Aмрилло Иноятов 1979 йили Бухоро вилоятида туғилган. 2022 йилнинг 30 декабридан Соғлиқни сақлаш вазири. Унга қадар соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.
Тиббиёт – барчага бирдек тааллуқли соҳа. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, йилда бир-икки бор тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбурмиз. Аммо кўпинча поликлиникалардаги турнақатор навбатлардан, сал жиддийроқ текширувлар талаб қилинса, оилавий поликлиника билан хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида бўзчининг мокисидек қатнашдан, тиббий хизматлар сифатидан, хато-камчиликлари кўп даволаш тизимидан кўнглимиз ранжийди. Энг ачинарлиси, жамиятимиз ўтган йил охирида «Док-1 макс» дори воситаси билан боғлиқ фожиалардан ҳалигача ўзига кела олгани йўқ…
Хўш, соғлиқни сақлаш тизимидаги бу каби муаммоларнинг ечими борми? Ёки уларга кўниб-кўникиб яшайверишимиз керакми? Тиббиётимизда одамларга чинакам нафи тегадиган, ҳамюртларимиз саломатлигини ўйлаб қилинадиган туб ислоҳотлар қачон бошланади? Биз тайинланганига ҳали икки ҳафта ҳам бўлмаган янги вазир Амрилло Иноятов билан шу хусусда суҳбатлашдик.
– Амрилло Шодиевич, соғлиқни сақлаш тизимида ишлаб, кичик илмий ходимликдан вазир даражасига эришдингиз. Демак, биз сўрамоқчи бўлаётган муаммолар илдизини жуда яхши биласиз. Президентимиз бот-бот айтаётган «одамларни рози қиладиган» тиббиётни яна қанча кутишимиз керак?
– Мамлакат аҳолиси саломатлигини таъминлаш – давлатимиз келажагига дахлдор ўта жиддий масала. Шу боис сўнгги беш йил давомида Президентимиз бу масалага доимий эътибор қаратиб келяпти. Бугун бизга қўйилаётган талаб жуда оддий: «Соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги «касалликлар»га тўғри диагноз қўйиб, давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур».
Вазирлик айни кунларда шу масалалар ечими устида иш олиб боряпти. Тиббиётимизнинг ҳар бир бўғинида зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар жуда кўп. Аммо биз уларни кўпинча фрагментар тарзда ечишга ҳаракат қилдик. Фрагментар ёндашувда, албатта, фрагментар натижа олинади. Бу – тизимли муаммо. Тизимли муаммони ечиш учун эса тизимли ёндашув керак. Бизда шу пайтгача ана шу ёндашув кўзга ташланмади.
Ҳозирги кундаги асосий масала – тиббиётни аҳолига яқинлаштириш. Мамлакатимиз аҳолиси тиббиётдан нега норози? Чунки жўғрофий жиҳатдан тарқоқ жойлашган давлатмиз. Юртимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли ҳам кафолатланган сифатли тиббий хизматдан фойдалана олиши керак. Президентимиз мана шу сиёсатни олдимизга устувор вазифа қилиб қўйдилар ва уларни амалга оширишни бошладик. Тиббиёт энг олис ҳудудларга ҳам яқинлаштирилади. Бу – чекка ҳудудларга ҳам малакали шифокор, малакали ҳамшира, зарур барча дори воситалари ва тиббий жиҳозлар етиб боради, деганидир.
Охирги 2 йил ичида 2000 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилиб, уларнинг жами сони 4200 тага етди. 6,5 млн. аҳолига тиббиёт янада яқинлашди. Мижозлар зарур дори воситалари билан таъминланди.
Бу йил сифатли ва кафолатланган тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яна 500 тадан зиёд ана шундай ихчам маҳалла тиббиёт пункти ва 140 та оилавий поликлиника очишимиз керак. Лекин бу билан ишимиз юришиб кетмайди. Бунинг замиридаги мазмунга эътибор қаратишимиз лозим. Бу – тиббий жиҳоз. Ҳар бир бирламчи тиббиёт бўғинининг ўз нормативи бор. Маҳалла тиббиёт пунктида, оилавий шифокорлик поликлиникасида, оилавий поликлиникада, кўп тармоқли марказий поликлиникалар ҳамда туман ва шаҳар касалхоналарида қандай тиббий жиҳозлар ўрнатилган бўлиши керак? Мана шуларнинг рўйхатини шакллантирдик. Бу йўналиш учун жуда катта маблағ ажратилди. Биргина халқаро молия институтларининг ўзидан 10 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиб, жиҳозлар харид қилинди. Улар яқин уч ой ичида янги поликлиникаларга тўлиқ етказиб берилади.
