Талабаликни умрнинг гўзал баҳорига қиёслаймиз. Негаки, бу даврда ғаройиб ҳодисалар кўп бўлади. Гоҳида беғубор болалигинг жўшиб ўйнаб қоласан, гоҳида келгуси тақдирингни ўйлаб, хаёлга толасан. Катта ҳаётга бир қадам қолганда ҳам шўх болаликни қўлдан чиқаргинг келмайди.
…Аудиториянинг пастки қаватидаги ошхонадан талабаларнинг севимли сомсаси ҳиди уфуриб турганда маъруза қулоққа киради дейсизми? Гўёки соатга тез-тез қарасак, вақт тезроқ ўтадигандек ҳамманинг кўзи телефонда. Вазифаларни чала-чулпа ёзиб оламизда, жуда банд инсондек пастга шошиламиз. Тўрт йил давомида шу тарзда ўтган кўп маърузаларда қатнашдик.
Тан олиш керак, бизни ўзига бутунлай ром этган маърузалар ҳам бор эди. Таниқли адиб, публицист ва адабиётшунос Хуршид Дўстмуҳаммаднинг аудиторияни тамоман сеҳрлаб қўядиган дарслари худди саккиз дақиқада тугаб қолгандек туюларди. Биз уларни жон қулоғимиз билан тинглардик. Бу пайтда ошхонадан келадиган сомса ҳиди иштаҳамизни қитиқламасди.
Мен ҳар гал маъруза тез тугаганидан, вақт жуда тез ўтиб кетганидан афсусланардим. Бироқ дарс якунланиши биланоқ қалбимни шунақанги ижодий руҳ, шунақанги жўшқинлик эгаллаб олардики, уни сўз билан ифодалаб бўлмасди. Устоз эса талабаларни «уйғотиб», қалбига ижод завқини шундай улашардики, маърузадан сўнг кимдир китоб ўқишга, яна кимдир мақола ёзишга киришиб кетганини ўзи ҳам билмай қоларди.
Домланинг нафақат мароқли суҳбатлари ва маърузалари, балки китоблари ҳам кишини ниманидир қоралашга ундайди. Шу боис у кишининг маърузаларини соғинсам ёки ёзишга мавзу қидирсам, «Ижод – кўнгил мунавварлиги» асарини қайта варақлайман. Чунки бу асарни ўқисангиз, кўп инсонлар тақдири билан танишасиз, талай янги маълумотларга эга бўласиз, устознинг ўқиган китобларига, таниган инсонларига, шахсий кутубхонасига нисбатан ҳавасингиз ортади. Ижод эса қалбингиздаги бор ғуборни тарқатиб юборади. Осмонга парвоз қилаётган қуш завқини ҳис қиласиз. Рисоладаги «Ижод завқи чоғларида кўнгил шу қадар чароғон нурга тўладики, бу нур ижод аҳлининг, ундан ўтиб ижод мухлисларининг қалбини, ундан-да ошиб дунёни мунаввар қилади», деган фикрлар баайни ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўласиз.
Хуршид Дўстмуҳаммад талабаларни ўз фарзандларидек яхши кўради, улар билан устоз-шогирд эмас, яқин дўст ёки меҳрибон ота сифатида суҳбатлашади. Аудиториядаги ҳар бир йигит-қиз нималарга қодирлигини жуда яхши билади. Домла учун талабаларнинг рейтинг дафтарчасини баҳолаш қийинчилик туғдирмасди. Учта саволдан иборат бўлган оралиқ ёки якуний дафтарларнинг кераги ҳам йўқ эди, аслида. Чунки талаба зоти шунчалар уддабуронки, устозларнинг баҳолаш усулини, муҳр босилган дафтарни тўлдириш ёки тўлдириш шарт эмаслигини жуда яхши билади. Ҳатто, қайси домла дафтарни қай йўсинда текшириши ва баҳолаши борасида тахминий қарашларга ҳам эга.
Бир йили Хуршид Дўстмуҳаммад шундай «кўр-кўрона» дафтар тўлдириш жараёнида ўзгача йўл тутди. Якуний назорат ишига вазифа қилиб, эссе ёзиб келиш ни топширди. Аслида бу ижод қилдиришнинг ўзига хос бир усули, профессионал ўқитувчининг маҳорати саналарди. Шу боис мен ҳам педагоглик фаолиятимда устоз фойдаланган методлардан фойдаланиб келяпман.
Ёндафтаримдаги қайдлардан
Қуйида устоз билан бўлган мулоқотлар асноси ёндафтаримга ёзиб олган жумлаларни келтиришни жоиз деб топдим. Улар устознинг бирон-бир мақоласида, суҳбати ёки китобида чоп этилмаган, балки бир талаба қизнинг шахсий кундалигидан ўрин олган. Шунга қарамай, ишончим комилки, ижодкорлар учун асқатиши аниқ.
