Қиш фаслидаги совуқ ҳаво нафақат инсон танасига, балки руҳиятига ҳам таъсир қилади. Кўпчиликнинг иш унумдорлиги сусаяди. Ҳар биримизни қандайдир касаллик бир «туртиб» кўради. Айрим сурункали хасталиклар авж олади. Хўш, қиш чинакам кумуш фаслга айланиши учун нималар қилиш керак?
Совуқ об-ҳаво шароитида киши тез-тез, вақти-вақти билан оғзидан ҳам нафас олади. Бу эса нафас йўллари шамоллашига олиб келади. Совуқ ҳавода кўчада кўп юриш оқибатида бурун битиб, кўзларда ёш ва оғриқ пайдо бўлади. Иссиқ хонага қайтгач, аломатлар йўқолади. Бу совуқ аллергия – совуқ ринит ва совуқ конъюнктивитдир. У бронхоспастик рефлексни келтириб чиқариши, бронхитга, бронхиал астмага сабаб бўлиши эҳтимоли бор.
Бронхит йўтал, кўкрак қафасидаги оғриқ, бронхлар яллиғланиши билан кечади. Унинг ўткир ва сурункали турлари мавжуд. Аввало, ўткир бронхит бошланади. Ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик, ўзбошимчалик билан даволаниш ёки муолажани охиригача етказмаслик туфайли у сурункали тус олади ва саломатликка жиддий путур етказади. Хасталикнинг олдини олиш учун чекишни ташлаш, сигарета чекилаётган хонада ўтирмаслик, хона намлиги 30-45 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш, шамоллашларни вақтида даволатиш керак.
ЎРВИ оқибатида келиб чиқадиган нафас йўллари касалликларидан бири зотилжам, яъни пневмониядир. Касалликнинг енгил кўринишида у гўё шамоллаш ва гриппга ўхшайди, бироқ узоқ давом этиши билан фарқланиши мумкин. Жумладан, қуйидаги белгиларга эътиборли бўлиш лозим: нафас олганда ёки йўталганда кўкрак қафасида оғриқ бўлиши, балғамли йўтал, озгина зўриқишда, суҳбатлашиш жараёнида нафас қисиши, чарчоқ, кайфият бузилиши, тана ҳарорати пасайиши, иштаҳа ва жисмоний фаолликнинг сусайиши, чанқоқ, оғиз қуриши кузатилади.
Чақалоқлар ва болаларда инфекция белгилари бўлмаслиги ҳам мумкин. Улар безовталанадилар, хархаша қиладилар. Тана ҳарорати кўтарилиши, йўтал, чарчоқ, нафас олиш ва овқат қабул қилишда муаммолар кузатилади. Улар нафас олиш билан боғлиқ бўлса, кўкрак қафасида оғриқ кузатилса, иситма, йўтал, асосан ҳўл йўталда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Айниқса, хавф гуруҳига кирувчи 65 ёшдан ошганлар, юқоридаги белгилар кузатилган 2 ёшгача бўлган болалар, сурункали ичувчи ва чекувчилар, гиёҳвандлар, сурункали хасталиклари бор кишилар, иммун тизими паст бўлганлар, кимётерапия ёки иммун тизимига таъсир кўрсатувчи бошқа муолажа олганлар, узоқ муддат ётоқ режимида даволанаётганлар бу касалликларнинг биринчи белгилари намоён бўлиши биланоқ шифокор ёрдамидан фойдаланиш зарур. Айрим юрак етишмовчилиги ёки сурункали ўпка касалликлари билан оғриган кексалар учун пневмония ўлим хавфини келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Пневмония ва гриппнинг баъзи турларига қарши вакциналар мавжуд. Аммо кўрсатмалар ўзгариб туриши сабабли эмлашдан олдин, ҳатто аввалроқ пневмонияга қарши вакцина қабул қилган бўлсангиз ҳам, шифокор кўригидан ўтишингиз шарт.
Пневмониянинг олдини олиш учун сурункали хасталикларни ўз вақтида даволатиш керак. Шунингдек, нафас машқларини мунтазам бажаришнинг ҳам нафи катта. Бунинг учун ўнг қўлингизни қорнингизга, чап қўлингизни кўксингизга қўйинг. Нафас олинг ва қорнингизни шиширинг. Қорнингизни секин тортинг ва нафасни секин чиқаринг. Бу машқни дастлабки кунлари бир дақиқа, кейинчалик уч дақиқагача бажариш мақсадга мувофиқдир.
Шифокорлар тавсиялари ва
интернет материаллари асосида
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА тайёрлади
