Ойнинг кўринмас томони ҳам бор

83

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эътиборига!

 

«Ishonch» газетасининг 2023 йил 5 январдаги сонида эълон қилинган «Гап аслида муаллимларда…» сарлавҳали мақола кенг жамоатчилик эътиборини тортди ва унга кўпчилик муносабат билдирмоқда. ­Қуйида айрим муносабатлар ҳавола этилмоқда.

 

Мақолани катта қизиқиш билан ўқидим ва афсусландим ҳам.
Мақола руҳидан шу англашиладики, таълим ва тарбия борасидаги ечимнинг бир учи бевосита мактаб ўқитувчиларининг фикру фидойилигига боғлиқ. Муаллиф бежиз янгидан тайинланган вазирга мурожаат этиб: «…тепадан ва ташқаридан турли «реформа»ларни кучайтиришдан аввал бир устозларнинг ўзларига қулоқ тутинг, уларнинг дардини тингланг, аслида соҳанинг бутун дарду ташвишларини улардан ўтказиб ҳеч ким сизга тўғри таҳлил қилиб бера олмайди» деган таъкиди кўп нарсани англатади.

Тўғри таклиф. Халқимизда «чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деб бекорга айтилмаган. Педагогларни жон қулоқ билан эшитиш керак, аммо кутилмаганда пайдо бўлиб қолган раҳбарларни эмас, соҳани ипидан игнасигача биладиган, тизимнинг барча босқичларини ўтаган, билимли ва фидойи мутахассисларни тинглаш зарур. Шундагина фикрлар уйғунлашади, таклифлар тош босади.
Нега соҳани вилоят, шаҳар, туман даражасида чуқур ўрганиб, таълимда бурилиш ясаганлар намуна сифатида тилга олинмайди-да, айланиб-ўргилиб хорижий тажрибалар мақталгани мақталган? Нима, бизда салоҳиятли мактаб ёки иқтидорли ўқитувчилар умуман йўқми? Ўнлаб педагогика университетлари, илмий тадқиқот ва малака ошириш институтлари томошабин ролини ўйнаб тураверадими? Бу муассасалар кимни қандай ўқитади, нималарни тадқиқот қилади ва кимларнинг малакасини қанақа оширади?
Мактаб ўқитувчиларига сўз бериш ва уларни тинглаш фурсати аллақачон етган. Аммо уларга ким минбар беради ва кимлар дардини эшитади? Соҳанинг туман, вилоят, республика раҳбарларими? Шу пайтгача бирор бир ўқитувчининг билдирган фикрига ­эътибор қаратилиб, маъқул томони жорий этилганми?
Ҳақиқатга тик қаралса, фикрни ҳам, ечимини ҳам «катталар» айтиши совет замонасида қолган мерос. Фақатгина уларники тўғри ва маъқул! Мактаблар фаолия­­ти тор изли темир йўлдаги трамвайларга ўхшаб қолган. Маршрут белгиланган.
Тўғри, мустақилликка эришилгач, «Ойнинг кўринмайдиган томони»даги ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрила бош­ланди. Лекин мактаблар биноси янгиланиб, замонавий жиҳозлар билан қанчалик ­бойитилмасин, таълимда жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмади.
Касби, маоши оиласининг эҳтиёжини қондирмаган ҳар қандай одамнинг қўли ишга бормайди. Руҳан толиқади, чалғийди, рўзғорни бутлаш учун бошқа йўл ва имкон қидиради.
Хўш, кейинги ўн йилда педагогика инс­титут ва университетларини қанча талаба битирди ва улардан ҳозирда қанчаси мактабда ишлайди? Айнан мана шу ўн йилда тамомлаганларнинг қанчаси ишлаш учун чет мамлакатларга чиқиб кетган, қанчаси бозорда, қанчаси далада, қанчаси бошқа соҳаларда? Нега шу соҳада ўқиган йигитларнинг бир қисми мактабга ­қайтмаяпти?
Агар шундай таҳлиллар бўлса, уларнинг натижаси бир-биридан кескин фарқ қилади. Чунки ўқитувчининг, айниқса, эркак ўқитувчининг хаёли оила таъминоти билан банд бўлади. Топаётгани учма-уч етса, нима қилсин, йўл ахтаради-да. Едириш, кийдириш, даволатиш, солиқлар, агарда фарзанди олий ўқув юртида ўқиётган бўлса, контракт тўлови, ижара пули…
Оиладаги етишмовчилик ўқитувчини руҳан ва жисмонан толиқтириб, уни ўз устида ишлаш, дарс ўтиш қизиқтирмай қўяди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида малака тоифасига қараб, иқтидорли ўқитувчиларнинг ойлик маошини босқичма-босқич 1000 АҚШ доллар эквивалентига етказиш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бу ёндашув мактабларда таълим сифатини оширишда муҳим омил бўлиши мумкин.
