Пенсиясига оз қолган, бироқ қисқариш ёки тугатиш сабабли ишдан бўшаётган ходимлар имтиёзли пенсияга чиқишлари мумкин!

112

Меҳнат муносабатлари бўйича ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиевнинг айтишича, айни пайтда бу мавзу жуда долзарб. Шу боис бу ҳақда билиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди. ДЕМАК:

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 7 январда 588-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномада бу масалага жуда аниқ ечим берилган.

Қонуннинг 14-моддасида ва 588-сонли Йўриқноманинг 2 ва 3-бандларига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан ишдан бўшатилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:

➖ эркаклар — 58 ёшга тўлганда (аслида 60 ёш, демак, икки йил аввал) ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

➖ аёллар — 53 ёшга тўлганда (аслида 55 ёш, демак, икки йил аввал) ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Юқоридаги алоҳида асослар (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди, янги МКнинг 161-моддаси иккинчи қисми 1 ва 2-бандлари)га кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда, муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун ходимнинг ёши ва умумий стажи юқоридаги талабларга тўғри келиши керак.

Хўш, бундай пенсия тайинланиши учун нималар қилиш керак?

1. Аввало, ишдан бўшатилган ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг 30 календарь куни ичида яшаш жойидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш қидирувчи шахс сифатида мурожаат қилса, марказ ходимлари бундай шахсга 3 ой муддат ичида, агарда у 30 календарь кундан кейин мурожаат қилса, 10 кун муддат ичида мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак.

 

2. Агар иш қидирувчи шахсга марказ томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган муддатлар ичида 2 марта мақбул келадиган иш таклиф қилинмаса, у марказда иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган кундан бошлаб ишсиз деб эътироф этилади.

 

3. Марказ ишсиз деб эътироф этган ва муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро бўйича махсус тақдимнома тайёрлайди ва 5 кун муддат ичида тегишли Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топширади.

Марказ томонидан берилган махсус тақдимнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томонидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлиб ҳисобланади (Йўриқноманинг 6-9-бандлари).

Ishonch.uz