Шунингдек, ҳар 2000 нафар аҳолига битта оилавий шифокор ва унинг атрофида 3 тадан 5 тагача универсал патронаж ҳамшира бириктирилган. Бундан ташқари, барча бўғиндаги поликлиникаларни белгиланган ҳамма турдаги дори-дармон ва воситалар билан таъминлаш масаласини ҳал этишимиз зарур. Бу йўналишларда аниқ манзилли дастур ишлаб чиқилган. Президентимизга минг раҳмат, маблағ ажратиб бердилар. Энди унинг ижросини ҳеч қандай коррупцияни аралаштирмай, тезроқ таъминлашимиз керак.
– Суҳбатимиз давомида бирламчи тиббий бўғинни ривожлантириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаганингиз сабаби нимада?
– Бу саволингизга жавобни онкологик касалликларга боғлиқ вазият билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Онкологияда энг катта вазифа – касалликни дастлабки босқичларда аниқлаш. Бугун мамлакатимизда расман 113000 нафар онкологик бемор назоратга олинган. Уларнинг 7000 нафари Хоразм вилоятига тўғри келади. 2019 йилда шундан 3500 нафари вазирлик ордери билан Тошкентдаги онкологик марказга даволанишга қатнаган бўлса, 2020 йили бу кўрсаткич 2 бараварга камайиб, 1700 тага, 2021 йилда 750 тага тушди. 2022 йилда эса бор-йўғи 131 нафар бемор марказга текшириш ва даволанишга келган. Бу ҳудудларда даволаш ва диагностика хизматлари такомиллашиб бораётганидан далолат беради.
Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида қурилаётган 650 нафар беморга мўлжалланган онкология маркази жуда замонавий марказ бўлади. Унга биз шу пайтгача фойдаланмаган 10 тага яқин янги технологиялар, янги стандартлар кириб келяпти. Бундай технологияларни босқичма-босқич бошқа ҳудудларга ҳам жорий қилиш – олдимизда турган асосий вазифалардан бири.
Халқимиз тиббиётдан рози бўлиши учун, авваламбор, бирламчи бўғинни кучайтиришимиз жоиз. Унга ҳамма ресурсимизни йўналтириб, эътибор қаратсак, касалликни дастлабки босқичларда аниқлаб, ўша босқичда самарали даволашга киришиш имконини яратган бўламиз.
Бу йўналишда Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Япония каби давлатлар тажрибасини ўрганяпмиз. Масалан, Ҳиндистон халқ табобати йўналиши – Аюрведани стандарт протокол билан ўзининг бирламчи тиббий бўғинига жорий этган. Бизда ҳам анъанавий даволаш тизимига халқ табобатини интеграция қилиш ҳамда даволашнинг гибрид шаклини қўллаш вақти келди.
Мамлакатимизда 500 дан ортиқ ноёб шифобахш гиёҳлар бор. Уларни ўрганиш, тиббиётга жорий этиш билан ҳеч ким жиддий шуғулланмаяпти. Биз ишни шундан бошлашимиз керак. Шифобахш ўсимликларни аниқлаб, уларни кўп етиштиришни йўлга қўйсак, юқори технологик дори ишлаб чиқариш, ўзимиздан орттириб, четга экспорт қилиш имкони пайдо бўлади.
Замонавий кадрларни тайёрлаш ҳам долзарб вазифа. Шу боис юқорида тилга олинган давлатлар билан ҳамкорликда, қўшма таълим дастурлари асосида халқ табобати йўналишида 4 йиллик кадрларни тайёрлаш тизимини амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган. Жуда катта стратегик вазифа эса раҳбар кадрларни шакллантиришдир. Ҳозир соғлиқни сақлаш тизимида 10-15 минг нафар раҳбар фаолият юритади. Бугун ўша раҳбарлар ишга шунчаки келиб-кетаётган, ўзини ишлаётгандек кўрсатаётган бўлиши мумкин. Лекин натижа бўлмаса, ундай раҳбарнинг кераги йўқ.
Биз раҳбарларнинг янги авлодини шакллантиришимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ишлаб турган раҳбарларимиз дунёқарашини ўзгартиришимиз, шунингдек, соҳада етишиб келаётган ёш раҳбар кадрларни шакллантиришимиз керак. Ана шу потенциалдан оқилона фойдалансак, яқин 2-3 йилда тиббиётимизнинг тўлиқ трансформациясига эришишимиз мумкин.