Жорий йилда давлат бюджетидан таълим соҳаси учун 58,4 триллион сўм йўналтириш кўзланган. Халқ таълими вазирлиги Таълим сифати жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти директори Лазиз Хўжақуловнинг ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда қайд этишича, республикамизда 10 минг 85 та мактаб бўлиб, уларда 502 минг нафар ўқитувчи ишлар ва яна тахминан 400 минг нафар ўқитувчини ишга жойлаштириш имконияти ҳам бор экан.
Бу статистик маълумотда улкан маблағ акс этган. Аммо ярим миллионлик ўқитувчиларнинг қўлига тегадигани оиласи таъминоти учун кифоя бўлиш-бўлмаслиги хусусида бир нарса дейиш қийин.
«Merit» хусусий мактабининг олий тоифали бош­ланғич синф ўқитувчиси Шаҳноза Мирзаюлдашеванинг фикрича, Ўзбекистонда таълим соҳасида замонавий ва билимли кадрлар етишмайди. Бунинг сабаби иқтисодий масалага бориб тақалади. Кўп давлатларнинг таълим тизими ривожланиши тарихига назар солсангиз, у мамлакатлар инқирозга учраса ҳам, педагоглар маошини оширган ва бу йиллар ўтиб, ўз мевасини берган.
Мамлакатимизда йил сайин ижтимоий муҳофазага катта эътибор қаратилиб, жумладан, ўқитувчиларнинг маошлари ҳам оширилиб бораётгани ҳақиқат. Аммо бозордаги нарх-наво, турли-туман тўловлар кетма-кет ошиб бораётгани ҳам ҳақиқат. Айнан мана шу каби ҳолатлар «камбағаллик»ка бошлаб, кўпчиликка номи эриш туюладиган «вазирлик» шаклланишигача бориб етди.
Таълим ва иқтисод масаласига иккинчи томондан ёндашилса, ҳозирча торроқ доирада бўлса-да, ўқитувчиларнинг бир қисми касбий маҳорати сабаб моддий аҳволини яхшилаш йўлига ўтди. Қўйилган талаб­ларни оқлай билишига кўзи етганларнинг бир қисми хусусий мактаб­ларда фаолият кўрсатиб, қониқтирадиган даражада ойлик олаётир. Ундай ўқитувчилар ҳеч кимнинг талаби ва назоратисиз ўз устида ишлайди, конспект ёзади, китоб ўқийди, дарсга тайёргарлик кўради. Шунинг­дек, репетиторлик қилиб ҳам даромад топаётган ўқитувчилар талайгина.
Хуллас, ўқитувчининг ҳаётий эҳтиёжлари жиддий ўрганилиб, уни яхшилаш учун бир тўхтамга келинмас экан, қайси мамлакатдан қанақа тажриба «пайванд» қилинмасин, унинг кўкариши гумон.
Ҳар бир мамлакатнинг келажаги ва иқболи мактабдадир. Шундай экан, ўтмишдаги боболаримиз номларини фахр-ифтихор этиш билан мурод ҳосил бўлмайди. Уларга муносиб, издош, салоҳиятли авлодни тарбиялаш шарт ва бу муқаддас вазифадир.
Бугунги ёшларнинг билими ҳақида сўз юритар эканмиз, бунга ўтган йили бакалавриатга қабул имтиҳонларининг якуний натижаси билан нигоҳ ташлаб кўрамиз. Ўтган йили тест синовларида 1 миллион 73 минг абитурие­­нт қатнашиб, уларнинг 51 фоизи, яъни ярмидан кўпи ҳатто минимум ўтиш баллини тўплай олмаган. Мутахассислар шарҳига кўра, минимум ўтиш балли – максимал баллнинг 30 фоизини ташкил этаркан. Бу академик рейтинг тизими бўйича, максимал 189 баллдан 56,7 баллни йиғолмаслик «2» баҳодан қуйи бўлиб, «1» баҳога тенглашиб қолар экан.
Бу ҳазм қилиш оғир бўлса-да, ҳақиқат. Халқ таълимида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлари ҳақида кўп гапираётган бўлса-да, афсуски, натижалар сўзларни инкор этаётир.
Демак, тизимда айтиладиган ва эшитадиган гаплар йиғилиб қолган. Бу – аниқ. Айнан шунинг учун ҳам ўқитувчилар билан жойларда жонли мулоқотлар ўтказиш, уларга юракларини бўшатишга имкон бериш керак. Ана ўшанда «Ойнинг кўринмас томони» ҳам намоён бўлиб, «кўпда Хизр бор» деганларидек, хайр­­ли ечимлар топилса, умидли натижаларга эришилса, ажаб эмас.

Суюндиқ МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси