барчаси эътирофга лойиқ. Бироқ…
Биз соғлом турмуш кечирмас эканмиз, тиббиётга сарфланган миллиардлаб маблағлар ҳавога совурилаверади. Касални даволашга эътибор кучайгани яхши, олдини олиш эса ундан-да муҳим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг уқтиришича, инсон саломатлиги қатор ташқи омилларга ва турмуш тарзига боғлиқ. Бу омиллар орасида тиббий хизмат улуши анча кам.
Яна бир маълумотга кўра, дунё бўйича ҳар 1000 нафар кишининг 750 нафарида тиббий муаммо бор. Улардан 250 нафари тиббий хизматга мурожаат қилади. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич бундан-да кам бўлиши мумкин.
Шу ўринда «Соғлом турмуш кечириш осонми?» деган савол туғилади. Саломатлигимизга экологиянинг таъсири алоҳида мавзу. Соғлом турмуш кечиришнинг асосий шартларидан бири тўғри овқатланишдир. Тўйларни, зиёфатларни, дабдабани хуш кўрадиган кишиларга тўғри овқатланиш ҳақидаги гаплар кор қилмайди. Базўр кун кечирадиганларга соғлом овқатланишни таклиф қилиш эса кулгили. Боз устига, бу тоифага кирувчилар кўпчиликни ташкил этади. Шаҳар тугул қишлоқларда ҳам ҳар куни сут-қатиқ ичишга, витаминларга бой таомлар тановул қилишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди.
Соғлом овқатланиш учун кунига бир киши камида 50-60 минг сўм харж қилиши керак. Афсуски, ўртача бир-бир ярим миллион даромадга эга 4-5 кишидан иборат оила аъзолари овқат учун бунча маблағ сарфлашга қодир эмас. Ундан кўра, нонга маргарин суриб еган афзалроқ. Бунинг оқибатида келиб чиқадиган камқонлик, бўқоқ ва бошқа касалликлар билан яшашни биз оддий ҳолат сифатида қабул қиламиз. Ўзимизни овутиш учун «Ҳозир соғлом одамнинг ўзи йўқ», деб қўямиз.
Хонадонбай юрган мутасаддиларга ҳамроҳлик қилиш жараёнида ниҳоятда ачинарли турмуш кечираётган инсонларни кўп кўрдик. Оддий маиший шароитларга эга бўлмаган, ҳожатхонаси, ваннаси йўқ, қишда бешта-ўнта киши бир хонада жон сақлайдиган оилалар кўп. Улар қандай қилиб соғлом турмуш кечиришлари мумкин? Демак, батартиб овқатланишни ва соғлом турмуш кечиришни талаб қилишдан олдин зарур шароитлар яратиш керак!
Буларнинг «Док-1 Макс»га нима алоқаси бор дейсизми? Замонавий турмуш кечириш имкониятлари чеклангани касалликлар кўпайишига сабабчи бўлмоқда. Алалоқибат дориларга ружу қўяяпмиз. Орамизда «Ҳар қалай, улар ёрдамида жон сақлаяпмиз», деб ўйловчилар ҳам кўп.
Дориларни шифокор билан маслаҳатлашмай қабул қилишнинг ҳам бир қатор сабаблари мавжуд. Аввало, ойнаи жаҳонда тўхтовсиз равишда дорилар реклама қилинаётгани туфайли ҳаммамиз «дўхтир»га айланиб қолганмиз. Дорихоначи ҳам, 9-синф маълумотига эга қўшнимиз ҳам, магазинчи Ғайбулла ҳам – барчамиз бир-биримизга тап тортмасдан тўғри келган дорини тавсия қилаверамиз. Аҳволимиз оғирлашганидан кейингина шифокорга бориб, бизни қисқа фурсатда даволашни талаб қиламиз. Муолажалар тез кор қилмаса, уни нўноқликда айблаймиз. Дашномлардан чарчаган айрим врачлар кучли, қимматбаҳо дориларни тавсия қилишади. Чунки улар арзон ва йиллар синовидан ўтган дорилардан кўра тезроқ таъсир қилади. Ҳолбуки, саломатлигимизни тиклашда доривор гиёҳлар ҳам асқатиши мумкин. Аммо шифокор ёзиб берган рецептда бу воситалар камдан-кам кўзга ташланади.
Сирасини айтганда, «Док-1 Макс» фожиаси барчамизни бирдек сергаклантириши керак. Айбдорлар жазосини олар ҳам дейлик. Аммо ҳар биримиз ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилмасак, дориларга муносабатимизни ўзгартирмасак, қолаверса, ҳукумат томонидан аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чоралар янада кучайтирилмаса, «Quramax Medical» компаниясининг барча дори воситаларини йиғиб олган, дориларни шифокор тавсиясисиз ичмасликни ҳар қанча уқтирган билан саломатлигимиз даражаси яхшиланиб қолмайди.
Яна бир гап. Бундан бу ёғига ҳушёр бўлайлик, ёмғирдан қочиб, дўлга тутилмайлик Аниқроғи, «Дорилар зарарли, бизнинг БАДларимиз фойдали. Ҳатто саратонни ҳам даволаш хусусиятига эга», деб оғиз кўпиртираётган биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи маркетологлар таъсирига тушиб қолмайлик. Бу воситалар дори эмаслигини, ўзимизнинг мева қоқиларию арзонгина мойчечагимизнинг самараси катталигини ёдда тутайлик.
Биз «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» янги умуммиллий ҳаракатини амалга ошириш жараёнида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш чоралари ҳам кўрилади, деган умиддамиз.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»
