«Қавармаган қўллар» учун…

62

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, айнан коррупция туфайли дунё иқтисодиёти ҳар йили 2,6 триллион доллар миқдорида зарар кўрмоқда. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Шунингдек, жаҳон бўйича «қавармаган қўллар»га 1 триллион доллар пора берилар экан.

Амалдорларга пора бериш ҳатто милоддан 2400 йил илгари ҳам «кенг» тарқалган экан. Ўшанда ҳозирги Ироқ ҳудудидаги Лашур шоҳи порахўрларни шафқатсиз жазолашига қарамасдан, ана шундай ҳолатлар давом этиб келган. Ҳиндис­тонда эса милоддан тўрт аср муқаддам коррупция қораланган «Артха-шастра» трактати чоп этилган.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига ниҳоятда жиддий салбий таъсир кўрсатади. У қонун устуворлигига, фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига бўлган ишончга путур етказади. Жиноятчиликнинг ушбу тури мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Ижтимоий иллат ҳисобланадиган ва тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга чек қўйиш деярли барча мамлакатлар каби Ўзбекистон учун ҳам ниҳоятда долзарб масала.
Мамлакатимизда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2021 йилда 1 триллион 282 миллиард сўмлик моддий зарар етказилган. 2022 йилнинг ўн ойи давомида эса давлат харид­ларини амалга оширишда 356,8 миллиард сўмлик қонун бузилишлари аниқланган. 2020 йилда ­республика бўйича 1 148 та коррупцияга оид жиноят ишлари судга юборилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3769 тани ташкил этган.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда ва порахўрлар фош қилинмоқда. Бу халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. 1995 йилдан бери фаолият юритиб келаётган халқаро ташкилот «Transparency International» рейтингида Ўзбекистон жаҳондаги 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллаб турибди. Бу ўринда мамлакатимиз «Transparency international» рейтингида 2020 йилда 2019 йилдагига нисбатан 7 поғонага, 2021 йилда эса 6 поғонага кўтарилганини таъкидлаш ўринлидир.
Жаҳонда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бораётган давлатлар кўп. Бу борада биринчи навбатда Дания тажрибаси тилга олинади. Ушбу мамлакат «Transparency International» рейтингида мунтазам равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Данияда ана шу иллатга қарши курашдаги муваффақиятлар нафақат давлат томонидан кўрилаётган кенг кўламли чоралар натижалари, шу билан бирга, фуқароларнинг бундай қонунбузарликка нисбатан оммавий нафрати ва тоқатсизлиги билан ҳам изоҳланади. Шу сабабли Данияда коррупция Европадаги бошқа мамлакатларга нисбатан саккиз баробар кам.
Ушбу давлатнинг коррупцияга қарши қонунлари 20 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қамраб олган. Мазкур ҳуқуқий асос­ларга мувофиқ, мамлакат парламенти ҳар бир вазирнинг фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Вазирлар мунтазам равишда парламент аъзолари олдида ана шу масала бўйича ҳисоб бериш­лари шарт.
Шу ўринда Данияда давлат хизматчилари юқори даражада ижтимоий имтиёзлар ва қонуний ҳимояга эга эканини ҳам таъкид­лаш керак. Улар бепул тиббий хизматлардан фойдаланишади, таълим олишлари ҳам бепул, шунингдек, бошқа қатор муҳим ижтимоий кафолатларга эга. Ушбу имтиёзлар ва манфаатлар уларнинг коррупцияга мутлақо қўл урмасликлари кафолати ҳисобланади.
Мамлакатдаги компаниялар «коррупцияга мутлақ тоқатсизлик» сиёсатига амал қилишади. Яъни улар ўз фаолиятларида пора олишга асло йўл қўймаслик мажбурия­тини олганлар. Фуқаролар эса ишга қабул қилинаётганда пора бермаслик ва олмаслик тўғрисида махсус шартномани имзолашлари шарт. Буни инкор этувчилар ишга қабул қилинмайди, имзоланган шартномаларга амал қилмаганлар дарҳол ишдан бўшатилади. Уларнинг шахсий ҳужжатларида коррупцияга алоқадорлиги албатта белгилаб қўйилади. Дания ҳукумати мансабдорлари эса қонунчиликка мувофиқ, ҳар йили ўзларининг мулклари ва шахсий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишга мажбур.
Ана шундай қатъий чоралар туфайли мамлакатда порахўрликка деярли тўла барҳам берилмоқда. Хусусан, ижтимоий сўровлар дания­ликларнинг фақат 3 фоизигина кундалик ҳаётда коррупцияга дуч келганини, 1 фоизигина пора олгани ёки беришга мажбур бўлганини эътироф этишган.
Ўзбекистон 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилган ва уни ратификация қилган. Мамлакатимизда ҳам коррупцияга барҳам беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган. 2016 йилда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, 2021 йилда эса Президентнинг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Ана шу фармонда Данияда амал қилинадигандек, давлат бош­қарувини коррупциядан холи соҳага айлантириш, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва воя­­га етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш, давлат хизматчиларига ­республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистонда илк бор 2020 йилда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентликка қўшимча – давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш, давлат бошқарувини коррупциядан холи соҳага айлантириш, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахс­ларнинг очиқ электрон реестрини юритиш ваколатлари берилди.
Реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларини кўрсатиш, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш; давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш ман этилади. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолия­тида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолаш тартиби белгиланди.
Коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ва тармоқлар ҳисобланадиган капитал қурилиш, олий таълим, соғлиқни сақлаш, банк ва давлат харидлари тизимларида «коррупциясиз соҳа», Фарғона вилоятида «Шаффоф ҳудуд» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишда барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида тўла шаффофликни таъминлаш ниҳоятда муҳимдир. Шу билан бирга, ушбу иллат билан курашишда тегиш­ли тарзида давлат органлари билан бирга фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик тарзида фаоллик кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир. Ана шундагина юртимизда коррупцияга мутлақо тоқатсизлик муҳитини шакллантиришга эриша оламиз.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист