Савол:
–Мен давлат идорасида ишлайман. Қўшимчасига, шу идорадаги касаба уюшмаси қўмитаси раисиман. Шу боис касаба уюшма раислари ўз ишларни қачон ва қайси пайтда бажаришлари ҳақида аниқроқ билишни истардим. Масалан, мен ишимда қанча вақт касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида ишлашим керак? Агар бу ишни бажараман десам, бўлим бошлиғим ўз ишингиз билан шуғулланинг, дейиши мумкин-ку? Бу масала қандай тартибга солинган?
Саволга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат қонунчилиги бўйича инспектори Наргиза Асадова жавоб беради
Жавоб:
– Бу борада асосий масъулият иш берувчи томонига юклатилган. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан иш берувчи:
– касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахсларга касаба уюшмаларига оид мажбуриятларини иш вақтида бажариши учун вақт бериши;
– бунда касаба уюшмаларига оид мажбуриятларни бажариш вақти иш ҳафтаси соатлари сонининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Демак, иш берувчи томони сиз каби касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларига касаба уюшмаси фаолияти билан шуғулланиши учун белгиланган иш вақтининг ичида маълум бир вақт бериши шарт. Бу — унинг мажбурияти. Ва бу ажратиладиган вақт иш ҳафтаси учун мўлжалланган иш соатларининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Бу вақтда касаба уюшмасига сайланган ходимнинг асосий иш жойи ва оладиган иш ҳақи албатта сақланиб қолинади (МК 165-модда).
Касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларига касаба фаолиятига доир ишларни бажариши учун мўлжалланган вақт (яъни, қайси вақтда ва аниқ қанча вақт фаолият юритиши) шу корхонанинг жамоа шартномасида, касаба уюшмасининг устави (ёки низоми)да, ёки бўлмасам, касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланиши мумкин.
