Донорлик – оддий, лекин олий қаҳрамонлик! 

183

Мақола орқали қоннинг вазифалари, қон қуйиш тарихи ва кимлар донор бўла олиши ҳақида батафсил билиб олинг.

Қон – бу ҳаёт. Қон – бебаҳодир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Қон – ҳар бир давлатнинг қимматли ҳазинаси. Унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим воситадир.

Қон донорлиги тарихи

Қадимги даврларда одамлар қоннинг мўъжизавий хусусиятларига ишонишган ва унинг ёрдами билан касалликларни даволашга ҳаракат қилишган. 1628 йили инглиз олими В. Гарвей одамнинг қон айланиш тизимини кашф этди ва шу орқали қон қуйиш усулини ишлаб чиқди. 1795 йили Америка шифокори Филипп Синг Фузик одамдан одамга биринчи қон қуйишни амалга оширди. 1901 йили Карл Ландштейнер 3 хил қон гуруҳини аниқлади. Тез орада шифокорлар Альфред Декастелло ва Адриано Стурлилар томонидан ушбу гуруҳлар рўйхатига тўртинчи қон гуруҳи қўшилди.

Қон гуруҳлари:

O (I) қон гуруҳи;

A (II) қон гуруҳи;

B (III) қон гуруҳи;

AB (IV) қон гуруҳи.

Бироқ қон қуйишда унинг гуруҳидан ташқари, резус-фактори ҳам муҳим.

Резус-фактор нима?

Резус-фактор — эритроцитлар юқори қаватидаги D-антиген оқсиллари. Агар сизда шундай оқсил мавжуд бўлса, резус-фактор мусбат бўлади (Rh+), агар йўқ бўлса — манфий (Rh–).

Қоннинг муҳим функциялари

Қон кўплаб муҳим функцияларни бажаради:

1. Озиқлантириш функцияси. Қон кислород (О2) ва турли хил озиқ моддаларни олиб юради, уларни тўқима ҳужайраларига етказиб беради ва улардан карбонат ангидрид (CО2) ва бошқа парчаланиш маҳсулотларини олади.

2. Транспорт функцияси. Қон ички секреция безлари томонидан ишлаб чиқарилган гормонларни тегишли органларга олиб боради ва шу билан «молекуляр маълумот» ни бир ҳудуддан иккинчисига узатади.

3. Қон кетишни тўхтатиш қобилияти. Қон томирларидан қон кетиш содир бўлганда, қон у ерга кўплаб лейкоцитларни юборади, плазмани томирлардан чиқариб юборади ёки қон йўқотиш жойларида тромбоцитларни концентрация қилади.

4. Терморегуляция функцияси. Қон иситиш тизимига ўхшайди, чунки у бутун танага иссиқликни тарқатади.

5. рН регулятор функцияси. Қон оқсиллар ва минерал тузлар каби моддалар ёрдамида ички муҳит кислоталиги (7.35-7.45) ўзгаришининг олдини олади.

6. Ҳимоя функцияси. Қон танани патогенлардан ҳимоя қилувчи оқ қон ҳужайралари ва антикорларни ташийди.

7. Ташиш функцияси: нафас олиш (О2 ва CО2 узатиш) — аминокислоталар, полипептидлар, оқсиллар, углеводлар, ёғлар, ферментлар, гормонлар, биологик фаол моддалар ва микроэлементларнинг ўтишида қатнашади.

8. Ҳимоя: иммунитет ва гемостазда иштирок этади.

9. Регулятор: рН ва сув-туз алмашинувини тартибга солади.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг катта совғасидир. Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшилик қилишга интилади. Қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўз саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон маъсулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун у бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам масъулдир.

Донор сўзи лотинчада «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Чунки донор ўз қонини бериш орқали жамиятдошининг ҳаётини сақлаб қолиши, унга янги ҳаёт туҳфа этиши мумкин. Донорлик икки шаклда: қон ва ички органларни тўлиқ ёки бир қисмини бериш орқали амалга оширилади. Қон донорлиги учун эса ҳар доим талаб ва таклиф мавжуд.

Кимлар донор бўла олади?

18 ёшдан юқори бўлган, оғирлиги 50 килограммдан юқори, ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар, ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади. Хирургик  жараёнларда (юракда ва таянч-ҳаракат органлари жарроҳликларида),  аъзони кўчириб ўтказишда, онкологик касалликларда, гематологик хасталикларда (лейкоз, оғир даражали камқонлик), патологик туғруқ жараёнларида – она ва болани сақлаб қолиш мақсадида, бахтсиз ҳолатларда (авария, ёнғин ва бошқа), трансплантация жараёнларида донорлик асосидаги қондан фойдаланилади.

Инсон организмида 4,5 – 5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади.

Донорлар риоя қилиши керак…

Донорлик амалиётини бажаришдан аввал қон берувчи ўз саломатлигини муҳофазалаш ҳамда топширилажак қон сифатини яхшилаш мақсадида бир неча жиҳатларга диққат қаратиши лозим. Мунтазам равишда овқатланиш, кун давомида кўпроқ суюқлик ичиш муҳим. Амалиётдан 2-3 соат олдин ёғли, аччиқ таомлар истемол қилмаслик лозим. Ёғли овқатлар қоннинг сифатига таъсир қилади ва унинг даво самарасини камайтиради. Оч қоринга қон топшириш мумкин эмас, шунинг учун донор эрталаб енгил нонушта қилиб келиши лозим бўлади. Тиниқиб ухлаш лозим. Тунги навбатчиликдан кейин қон топшириш тавсия этилмайди, чунки навбатчиликда кўп қувват сарфланади. Бу эса организмда модда алмашинувига таъсир қилади. Донорликкача икки кун мобайнида спиртлик ичимликлар ичиш мутлақо тақиқланади. Донорлик амалиётидан кейин йўқотилган суюқлик ўрни 36 соат ичида, эритроцитлар 8 ҳафта мобайнида, плазма 3-5 кун ичида, тромбоцит ва лейкоцитлар 5-7 кун давомида тикланади. Шундан келиб чиқиб, тўлиқ қонни йилига 4-5 марта (эркаклар ҳар 2 ойда, аёллар ҳар 3 ойда) топшириш тавсия қилинади. Плазма ва қоннинг бошқа компонентларини ҳар 14 кунда топшириш мумкин.

