Улар энди самода тўп тепишади…

52

Тахминан 2008 йилдан бери дунё футболида икки «юлдуз» – аргентиналик Леонель Месси ва португалиялик Криштиану Роналду ўртасида ўзига хос рақобат кечганидан кўпчилик хабардор. Менимча, йил адоғида Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатидан сўнг ушбу жиддий рақобат ҳам адоғига етгандек. Месси азалий орзусига эришиб, мундиал ғолиби бўлди, Криштиану эса араб жамоасига ўтиб, Европа футболини, аниқроғи, жаҳон нигоҳидаги йирик аренани тарк этди-ю, рақиби билан барча жабҳадаги курашни тўхтатгандек бўлди. Назаримда, ўн беш йилча давом этган бу рақобатнинг асрий миқёсдаги қиймати, даражаси, салмоғи бошқа бир рақобат олдида барибир камроқ.

Эсимни танибманки, дунё футболида, миллиардлар ўйини тарихида икки ном алоҳида тилга олинади. Бу номлар ҳозиргина таъкидлаганим асрий рақобат сабабчилари – Эдсон Арантис ду Насименту (Пеле) ҳамда Диего Армандо Марадона.
Қизиғи, Месси ва Роналдудан фарқли равишда Пеле ва Марадона ҳеч қачон бир-бирига қарши майдонга тушмаган. Улар бошқа-бош­­қа авлод вакиллари бўлишган. Бразилиялик Пеле 1958, 1962 ва 1970 йиллардаги уч карра жаҳон чемпионлигидан сўнг футболчилик ­фаолиятини АҚШ чемпионатида тугатаётган чоғларида Бразилияга қўшни Аргентинада бошқа бир гигант юлдуз эндигина жаҳон аренасига кириб келаётган эди. Шундай эса-да, бу иккаласининг ақл бовар қилмас ўйини, бетакрор маҳорати, юксак натижалари уларни ўзаро қиёслашга, мудом ёнма-ён таърифлашга футбол мухлислари ундагандир, эҳтимол.
Мен бразилиялик афсунгарнинг ўйинларини тўғридан-тўғри кузатмаганман. Ҳатто 60-70-йиллар дунё футболини бевосита кўрган катта авлодга мансуб мухлисларнинг кўпчилиги ҳам ўша давр технологияларининг имкониятлари чекланганлиги важидан бундай саодатга тўла-тўкис эришганлар дейиш қийин.
Биз Пеле кабиларнинг майдондаги ҳаракатларини youtube платформаси ва бошқа тармоқлар, шунингдек, телеканаллардаги айрим узуқ-юлуқ тасвирлар орқалигина томоша қила оламиз, холос. Аммо шу видеотасвирларнинг ўзиёқ Пеле ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш имконини беради: 60-йиллар, 70-йиллар бошлари… Майдонда фақат бир киши тўп сурмоқда. У шамолдек елиб, оёқлари, танаси билан тўпни ажабтовур тарзда ўйнатиб, лиқ тўлган ўйингоҳни ларзага келтирмоқда. Унинг ортидан қандайдир шарпалар билинар-билинмас таъқиб этиш билан банд, холос.
Ҳа, Пеленинг дриблинглари, мукаммал техникаси сабаб манаман деган рақиблар ҳам унинг олдида ва ортида шарпадек бўлиб қолишарди.
Ҳозир айрим мухлислар ва мутахассислар «Пеле замонида дунё футболи, ўйин назарияси, тактик схемалар ҳали унчалик ривожланмаганди, рақиблар ҳам кучсизроқ бўлган», дейишади. Балки бу фикрларда ҳам жон бордир. Бироқ унутмаслик жоизки, Пеле Беккенбауер, Факетти, Пушкаш, Яшин, Чарльтон, Эйсебио, Кубильяс каби афсонавий ўйинчилар замондоши эди. Ўша даврда ҳам рақобат кучли бўлган. Буни Англия, Ғарбий Германия, Италия, Венгрия, Чехословакия, Перу, собиқ Иттифоқ, Португалия, Югославия терма жамоаларининг мундиаллардаги ўйинлари, натижалари кўрсатиб турибди. Ҳали бола чоғидаёқ Пеле Швеция майдонларини ларзага солган: ўн саккиз яшар болакай 1958 йилги мундиалдан французлар дарвозасига учта, финалда эса мезбонлар дарвозасига иккита тўп киритган. Бундай натижага эришиш учун шунчаки зўр футболчи бўлишнинг ўзи камлик қилади. Кўпчилик мутахассислар 1368 та ўйин ўтказиб, жами 1281 та гол урган Пеленинг футболчи сифатидаги жисмоний имкониятларида сира нуқсон йўқлигини таъкидлашгани ҳам бежиз эмас.
