Сўнгги бир ҳафтаки аномал совуқ ҳақидаги огоҳлантириш ва тавсиялар ижтимоий тармоқларни тутиб кетди.
Хўш, ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда 10-18 январь кунлари мамлакатимизда мутасаддилар ваҳима қилаётганидек қаттиқ совуқ кутилаётган бўлса, бунга тайёргарлик қай даражада бўлди? Хусусан, Тошкент шаҳар коммунал хўжалик бошқармаси бу борада қандай ишларни амалга оширди?
Мана шу саволлар юзасидан масъулларга юзландик ва улардан қуйидагича жавоб олдик:
Айни вақтда Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 11 минг нафар ходим фаолият юритмоқа ва уларнинг барчаси аномал совуқни беталофот ўтказиш учун бириктирилган. Ўз вазифасидан келиб чиққан ҳолда жойларда навбат билан иш олиб боради. Йўлларни қор ва музликлардан тозалаш, авария ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 600 га яқин махсус техника воситаси жалб қилинган.
Иссиқлик таъминоти бўйича «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК мутахассислари кучайтирилган режимда ишлайди.
Куни кеча корхона раҳбарияти томонидан туман бошқармалари раҳбарлари билан йиғилиш бўлиб ўтган ва унда шаҳар иссиқлик тизимининг келаётган совуқ об-ҳавога тайёргарлик даражаси муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгилаб олинган. Жумладан:
❖ авария содир бўлган жойларига зудлик билан етиб бориш учун техник транспорт тайёрланди;
❖ туну кун ишлайдиган қўшимча навбатчи бригадалар ташкил этилди;
❖ совуқ ҳаво бошланишидан олдин иссиқлик тармоқларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун таъмирлаш ишлари жадаллаштирилди;
❖ иситиш тизимларида носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш учун айланиб чиқишлар сони кўпайди;
❖ шаҳар иссиқлик энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқарадиган 215 та Veolia Energy Tashkent қозонхонасини ресурслар билан узлуксиз таъминлаш бўйича газ ва электр энергияси етказиб берувчилари билан мувофиқлаштириш;
❖ шаҳар иссиқлик энергиясининг 90 фоизини ишлаб чиқарадиган, ҳарорат жадвалига мувофиқ иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича «Таштеплоцентраль» АЖ ва «Ташкентская ТЭЦ» АЖнинг иссиқлик таъминоти корхоналари билан ўзаро ҳамкорлик.
Бордию бирор жойда носозлик, иссиқлик тармоқларида сув оқиши ёки авария ҳолатларининг олдини олиш учун «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХКнинг Ишонч рақамлари ишга туширилган.

Хуллас, пойтахт мутасаддиларнинг айтишича, улар аномал совуқни муносиб кутиб олишга шай. Ҳар ҳолда улар шуни ваъда қилишмоқда. Бу гаплар не чоғли асосли ёки асоссиз эканини эса вақт кўрсатади…
ishonch.uz



