Фронтдан мактублар тўплами

60

«Ўзархив» агентлиги архивларда қарийб саксон йил давомида сақланган Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек жангчиларининг фронтдан юборилган мактубларини китоб ҳолида жамлади.

Мактуб – ҳаётнинг бир парчаси. Қалб сўзларидан тўкилган сатрларни ўқир экансиз, мактуб эгасининг ҳаёти, тасвирлаётган воқеалар беихтиёр кўз олдингизда гавдаланади. Бир муддат сиз ҳам ўша он, ўша лаҳзалар билан яшайсиз.
«Ўзархив» агентлиги томонидан хайрли ташаббусга қўл урилди. Архив тизимида қарийб саксон йил давомида сақланиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек жангчиларининг фронтдан юборилган мактублари китоб ҳолида жамланди.
Миллий матбуот марказида «Аскар мактуб­лари» китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда «Аскар мактублари» китобида жангчиларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари ҳамда ёру биродарларга йўллаган самимий дил изҳорлари ва эзгу тилаклари акс эттирилгани, энг муҳими, давлат архивларидаги 5 мингдан зиёд аскар мактубларининг бирортасида ўлимдан қўрқиш, қийинчиликлардан нолиш қайд этилмагани алоҳида таъкидланди. Бу, айниқса, ёшларнинг иккинчи жаҳон урушидаги ўзбек аскарлари қаҳрамонликлари, уларнинг жасорати, ғалабага бўлган ишонч ҳамда Ватан, оиласига бўлган севгисидан ибрат олиб, ота-боболаримизга ҳурмат ва эҳтиром туйғусини кучайтиради.
Тақдимотдан сўнг ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»