* Ҳар бир соҳага, ишга кириб келишингда мақсадни англаб ол!
* Танлаган мавзуингни «ўйнатиб» ташлайдиган даражада ўрган!
* Танлаган мавзуингнинг хўжайинига айлан. Эгаси бўл. Унинг майдонига бошқалар киришига йўл қўйма!
* Битта илмий мақолада битта муаммони очиб бер. Иккитаси ортиқча.
* Ҳурматни сақла, лекин мавзуга келганда, ҳеч кимни ҳурмат қилма!
* Базани мустаҳкам қилсанг, дадил юрасан!
* Танлаган мавзуингнинг қўшниларини ҳам ўрганиб қўй!
* Ҳар бир ёзганингда одамларни фикрлашга ундагин.
* Аниқликка интил!
* Лозим, керак, зарур сўзларидан йироқ юр!
* Асарни ҳеч қачон баҳолама, таҳлилингнинг ўзидан баҳоси кўринади.
* Ҳар қандай даврада ўз «мен»ингни поймол қилма!
* Бошлаган ишингни боплаб бошла ва боплаб якунла!
* Ўз имижингни ярат ва шундай ушлай бил. Муомалали бўл!
* Аҳмоқ билан аҳмоқларча, тентак билан тентакларча, ақлли билан ақллиларча гаплаш!
* Ҳар бир қилган ишинг акс-садо берсин!
* Хулоса чиқаришга шошилма. Ўрган!
Эсимда, саккизинчи синфда ўқиётганимда қораламаларимни кўрсатгани «Жануб вақти» газетасига олиб борганман. Шунда устоз Абдурасул Жумақулов (ҳозир «Ҳуррият» газетаси Бош муҳаррири) «Агар яхши ёзишни истасанг, ишни кундалик дафтар тутишдан бошла ва унга ҳар кунингни муҳрлаб қўй», деганди. Университетга ўқишга кириб, Хуршид Дўстмуҳаммаддан эшитган биринчи гапим ҳам шу бўлди. Менга у кишининг 2001 йили «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилган интервьюсидаги «Ёшларга ҳаёт ҳақида қатъий маслаҳат бериш фойдадан кўра зиён келтириши тайинроқ», деган гапи жуда ёққан эди.
Дарвоқе, домла билан суҳбатлашсангиз, ундан «у оқ, бу қора» деган насиҳатомуз сўзларни эшитмайсиз. Қалбингиз туб-тубидаги ҳисларни уйғотиб, дилингиздаги ўй-хаёлларингизга, ечилмаган тугунларга малҳам топгандек бўласиз. Бу ўринда устозни кучли психолог десам, хато бўлмайди.
Бакалавр битирув малакавий ишимни «Замонавий матбуотда болалар нашрлари» мавзусида ёқладим. Шу жараёнда Миср Араб Республикасида нашр этилаётган «Самир» болалар журналини ўзимизда мавжуд болалар нашрлари билан таққослаб ўргандим. Бу кўпчиликка, жумладан, Хуршид Дўстмуҳаммадга ҳам маъқул келди. Шундан сўнг устоз «Энди Сизни «Самира» деб чақираман», деб қолди. Ҳозир орадан ўн йил ўтган бўлса-да, ҳали ҳам ҳар учрашганимизда мени Самира деб атайди.
Биз ўқиган даврда ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетида устознинг «Ёш олимлар» тўгараги бўларди. Унда магистрлар, илмий иш билан шуғулланаётган изланувчилар қатнашардилар. Тўгарак баҳонасида ҳам Хуршид Дўстмуҳаммаднинг кўп маърузаларини тинглашга муяссар бўлганман.
Бундан икки-уч йил олдин «Ёшлар» телеканалининг «Икки эшик орасида» номли кўрсатувида устоз билан суҳбат олиб борилди. Уни кўриб хаёлимда гўёки ҳаёт ҳамда инсонлар ўртасидаги яхши ва ёмон муносабатлар, инсоний фазилатлар ҳақида ажойиб бир асар ўқигандек бўлдим. Домланинг ҳаёт ҳақидаги қарашларини, аёлга ҳурмат, инсон қадри, мулоқот маданияти, олий мақсадга доир ҳаётий ҳақиқатларни англагандекман, назаримда.
Хуршид Дўстмуҳаммадни таниганлар яхши билишади, у киши билан шунчаки мулоқот қилишнинг иложи йўқ. Қайси касб эгаси эканингиздан қатъи назар, домланинг суҳбатидан ўзингиз учун кўп нарсаларни оласиз. Балки бу ҳам профессионал журналистнинг маҳоратидир. Устознинг ҳар бир сўзи ёндафтарингизга ёзиб қўйиладиган шиор кабидир.
Эътиқодхон ОТАҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ ўқитувчиси
