Уларни келажакка мерос қилиб қолдиряпмизми?
Қуйидаги ривоятни кўпчилигимиз эшитган бўлишимиз мумкин:
«Бозорда кир дўпписини ерга қўйганча тиланчилик қилиб ўтирган чолнинг олдига бир йигит келиб сўрабди:
– Мен олис юртдан келдим. Айтинг-чи, бу шаҳарнинг одамлари қанақа, яхшими ёки ёмон?
– Аввал сен айт, – дебди тиланчи чол – шаҳрингдаги одамлар қанақа эди?
– Эҳ, ота, мен айтмай, сиз эшитманг. Ўша шаҳар одамларидай муттаҳамларни кўрмаганман, бу ерларга ўшаларнинг дастидан қочиб келдим.
– Овора бўпсан, бу ердаям худди ўшанақа одамлар яшайди, – деб ғамгин бош чайқабди тиланчи чол.
Йигитнинг ҳафсаласи пир бўлиб, бозордан чиқиб кетибди.
Айни пешин пайти тиланчи чолнинг олдига бошқа бир йигит келиб сўрабди:
– Ота, мен ҳозиргина қўшни юртдан келган карвондан тушдим. Иложи бўлса, шаҳрингизга оиламни олиб келмоқчиман. Бу шаҳарнинг одамлари ўзи қанақа, яхшими, ёмонми?
– Меҳмон, – дебди тиланчи чол, – ўша сен яшаган шаҳрингдаги одамлар қанақа эди?
– Зарурат бўлмаса шаҳримни тарк этмасдим. Чунки мен яшаган шаҳар аҳли жуда меҳрибон, саховатли ва меҳмондўст одамлар.
– Куйинма, бу шаҳардаям худди ўшанақа меҳрибон, саховатли ва меҳмондўст одамлар яшайди, – деб йигитнинг кўзларига тикилибди чол.
Бу гапни эшитган йигит хурсанд бўлганича бозордан чиқиб кетибди.
Ҳар икки суҳбатга гувоҳ бўлган косиб дўкончасидан бошини чиқариб, тиланчи чолдан сўрабди:
– Бу нима қилиқ, бирига шаҳримизни ёмон дейсан, иккинчисига яхши дейсан? Қанақа одамсан ўзи?
– Ҳамшаҳар, – дебди чол бошини ғамгин чайқаб. – Бирига шаҳримизда ёмон кўпаймасин, иккинчисига яхши кўпайсин деган ниятда ўша гапларни айтдим. Инсон ёмонлик изласа – ёмонлик, яхшилик изласа – яхшилик топади».
Ҳақиқатан ҳам, жамиятдан, атрофдагилардан ёмонлик изласак ёмонлик, яхшилик изласак яхшилик топамиз. Бу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Чунки ҳар бир миллатни миллат қиладиган фазилатлар ҳам, уни тараққиётнинг юксак мақомидан таназзул чоҳига тортадиган нуқсонлар ҳам кўп. Таассуфлар бўлсинки, бир неча ўн йилдирки, сохта обрў орттириш илинжида тўй ва маросимларни дабдаба билан ўтказиш қусури эскиларига қўшилиб, хийла кўпаяётганига гувоҳ бўляпмиз.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Бизни кемиргувчи иллатлар деганда захму маразниму гумон этурсиз? Ёйинки, сил, сир-ар-рияю (ўпка сили), махавликниму дерсиз? Йўқ, андан ҳам ёмонроқ ва андан ҳам жонхарош, беғоя, хонавайрон ва ғариб этувчи бир дард, биз – туркистонийларни… инқирозга ва таҳликаға ва жаҳаннамга юмалатургон тўй, аза исминдаги икки қаттол душмани дерман» деб ёзган фикрлари ҳалиям долзарблигини йўқотгани йўқ. Маърифатпарвар аждодимиз исрофгарчилик ва дабдабабозликни қоралаган.
Таассуфки, бугунги кунда «урф»га айланаётган «янги удум»лар пайдо бўляпти. Яқинда баъзи юртдошларимизнинг Умра зиёратидан қайтиб, уни «нишонлаш» ва кутиб олишга доир уюштирган тадбирлари кенг жамоатчилик томонидан турли танқидларга сабаб бўлди. Маҳалла бўйлаб кўчага гилам, пояндоз тўшаб чиқиш, сафардан қайтувчини туяга миндириб, уйга олиб келиш, халққа ош беришни тўйга айлантириш каби турли тадбирлар Беҳбудий таъкидлаганидек, «бизни кемиргувчи иллат».
Бир-биридан ўзиш илинжида қилинаётган бундай ҳаракатлар, Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиб қайтувчиларни дабдаба билан, данғиллама тўй қилиб кутиб олиш қаерда, қайси китобда ёзилган «удум» бўлди?!
