Олмалиқ шаҳрида яшовчи Муҳтарам Содиқова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ўз ишига тикланишида ёрдам сўраб, мурожаат қилди.
Шикоятда қайд этилишича, бу аёл боқувчисини йўқотган, қарамоғида бири ногирон саналган 4 нафар фарзанди бор. У 2007 йилдан эътиборан «Мустақиллик» МФЙда раис маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган. Собиқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг 2020 йил 18 майдаги 36-сонли буйруғи билан оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари лавозимига тасдиқланган. 2022 йил 10 майда эса янги ташкил этилган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг шаҳар бўлими Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига биноан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида, Меҳнат кодексининг баъзи моддалари талаблари бузилгани аниқланди. Хусусан, иш берувчи меҳнат шартномасини касаба уюшмасининг розилигисиз бекор қилган. Бундан ташқари, уни корхонада мавжуд бошқа лавозимга ишга таклиф этмаган, боқувчисини йўқотганини ва оиласида ўзидан бошқа мустақил иш ҳақи олувчи шахс бўлмаганини инобатга олмаган. Оқибатда иш берувчи – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштиришда ходимнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган.
– Мен ўзим дуч келган муаммо юзасидан олдин бир нечта ташкилотга шикоят қилдим, лекин фойдаси бўлмади, – дейди Муҳтарам Содиқова. – Охири касаба уюшмаси эшигини қоқдим. Ана шунда у қанчалар салоҳиятга эга эканлигини англаб етдим. Чунки ушбу ташкилот ходимлари мурожаатимни беэътибор қолдиришмади. Пировардида кўп йиллик иш жойимга қайта тикландим, мажбурий бекор юрган иш кунларим учун ҳам меҳнат ҳақи олдим. Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиевга, Федерация вакили сифатида ишлаётган Лола Нишоновага чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Раъно МАҲКАМОВА
«ISHONCH»



