Омикрон уни гриппдан қандай фарқлаш мумкин?

55

Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида коронавирус пандемиясининг янги тўлқини билан бирга, грипп ва ЎРВИ эпидемияси ҳам кузатилмоқда. Бироқ шамоллаш билан боғлиқ бу хасталиклар белгилари аксарият ҳолларда «омикрон» штамми аломатлари билан деярли бир хил намоён бўляпти.
Хўш, тиббий таҳлилларсиз ушбу касалликларни бир-биридан қандай фарқлаш мумкин?

Ўхшаш ва айри аломатлар бор!

– Коронавирус касаллигига хос айрим белгилар шамоллаш ва грипп симптомларига жуда ўхшаш, – дейди Зангиота 1-сонли юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова. – Тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши, бош, томоқ ва мушаклардаги оғриқлар шулар жумласидандир.
Шунга қарамай, уларни ўзаро ажратиб турувчи ҳолатлар бор. Хусусан, грипп вирусининг инкубация даври анча қисқа – 1-2 кунни ташкил этади. «Омикрон»нинг яширин муддати эса узоқроқ – 4-6 кун давом этади. Демак, гриппга чалинган бемор билан мулоқотдан бир кун ўтиб, бетоб бўлиб қолсангиз, сизга ҳам мазкур инфекция юққанининг эҳтимоли юқори.
Қолаверса, одатий грипп кўпинча мушак, бўғим ва суяклар ҳамда бош оғриғини келтириб чиқаради. Бурун оқиши ва 37 даража атрофидаги иситма эса бошқа ўткир респиратор вирусли инфекцияларга хос.
Коронавирус натижасида овқат ҳазм қилиш тизими фаолияти бузилиши мумкин. ЎРВИда эса бундай ҳолат кам кузатилади.
СOVID-19нинг ўрта ва оғир босқичларида касалликнинг бешинчи-еттинчи кунларига келиб, тана ҳарорати 38-39 даражадан ошиши, нафас етишмовчилиги, ҳансираш пайдо бўлиши мумкин. Оддий шамоллаш ва гриппда эса, аксинча, хасталик бошлангандан 3-4 кун ўтгач, беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди.
Юқоридаги ҳолатлар кузатилган беморлар, албатта, шифокор қабулига боришлари шарт. Аниқ ташхис қўйиш учун эпидемиологик анамнез, ПЗР-тест ва бошқа тиббий таҳлиллар натижалари талаб этилади. Шунга кўра, мутахассис томонидан тегишли муолажалар буюрилади.

Ўзбошимчалик билан даволаниш оғир асоратларни келтириб чиқаради

– Ҳар икки касалликнинг хавфли жиҳатлари бор, – дей­ди Зангиота 1-сонли юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. – Уларнинг оғир асоратлари кўпроқ ўзбошимчалик билан даволанган, шифокор тавсиясисиз, устига-устак, пала-партиш равишда турли препаратларни қабул қилган ёхуд хасталикни ўтказиб юборган кишиларда кузатилади.
Бундай вазиятда энг самарали муолажа, аввало, тўғри ташхисдан бошланади. Хусусан, коронавирусни фақат ПЗР-тест ёки лаборатор таҳлиллар орқали аниқлаш мумкин. Бунинг учун бемор, зудлик билан ўз ҳудудидаги оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктига мурожаат қилиши лозим.
Тегишли текширув натижаларига кўра, мутахассис томонидан хасталикнинг оғирлик даражаси ва беморнинг аҳволига кўра, стационар ёки амбулатор муолажалар белгиланиши мумкин.
СOVID-19нинг симптомсиз кечаётган ва енгил даражасида уй шароитида даволанишга рухсат берилади. Гриппнинг оғир бўлмаган босқичларида ҳам муолажа чоралари деярли бир хил: ётоқ режими, кўпроқ суюқлик ичиш, ҳарорат 38 даражадан ошганда ва бош оғриганда иситма туширувчи ҳамда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиш талаб этилади.
Уй шароитидаги муолажалар камида бир ҳафта давом этиши керак. Бунда турли витаминларни қабул қилиб, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш, иммун тизимини кучайтириш касалликни тез ва осон енгишда муҳим омил саналади.
Унутмайлик, антибиотиклар нафақат коронавирус, балки гриппни ҳам даволамайди. Чунки бундай препаратлар – бактерияларга қарши восита, вирусга таъсир этмагани етмаганидек, унинг тарқалишига шароит яратиб бериши мумкин.
Қолаверса, антибиотикларни ўзбошимчалик билан, рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш турли аъзолар фаолиятини издан чиқариши ва ҳатто беморлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, энг аввало, профилактик чораларга амал қилиб, барча аҳоли қатлами тўлиқ босқичда ва бустер дозада вакцина олиши зарур. Буни олимларнинг қуйидаги тадқиқотлари ҳам тасдиқлайди.

Гибрид иммунитетга эга кишилар эмланмаганларга нисбатан коронавирусга
95 фоиз кам чалинади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, CОVID-19дан тузалганлар ва яқин ойларда унга қарши эмланганларнинг вакцина олмаган ҳамда хасталикка чалинмаган аҳоли қатламига нисбатан коронавирусни юқтириш хавфи жуда паст.
Бу борада ўтказилган 26 та тадқиқотда тасдиқланишича, гибрид иммунитет одамларни инфекциядан юқори даражада ҳимоялайди. Ҳатто вакцина олганидан сўнг ҳам CОVID-19га чалинганлар бўлса, уларда хасталик енгил босқичда ва асоратсиз ўтади. Хусусан, гибрид иммунитетга эга бўлганларга касаллик юқиши эҳтимоли эмланмаган ва хасталикка чалинмаганларга нисбатан камида 95 фоиз паст бўлади.
Шу сабабли мутахассислар барча аҳоли қатламига тўлиқ босқичда ва бустер дозада вакцина олиши керак, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, пандемия бошланганидан шу кунгача 668 миллион нафардан ортиқ кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Улардан 6,8 миллион нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Аслиддин БЎРИЕВ,
журналист