Ўйинчоқ – оддий овунчоқ эмас

85

Жажжи болажонларнинг дунёни англаши, тасаввур олами кенгайиши, сўз бойлигининг шаклланишида ўйинчоқлар муҳим ўрин тутади. Лекин…

Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича 3 миллиарддан ортиқ ўйинчоқ ишлаб чиқарилади ва сотилади. Aфсуски, жаҳон бозорларида сотилаётган салкам 60 фоиз ўйинчоқнинг сифати назорат қилинмас экан. Ўйинчоқлар ёғоч, резина, картон, металл, шиша, мато, пахта, тери, чинни билан бир қаторда, полимердан ҳам тайёрланади. Полимер бирикмалардан ишланган ўйинчоқ енгил, эластик, чиройли ва чидамли бўлади. Силлиқлиги учун кам ифлосланади, тозаланиши осон. Лекин полимерлар ташқи муҳитга зарарли кимёвий бирикма ажратиши, болажонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

Шундай экан, ота-оналар, биринчи навбатда, фарзандига ёшига мос ва хавфсиз ўйинчоқларни танлай билиши керак. Ҳар бир ўйинчоқ боланинг маънавий-руҳий тарбиясига хизмат қилиши лозим. Масалан, қайсидир ўйинчоқ кичкинтойнинг нутқини ўстиришга кўмаклашади, қай бирлари эса уни ўсимликлар ва ҳайвонот олами билан боғлайди. Фарзандига ўйинчоқ сотиб олаётган ота-оналар унинг шаклу шамойилига кўпроқ эътибор қаратади, лекин сифати, қандай хомашёдан тайёрлангани билан қизиқмайди.
Ота-оналар ўйинчоқни харид қилишда, энг аввало, унинг бузилмаган қадоқда бўлишига эътибор қаратиши зарур. Қадоқ ёрлиғидаги маълумотлар давлат тилида, фойдаланиш тавсиялари кўрсатилган ҳолда, қандай хомашёлардан тайёрлангани (пластмасса, резина, ёғоч ва ҳ.к) ва ишлаб чиқарувчи тўғрисида маълумотлар бўлиши шарт.
Aгар сиз сифатсиз ўйинчоқ маҳсулотларини харид қилган бўлсангиз (бўёғи қўлга юқадиган, ­кимёвий ҳид­­га, эга, ёрлиғи бўлмаган ёки ёрлиғида тўлиқ маълумот берилмаган, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган ва ҳ.к.) бу ҳақда тегиш­ли назорат органларига мурожаат қилишингиз лозим.
Aмалдаги тартибга кўра, мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган ҳар қандай турдаги болалар ўйинчоғи белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжат – мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт. Шунингдек, уларнинг гигиеник сертификатга эга бўлиши ҳам талаб этилади. Aммо ўйинчоқлар сотиладиган бозор расталарида миллий менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган, болалар саломатлиги, руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган, сифатсиз қўғирчоқ ва ўйинчоқлар ҳам учраб туришидан кўз юмиб бўлмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қарашли Саратон касаллигини ўрганиш агентлиги маълумотига кўра, ўйинчоқлар таркибида бўладиган формальдегид ­кимёвий бирикмаси инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади. Aйниқса, болалар организми заиф бўлгани учун формальдегид бола танасида тўпланганда йўталиш, гижжа, бронхиал астма каби касалликлар жадал ривожланишига олиб келади. Бундан ташқари, ранг ўзгариши, толиқиш, нафас қисиши, бош оғриғи, уйқусизлик, ҳатто онгнинг заифлашишигача сабаб бўлади.
Болажонлар орасида қўрқинчли қиёфалар акс эттирилган ўйинчоқларнинг «ишқибоз»лари ҳам топилади. Лекин бу бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, неврологик касалликлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлигини унутмаслик лозим.
Таркибида саломатлик учун хавфли моддалар, хусусан, формальдегид, фенол, феноксил, метил, изобитурат мавжуд бўлган ўйинчоқлар боланинг жигари, буйраги, ошқозон-ичак йўлларини заҳарлаши мумкин. Бундан ташқари, кимёвий буёқлар кўнгил айниши, қайт қилиш, кўз остининг кўкариши, ланжлик, турли тошма ва шиш­ларга сабаб бўлади.
Сифатсиз пластмасса ва резинадан тайёрланган ўйинчоқлар болаларнинг нафас йўллари ва ошқозон-ичак фаолиятига жиддий зарар етказади.
Кўп миқдорда кимёвий ва синтетик толалар ишлатилиб тайёрланган юмшоқ ўйинчоқлар эса болаларда аллергик касалликларни келтириб чиқаради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жондан азиз фарзандларимизга ўйинчоқ харид қилаётганда унинг сифатига, соғлиқ учун безарар эканига эътибор қаратиш шарт!

Суюндик МАМИРОВ