Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўринбосарларининг ишлари «беш»!

370

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ўтган йили зиммаларига юклатилган вазифаларни тўлиқ адо этишмаган. Шунга қарамай, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари томонидан уларнинг фаолиятига юқори баҳо берилди.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 24 августдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилганди. Унга кўра, белгиланган кўрсаткичларнинг ўринбосарлар томонидан бажарилиши 70 фоиздан кам бўлса, фаолияти “қониқарсиз”, 71-90 фоиз оралиғини ташкил этса “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача — «яхши», 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда «аъло» деб баҳоланади.

2022 йилнинг тўртинчи чораги якунлари бўйича Шуҳрат Абдураҳмонов муовинларининг бир нафари “яхши”, қолган етти нафари “аъло” кўрсаткичга эришган. Ҳоким раислик қилувчи маҳаллий кенгаш қарорида шундай дейилади.

Жумладан, Д.Каримов, Б.Хамраев, Н.Мўминов, Г.Абдуллаева, Р.Арзиев, Р.Исматуллаев, А.Максумов, Р.Арзиевларнинг 100 фоизлик маррадан ошиб ўтгани қайд этилган бўлса, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосар Иброжон Холматов фаолияти 99,6 фоизга баҳоланган.
Эътиборлиси, сўз бораётган муддат оралиғида 8 ўринбосарнинг бирортаси ҳам зиммасидаги вазифаларни тўлиқ бажармаган. Масалан, ҳокимнинг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Ботир Хамраевнинг фаолият йўналишига дахлдор масала – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми режадаги 30 миллион доллар ўрнига 10 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги 98,8 фоизга бажарилган бўлса-да, у аълочи раҳбарлар қаторидан жой олган. Бунда белгиланган 20 та кўрсаткичнинг 18 таси ижро этилиб, умумий натижа 103,4 фоизни ташкил этгани инобатга олинган.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Рустам Исматуллаевнинг фаолияти ҳам аслида мақташга арзигулик эмас. Ҳисобот даврида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт режаси 40 фоизга, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш режаси 41 фоизга, томчилатиб суғоришни татбиқ этиш кўрсаткичлари 44 фоизга, ёмғирлатиб суғориладиган майдонлар ташкил этиш режаси атиги 7 фоизга, балиқ етиштириш ҳажми эса 64 фоизга бажарилган. Шунга қарамай, умумий кўрсаткичлардан келиб чиқиб, Исматуллаев ҳам “аълочи ўринбосар” мақомига лойиқ топилган.

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосарлари жамоатчиликка, хусусан, оммавий ахборот воситаларига деярли кўриниш бермайди. Саноқли брифингларни ҳисобга олмаганда, жамоатчилик муовинлар ўз фаолияти юзасидан матбуот анжуманлари ташкил этганини эслолмайди ҳам. Ижтимоий тармоқлардаги аксарият видеолавҳаларда ҳамда маҳаллий телеканалнинг янгиликларида турли соҳалар бўйича тадбирлар, муаммолар ечими юзасидан ўтадиган мулоқотларда асосан ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ўзи иштирок этаётганини кузатиш мумкин.

Нурилло Нўъмонов