«E-qaror»даги беқарорликлар

93

Бу учун ҳокимликларга жавобгарлик борми?

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими – e-qaror.gov.uz платформаси давлат органларининг очиқлигини таъминлашда муҳим воситалардан бирига айланди. Чунки мазкур тизим журналистлар, жамоатчилик фаоллари, қўйингки, ахборот олиш истагидаги ҳар қандай шахс учун ниҳоятда қулай.

Энди ҳокимларнинг бирор-бир қарор ва фармойишлари, маҳаллий кенгашлар томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларни сўраб ахборот хизматларига мурожаат этишга ҳожат йўқ – интернет орқали электрон тизимга кирилса, кифоя: изланаётган ҳужжатни дарҳол кўчириб олиш мумкин.
Аммо платформага жойланаётган қарорларда шахсга тааллуқли ёки фақатгина хизмат доирасида фойдаланиш жоиз бўлган ҳужжатлар ҳам учраб турадики, маълумот изловчиларга тизимдан уларни кўчириб олиш тугул, ўқишга ҳам рухсат йўқ. Зеро, ўзгалар сизу бизнинг розилигимизсиз шахсимизга доир маълумотлардан фойдаланишига қонунчилик йўл бермайди. Шу боис айни тоифадаги қарорларга «ушбу ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилган» деган тамға урилади.
Бироқ кейинги пайтларда тизимда яширилиши керак бўлган ҳужжатлар ўрнига кўпинча ҳокимликларнинг маҳаллий бюджет тақсимоти, турли сарф-харажатларга доир, яъни солиқ тўловчиларга очиқ кўриниб туриши шарт бўлган қарорлари «шахсга оид» деган қалқон билан беркитиб қўйиляпти. Аксинча, тизимда жамоатчиликдан ҳимояланиши зарур бўлган ҳужжатлар – васий, ҳомий белгилаш ёинки ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахс­ларга оид қарорлар, иловалари, рўйхатдаги кишиларнинг муҳим маълумотлари-ю яшаш манзилларигача ланг очиқ турибди. Буни қандай тушуниш керак?
Даъвомиз қуруқ бўлмасин: шу йилнинг январь ойи давомида ­республика бўйича ҳокимлар томонидан қабул қилинган молия ва иқтисод йўналишидаги 80 та қарор тизимда ҳозирги кунда ёпиқ ҳолатда турибди. Шунча қарорнинг ҳаммаси махфий ёки шахсга оид бўлиши мумкинми? Айниқса, улар тизимнинг иқтисодий йўналишдаги қисмида турган бўлса? Эслайлик, 2022 йилнинг сўнгги иш кунида қабул қилинган «2023 йил учун Бухоро вилоятининг маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги кенгаш қарори ҳам айнан «шахсга оид» дея «панага олинган», бу ҳақда ижтимоий тармоқларда бонг урилгач, барча фойдаланувчилар учун очиб қўйилганди.
Бугун маҳаллий бюджетни тақсимот қилувчи асосий «чўмич» ҳокимлар қўлида экан, турли харажатларнинг солиқ тўловчилар ҳисобидан амалга оширилиши, хусусан, харидлар борасида кучли жамоатчилик назорати ҳамиша зарур. Бунинг учун тизимга қарор жойланаётганда уларнинг очиқ ё махфийлигини белгилаш шахсларнинг хоҳиш-истагига эмас, қонун талабига кўра амалга оширилиши шарт. Бу масалани эса адлия вазирлиги назорат қилиши керак.
Албатта, адлия бошқармалари томонидан юқоридаги мавзуда муайян муддатларда ўрганиш олиб борилади ва амалдорларнинг кўнгил майлига қараб ёпиқ жойлаштирилган қарорлар очиб қўйилиши мумкин. Аммо шу билан чекланилади, холос. Қонун йўриғига юрмаган ҳокимлик мутасаддиларига эса чора кўрилмайди. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, ёпиқ эшиклар ортидаги қарорлар билан маҳаллий бюджет маблағлари бемақсад совурилмаслигига ким кафолат беради? Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслигига-чи?

Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»