Беҳбудий миллат фарзандлари азиз вақтларини Ватан ва миллатни тараққий эттиришга сабаб бўлувчи зарур ишларга эмас, тўй, аза каби тадбирларга сарфлаётганидан афсусланган. «Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонимизни ўйлайлук… Тўй ва таъзияга сарф қилинадурғон оқчаларимизни биз – туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, оврупойилардек тараққий этармиз».
Ҳа, улуғ мутафаккирнинг ушбу фикрлари Ватан ва миллат манфаатига қаратилган. Юқорида келтирилган мисоллардаги ва бошқа дабдабабозликка ружу қўяётган баъзи юртдошларимиз фарзандларининг илм олиши, салоҳиятли мутахассис бўлиб етишиши учун тўйга ҳаракат қилганчалик ғам чекмайди.
Эсласангиз, ўтган йили август ойи бошларида 50 фоиз абитуриентларнинг 56 баллдан юқори балл тўплай олмагани жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ушбу жараённи кузата туриб, Абдулла Ориповнинг бир суҳбатидаги қуйидаги гаплари ёдимга тушди: «Тунов куни ойнаи жаҳонда савол-жавоб бўлди. Бир йигитдан бошловчи «Амир Темур ким бўлган?» деб сўради, ҳалиги йигитча эса «Билмайман, мен у вақтда ёш бола эдим», дея жавоб берди. Тўғри-да, унга Амир Темур ҳақида биров бир нарса демаган. У ҳам ростини айтди-қўйди». Сўнг шоир «Агар айрим ёшларимиз миллий қадриятларимиздан бехабар бўлса, бунинг учун муаллим ва мураббийлар айбдор…» деган мулоҳазани ҳам қистириб ўтган эди.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўжар» ҳикоясида Заргаров деган қаҳрамон бор. Ҳавойи, лақма бир кимса. «Мен ёшлигимда шундай тарбия кўрган бўлсам, ҳозир ерда туриб, ойда чорвачилик қилардим», деб нуқул фарзандидан ёзғиради. Катта авлод вакиллари Заргаровга ўхшаб, ўз фикрини маъқуллаб, ёшлардан домангир бўлмаслиги керак. Шу ўринда Эркин Комиловнинг бир гапи эсга тушади: «Ёшлар тақлид қилади. Улар устозларимиздан қолган мўътабар тузукларга беписандми, аксарияти адабиётни, санъатни англамай, маданиятсизлик, ахлоқсизлик сари кетяптими? Бунинг учун ёшларнигина айбламаслик керак. Баъзи катталар ҳам «оппоқ» эмас».
Ёшлар масаласи ҳамма замонда долзарб саналган. Хўш, уларни ким тарбиялайди, ким билим беради? Албатта, биз. Лекин ўзимиз рисоладагидек тарбия кўрганмизми? Қанчалик ростгўй ва тўғрисўзмиз? Ана шунга ишончимиз комил бўлса, ёшлар биздан узоқ кетмайди.
Ҳа, катта авлод вакиллари қандай бўлса, ёшлар ҳам шундай бўлади. Шундай экан, аввало ўзимиз яхши бўлишга ҳаракат қилмоғимиз даркор. Биз ёлғончи, билимсиз бўлсак, қандай қилиб ёшлардан ростгўйлик ва билимни талаб қиламиз? Менимча, бугунги ёшлар ҳечам ёмон эмас, лекин яхши ҳам эмас. Биз қандай бўлсак, улар ҳам шундай!
Мактабда таълим бериш сифатини яхшилаш ва ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак. Ўн бир йил ўқиб, тўғри ёзишни ўрганмаётган ўқувчилардан ёки ёшларга таълим-тарбия бериши керак бўлган вақтини бошқа ишларга сарфлаётган ўқитувчилардан, олий таълимда «квартира» топиш ва контракт пулини топишга тиришаётган ёшлардан нималар кутиш мумкин, ҳайронман.
Биз катталар кейинги авлодга бўлар-бўлмас «удум»ларни «ихтиро» қилиб беришдан тийилишимиз керак. Зеро, уларнинг қимматли вақти биз яратиб бераётган бекорчи ишлар билан эмас, балки илм, миллатни ривожлантирадиган машғулотлар билан банд бўлсин. Шундагина биз истаган, орзу қилган авлод етишиб чиқади. Мутафаккир аждодларимиз ёзиб қолдирган ўгитларга амал қилиб, комилликка эришганимизда эди, манфаатпарастлик, коррупция, иккиюзламачилик, ким ўзарга тадбирбозлик қилиш каби иллатлардан анча юқори турдик.
Муроджон РАҲМАТОВ,
журналист