– Сиз айтаётган муаммоларнинг ҳал этилиши, албатта, яхши. Аммо ҳали йирик шаҳарларимиздаги бирламчи тиббиёт бўғинларида ҳам анча-мунча муаммолар бор. Малакали шифокорларнинг етишмаслиги, даволаш стандартлари ва протоколларига риоя этмаслик ва ҳоказолар…
– Тўғри таъкидладингиз, бу масалаларда ҳам камчиликларимиз бор. Рақамлар асосида айтадиган бўлсам, ҳозир тиббиётимизнинг бирламчи бўғинида қарийб 10000 нафар шифокор етишмайди. Халқаро тажрибада дуал таълим деган тушунча мавжуд. Ана шу тажрибадан келиб чиқиб, тиббиёт олий ўқув юртларининг 6-курси талабаларига бирламчи бўғинда ишлаш имкони яратилди. Ўтган йили охирги курс талабаларининг 5555 нафари шу тариқа иш билан таъминланди. Бу ҳам кадрлар тақчиллиги муаммосини бартараф этишга хизмат қилади, албатта.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кадрлар етишмовчилигини тўлдириш учун бугун бирламчи бўғинда ишлаётган шифокорларга икки ҳиссагача ишлаш ҳуқуқи берилган. Айрим шифокорлар тунги навбатчиликда ҳам туриши мумкин. Уч, тўрт ҳисса ишлаётган ҳамкасбларимиз ҳам бор. Бу эса тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари мисолида оладиган бўлсак, ҳозирги кунда 30 минг нафар шифокорга эҳтиёжимиз бор. Бу – рўйхатга хусусий секторда фаолият юритаётган тиббиёт муассасаларини киритмаганимиздаги аҳвол. Биз ҳали хусусий секторни ҳам малакали кадрлар билан таъминлашимиз лозим. Кўриб турганингиздек, замонавий шифокорларни тайёрлаш энг катта вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Иккинчи масала – даволаш стандартлари ва протоколларига риоя этмаслик. Бизда халқаро даволаш стандартлари ва протоколлари жорий этилиб, вазирлик томонидан тасдиқлаб берилган. Бироқ уларга амал қилиш баъзи жойларда талаб даражасида эмас. Бунинг асосий сабаби шифокорларимизнинг, муассасалар раҳбарларининг масъулиятсизлигида, қолаверса, шифокорларимизнинг билим даражаси етарли эмаслигидадир. Ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам, бу ҳақиқатни тан олишимиз керак.
Битта поликлиниканинг ўзида битта беморга тўртта шифокор тўрт хил даволаш усулини ёзиб бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу дунё стандартлари тўлиқ жорий этилмагани оқибатидир.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтайлик. Бугун биз тиббий хизматнинг қайси тури бепул, қай тури пулли эканига аниқлик киритиб олишимиз керак. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, шу бир ой ичида ҳар бир тиббиёт бўғинида кафолатланган бепул пакет жорий этилади. Ҳозирги пайтда нозологияда 17500 тага яқин касаллик бўлса, улар оилавий шифокорлик поликлиникаси, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда туман, шаҳар шифохоналарининг қай бирида даволаш бўйича рўйхат шакллантириляпти.
Ушбу касалликлар билан келган беморга клиник, инструментал, лаборатор текширувлар учун зарур барча жиҳозлар ва реагентларни бепул таъминлаб бериш, бу касалликни халқаро стандартлардан келиб чиқиб, қайси дори воситалари билан даволаш зарурлигини аниқлаштириб, бу пакет ичида уларни 100 фоиз бепул таъминлаб беришни йўлга қўяяпмиз. Буни узоғи билан бир ой ичида имзолаймиз. Жадал иш олиб боряпмиз. Бирламчи бўғинда касалликлар рўйхати ва унга кетадиган барча дори воситалари ва текширув учун зарур реагентларни бепул таъминлаш тизими жорий этилади. Шунингдек, вилоятлар ва республика даражасида ушбу касалликлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, бирламчи тиббий хизмат бўғини билан интеграциялаштирилади.
– Сўнгги пайтларда соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини рақамлаштириш ва суғурталаш тизимини жорий этиш ҳақида кўп гапириляпти. Бунинг эҳтиёжи ва аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?
– Тиббиётимизда бирон-бир натижага эришмоқчи бўлсак, авваламбор, тиббиётни рақамлаштириш ва тиббий хизматда суғурталаш тизимини йўлга қўйишимиз даркор. Агар бу мақсадларга эришолмасак, тиббиётимизда олға силжиш бўлмайди.
Бу тажриба дастлаб Сирдарёда синаб кўрилди. Илк натижалари бор. Энди ушбу тизим Тошкент шаҳрида ҳам қўлланилади. Шунингдек, шу йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Андижоннинг барча тиббиёт муассасаларини интернет билан таъминлаш, иккинчи ярим йилликда тиббий суғуртани амалга ошириш, рақамли оилавий поликлиника ва рақамли стационарларни ишга тушириш вазифаси турибди. 2024 йилдан бу ишлар мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида ҳам амалга оширилади.
