Талабаликни умрнинг олтин даврига қиёслашади. Чунки бундай бахтга муяссар бўлган йигит-қизлар, биринчидан, пухта билим олиш имкониятини қўлга киритадилар, иккинчидан ўқиш жараёнида бир умрлик садоқатли дўстлар орттирадилар. Лекин илму толибликнинг ўзига хос завқи билан бир қаторда, «мусофирлик» дея аталмиш заҳмати ҳам бор. У кейинги пайтларда аксарият талабаларимизни мушкул аҳволга солиб қўймоқда.
Масалан, бошқа шаҳар-қишлоқлардан Тошкентга келиб ўқийдиганларни сўнгги пайтларда жуда кўп қийнаётган муаммоларидан бири тураржой масаласи бўлмоқда. Чунки пойтахтдаги олий таълим муассасаларининг аксарияти ўз талабаларини ётоқхона билан тўлиқ таъминлай олмайди. Шу боис ёшлар ўзлари таҳсил олаётган институт ёки университетга яқинроқ ҳудуддан ижарага уй излайдилар. Топган тақдирларида ҳам, унда шароит яхши бўлмайди: ё ҳаддан зиёд кўп одам яшаётгани туфайли бемалол дарс тайёрлашнинг ва дам олишнинг иложи бўлмайди ёки ижара нархи осмондалиги ҳар қандай талабани моддий жиҳатдан танг аҳволга солиб қўяди. Борди-ю, бу ердан узоқроқ тумандан сал арзонроқ хона топса, бошқа бир муаммога дуч келиши, автобус ва метролардаги тирбандликлар сабабли дарсга вақтида етиб келолмаслиги мумкин.
Қолаверса, катта шаҳарда ўқиш осон кечмайди. Шартнома тўловини тўлаш ва кундалик харажатлар учун уйидагилардан ҳадеб пул сўрайверишга айрим ёшларнинг юзи чидамайди. Қизлар-ку, майли, лекин ўғил болаларнинг кўпчилиги ишлаб, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш пайида бўлишади. Аммо иш топишда ниҳоятда қийналишади.
Бир курсдошим «Оилада учта талабамиз, учаламиз ҳам контракт асосида ўқиймиз. Ота-онам жуда қийналяпти, ишламасам бўлмайди», деб юрганди. Яқинда йўлда кетаётиб, эълонлар тахтасидаги «Ишга таклиф қиламиз!» деган ёзувга кўзим тушди-ю, ўша курсдошимнинг гапини эсладим. Аммо эълонни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди. Чунки унинг охирида «Талабалар безовта қилмасин!» деган огоҳлантириш бор эди.
Бошқа эълонларга ҳам бирма-бир кўз югуртириб чиқдим, ҳаммасида шу гап. Ажаб, нега шундай? Нима, талабанинг ишлашга ҳаққи йўқми ёки бошқалар қилиши мумкин бўлган ишни у уддалай олмайдими?
Жаҳлим чиқди. Уйга келиб, талабалар ишлашлари учун қандай имконият ёки иш ўринлари борлигини Интернетдан изладим. Охири бир қаҳвахонадан иш топиб, курсдошимга айтдим. Унга маъқул келди шекилли, ўша ерда меҳнат қила бошлади. Кундузи ўқиб, кечқурун ишга борарди. Роса қийналди. Дарс қолдирган ёки унга кечикиб келган пайтлари ҳам кўп бўлди. Охир-оқибат сессияларда паст баҳо олди.
Кўряпсизми, пойтахтда ўқийдиган талабанинг ҳаёти қанчалик мураккаблигини?.. У ишлаб оиласига ёрдам бермоқчи бўлса-ю, машғулотларда қатнаша олмаса, имтиҳонларни яхши баҳоларга топширолмаса, бу фойда эмас, турган-битгани зарар-ку. Энг ачинарлиси, у ҳаёт ташвишлари билан ўралашиб қолиб, ўқишдан кўнгли совийди. Бундай ҳолатда у уқувли ва малакали мутахассис бўлиб етишиши даргумон.
Шунга ўхшаш ҳолатларни Тошкентдаги деярли барча олий ўқув юртларида кузатиш мумкин. Менинг назаримда, уларнинг баъзилари келажак учун етук кадрлар эмас, шунчаки дипломи бор оддий ишчи кучи тайёрлаб бераётганга ўхшайди. Акс ҳолда, айтинг-чи, талабалар ётоқхона масаласида токайгача қийналадилар? Уларга эмин-эркин ўқишлари, имкониятларига қараб ишлашлари, талабалик ростданам олтин давр эканлигини юрак-юракдан ҳис этишлари учун қачон зарур шарт-шароитлар яратиб берилади?
Севинчой ҚЎЧҚОРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