Хўш, ҳар икки оёғида ҳам, бошию гавдаси билан ҳам тўпни моҳирона ўйната олиш, рақиб ҳимоясини дадил ёриб ўтиб, баҳслар тақдирини ҳал қилишдек бундай мукаммаллик замирида нималар ётибди, деган савол туғилиши табиий. Футбол қиролининг таржимаи ҳоли акс этган «Мен Пелеман» китобида айтилишича, футболчи бир неча бор ичкиликка ва тамаки чекишга эндигина ружу қўяётганида уни яқинлари бу иллатлар домидан асраб қолишган. Албатта, шахс камолотида оилавий муҳитда ҳам гап кўп. Ночор оилада ўсган, отаси каби тўп тепишга меҳр қўйган Пеле кейинчалик ҳам турли зарарли одатлардан йироқ бўлишга интилган. Табиатан босиқ, юморга мойил бўлгани ҳам бу инсоннинг бир умр фақат ҳурмат топишида, соғлом турмуш тарзи боис узоқ ҳаёт кечиришида муҳим роль ўйнаган бўлса керак. Пеле шу сабаб шахс сифатида, ижтимоий фаолиятида Марадонадан кескин фарқ қилади.
Қиролнинг ҳазилкаш, гапга уста бўлганлигини интервьюларида ҳам кўриш, сезиш мумкин. У Лев Яшин дарвозасига гол уролмаганидан афсусланган экан. Машҳур рус дарвозабонининг ватандоши бўлган бир журналистнинг «Қачон руслар футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлишади?» деган саволига Пеле «Қачонки, Бразилия хоккей бўйича жаҳон чемпиони бўлганида» деб жавоб берган экан.
У бир томондан камтар, бошқа томондан ўз қадрини биладиган беназир шахс ҳам бўлганини «вақти келиб Пеледан ҳам кучлироқ футболчилар етишиб чиқишади. Аммо Пеледақаси бошқа бўлмайди» деган сўзларидан илғаш мумкин.
Камдан-кам футболчига худди Пеледек фаолияти чоғидадек меҳр қўйишади. Ҳатто ўзаро сиёсий душман кучлар ҳам бразилиялик бу инсонни қанчалар қадрлаганларини 1975 йилда Ливан пойтахтида юз берган ҳолат айтиб турибди. Фуқаролар уруши ёқасидаги бу мамлакатга Пеле бошчилигида «Космос» жамоаси ўртоқлик ўйини учун сафар қилган ва ўшанда бразилиялик «қирол» ҳаққи-ҳурмати ана-мана бошланай деб турган жанг-у жадаллар вақтинчалик тўхтатилган. Байрутдаги марказий ўйингоҳда ҳар икки душман томон вакиллари афсунгарнинг ўйинидан баҳра олишган. Бунақаси тарихда яна бўлганми, йўқми, билмадигу, ҳар қалай, футбол шу тариқа нотинч араб диёрида тинчлик элчиси сифатида намоён бўлган.
Кўпчилик «Пеле футбол туфайли оламшумул шуҳрат топди, инсониятнинг таниқли шахсларидан бири бўлиб қолди» дейди. Танганинг иккинчи томони бўлганидек, футбол айнан Пеле туфайли миллионлар ўйинига айланди. Футбол айнан шу бразилиялик йигит сабаб юзга яқин спорт турлари орасида биринчи рақамли ўйин бўлди.
Сўнгги йиллар жаҳон футболи учун анча оғриқли ўтяпти. Аввалига Кройф, Марадона, Паоло Росси каби ўтмиш юлдузлари, энди эса Пеле бизни тарк этди. Футбол борган сари етим бўлмоқда. Начора, бу – ҳаёт қонуни. Аргентиналик афсонавий футболчи вафот этганида Пеле «Энди биз самода бирга тўп тепамиз» деган эди.
Яқинда кимдир «Само терма жамоаси енгилмасдир. Чунки унда Пеле ва Марадона ўйнайди», дея фикр билдирди. Ўз навбатида, Роналду ўзининг инстаграмдаги шахсий саҳифасида шу сўзларни ёзди:
«Бразилияга чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Айниқса, Пеленинг оиласига. Шунчаки «хайр» сўзи футбол оммаси чекаётган қайғуни ифодалай олмайди. Миллионлаб инсонлар учун Пеле завқланиш ва илҳомланиш манбаи эди. У ҳеч қачон унутилмайди. Ҳар бир футбол ишқибози қалбида Пеле мангу яшайди».
Эндиги қирол, дея таърифланаётган Леонел Месси ҳам Пеле хотираси ҳурмати юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиргани ҳам диққатга лойиқ.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
журналист