Албатта, биринчи навбатда, ҳар бир бўғинда раҳбар бор. Агар у очиқ, шаффоф, адолатли ишлашга ўрганган бўлса, қўл остидагилардан ҳам шуни талаб қилади. Тизим жиловини маҳкам ушласа, у ерда коррупция камаяди. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Шу боис тизимни рақамлаштириш ва тиббий суғуртани жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса ҳаммасини жой-жойига қўяди. Афсуски, ушбу тизимга ўтишни хоҳламайдиганлар бор. Чунки кўп нарса, жумладан, коррупцион ҳолатлар ҳам очилиб кетади. Уларнинг олдини олиш учун жорий йилнинг ўзидаёқ катта қадамлар ташлашни режалаштирганмиз.
Эҳ-ҳе, қанча тўсиқлар бор… Лекин аҳдимиз қатъий – барчасини енгамиз. Тиббиётимизни рақамлаштириб, тиббий суғуртага ўтамиз. Тиббий суғурта ҳар бир даволаниш ҳолати бўйича, ҳар бир беморнинг қандай ташхис билан, қайси протокол асосида муолажа олганини ўрганиб, харажатларни қоплаб беради. Агар белгиланган стандартлардан чиқиб кетилган бўлса, пулни муассасанинг ўзи ёки шифокор тўлайди.
Иккинчи масала – мамлакатимиздаги дорихоналар муаммоси… Ҳозир юртимизда 15 мингдан ортиқ дорихона бор. Аксарияти ўзбошимчалик билан фаолият юритяпти. Уларни тартибга солиш учун буйруқ тайёрлаяпмиз, у бир-икки ой ичида имзоланади. Бундан буён барча даражадаги тиббиёт муассасалари дорихона функциясини ўзи бажаради. Қандай қилиб? Шифохоналаримизга икки тоифадаги беморлар мурожаат қилишади. Биринчидан, аҳолининг маълум имтиёзларга эга контингенти. Кафолатланган пакетда бу тиббиётнинг барча бўғинларида ҳисобга олинган. Пакетга асосан тиббиёт муассасаси уларни бепул даволайди. Бемор дори-дармонларни ўзи сотиб олмайди. Иккинчидан, имтиёзга эга бўлмаган, ётиб пулли даволанадиганларнинг қўлига шу пайтгача рецепт ёзиб берилар, улар эса ушбу дориларни дорихоналардан сотиб олиб келтиришарди. Энди бу тизим бекор қилинади. Шифохонанинг ўзи пулли даволанаётган беморни ҳам стандарт протоколдан чиқмаган ҳолда дори-дармон билан таъминлаб беради. Бунинг учун шифохона бюджетдан ташқари ўз маблағлари ҳисобидан энг арзон, сифатли дори ишлаб чиқарадиган компаниялардан уларни харид қилади. Шунда коррупция ҳам, сифатсиз дориларнинг аҳолига сотилиши ҳам барҳам топади. Ўтган йил ниҳоясида бир қанча норасидаларнинг сифатсиз дори воситасидан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмишидек аянчли ҳолатларга чек қўйилади. Шифохонадаги дориларнинг сифати ва нархи, шубҳасиз, давлат томонидан назорат қилиб борилади.
– Лекин тиббий суғуртани оддий одамлар ҳалигача тушунмаяпти. Дейлик, чет элда асосан ишлайдиган, белгиланган солиқларни тўлайдиган шахсларнинг тиббий суғуртаси бор. Мамлакатимиздаги тиббий суғурта қандай бўлади? Aҳолининг кам даромадли, кўмакка муҳтож қисми тиббий суғурта билан қандай қамраб олинади?
– Бизда дастлаб давлат тиббий суғуртаси жорий этилади. У давлат томонидан тўлаб берилади. Кафолатланган пакетларнинг шакллантирилиши шунинг учун. Давлатимиз ривожланиб боряпти. 50-60 фоиз аҳолининг даромадлари ошгандан кейин мажбурий тиббий суғуртага босқичма-босқич ўтишни бошлаймиз. Бунинг учун аҳолининг асосий қисми иш билан таъминланиши керак. Шундан кейингина биз уларни мажбурий тиббий суғуртага ўтказа оламиз. Бунга давлат суғуртаси орқали 2-3 йил давомида тайёргарлик кўриб борамиз. Пировардида мажбурий тиббий суғуртага ўтилади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизнинг тимсолингизда эл-юрт соғлиғини асраб-авайлашдек ўта масъулиятли ва шарафли касб эгаларига ишларида муваффақиятлар, ўзларига тинчлик-омонлик тилаймиз.
«ISHONCH» мухбири
Жаҳонгир НАҲАНОВ
суҳбатлашди