Кимлар донор бўла олмайди?

Қон донори бўлишга тўсқинлик қилувчи доимий ва вақтинчалик омиллар мавжуд.

ОИТС, ОИВ, заҳм, вирусли гепатитлар, сил, қон касалликлари, миопия (узоқни кўра олмаслик, кўриш даражаси минус 6 дан паст бўлса), юрак, ўпка, жигар ва буйрак етишмовчилигини бошдан кечирган шахслар касаллик қачон ва қай даражада кечгани ҳамда даво муолажаларининг натижасидан қатъи назар, донор бўла олмайди.

Қуйидаги ҳолатларда эса донорлик вақтинчалик мумкин эмас (қанча муддатдан кейин рухсат берилиши кўрсатилган):

─ ҳайз даври тугагандан кейин – 5 кун;

─ тиш олдиргандан кейин – 15 кун;

─ ангина, грипп, ЎРВИ дан тузалгандан кейин – 1 ой;

─ кўкрак билан эмизишни тўхтатгандан кейин – 3 ой;

─ бола олдиргандан кейин (аборт) – 6 ой;

─ бола туғилгандан кейин – 1 йил;

─ татуировка туширилгандан кейин – 1 йил;

─ антибиотиклар қабул қилиш тугагандан сўнг – 10 кун;

─ бирор касалликка қарши эмлаш олгандан кейин – 1 ой;

─ операциялар ўтказгандан кейин – 1 йил;

─ узоқ вақт (камида 2 ой) хорижий сафарда бўлгандан кейин – 6 ой.

Беморларга қон тўлиқ ҳолда эмас, балки алоҳида компонентларга ажратиб қуйилиши лозим. Агар гемоглобин тушиб кетган бўлса, эритроцит, қоннинг ивувчанлиги бузилган бўлса, плазма қуйилиши керак. Қон тўлиқ ҳолда қуйилса, бу беморда ўз меъёрида бўлган қон компонентлари кўрсаткичи ошиб кетиши, натижада салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Қонни тўғридан-тўғри қуйишга ҳам рухсат берилмайди. Чунки бунда донорнинг қони турли касалликларга синалмаган бўлади. Манфий резус факторли қон гуруҳлари топилиши нисбатан қийин. Республика қон қуйиш маркази захирасида турли қон гуруҳлари сақланади. Шошилинч ва фавқулодда ҳолларда керакли қон топилмаса, шу қонга эга бўлган донорларга мурожаат қилиб, уларга вазиятни тушунтирган ҳолда, ёрдам беришлари сўралади.

Донорлик ─ узоқ умр кечириш кафолати

Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади. Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади. Бахтсиз ҳодисалар, операциялар чоғида организмнинг оғир талафотларга учраш эҳтимоли донорларда бошқаларга қараганда камроқ бўлади. Чунки донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади ва оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. Олимлар эркак донорлар орасида юрак инфаркти бошқаларга қараганда 30 фоиз камроқ учрашини аниқлашган.

Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади. Яъни қон топширгандан сўнг янгиланиш кераклиги ҳақида сигнал тушади. Бундай янгиланиш юрак, қон-томир тизими касалликлари, атеросклероз, подагра, овқат ҳазм қилиш, ошқозон ости бези, жигар ва асосий модда алмашинуви фаолиятлари бузилишининг олдини олишда фойдали ҳисобланади. Иммун тизими касалликларининг олдини олишда ҳам доимий равишда қон топшириш фойдалидир, чунки у ҳам организмнинг умумий янгиланиши билан боғлиқ.Қон донорларида ўпка, тўғри ичак, ошқозон ва ҳиқилдоқ саратони учраш хавфи камаяди. Қон янгиланиб тургани боис жигарда ортиқча темир ионларининг йиғилиб қолиши, натижада гемахроматоз касаллиги келиб чиқиши олди олинади.

Донорлик қонунан ҳимояланади

2002 йилда қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасига мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини тиббий эҳтиёжлар учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Шахсни қон ва унинг таркибий қисмларини топширишга бирор тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соғлиғи сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши, соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва бепул овқат билан таъминланиши ҳуқуқларига эга (17-модда). Донор бўлишга розилик билдирган шахс тиббий кўрикдан ўтиш пайтида ўзи билган илгариги ва ҳозирги касалликлари тўғрисида маълумотларни маълум қилиши шарт (18-модда). Айни пайтда, узоқ йиллардан бери донорлик қилиб келаётган фахрий донорларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имкониятини бериш устида ишланмоқда.

“Қон топшириш – ҳамжиҳатликдир. Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг” шиори остида ҳар йили 14 июнь куни “Бутунжаҳон донорлар куни” ўтказилади.

Умуман олганда, донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, лекин олий қаҳрамонликдир.

Зебо Намозова,

«Ishonch»