Кўчада болаларнинг хавфсизлиги учун нималарни ўргатишимиз зарур?

99

Афсуски, ҳаёт фақат яхшиликлару эзгуликлардан иборат эмас. Сўнгги кунларда юртимизда содир бўлган нохуш ҳолатлар ота-оналарнинг ўз фарзандларига эътиборли бўлишлари кераклигини яна бир бор ёдга солди.

Болалар баъзан уйда ёлғиз қолишади. Ёлғиз ўзлари мактабга, дўконга қатнашади, дўстлари билан учрашиб, ўйнашади. Мутахассисларнинг фикрича, ота-оналар уларга кўча-кўйда юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар  ва муносабатлар ҳақида гапириб, тушунтириб боришлари зарур. Болалар ўзлари томонга узатилган ҳамма қўллар ҳам яхши ниятда бўлмаслигини тушуниши керак. Қуйида  фарзандлар билан суҳбат ўтказиш зарур бўлган мавзулар хусусида сўз боради. 

 Уйда ёлғиз бўлсангиз, эшикни кимга очиш мумкин?

 Бегоналарга эшикни очиб бўлмаслигини ҳамма билади. Аммо кўп болалар учун хавф “эркак киши” деган маънони англатади. Болага эшикни фақат энг яқин кишилар (онаси, отаси, бувиси, бобоси)га очиши мумкинлигини тушунтириш керак. Эшик ташқарисида кўринишидан мулойим, аммо нотаниш кампир турган бўлса ҳам, эшикни очиб бўлмайди.

Мактабда бир нотаниш киши боланинг олдига келиб, ота-онаси уни боланинг олдига  юборганини айтади. Бу ҳолатда нима қилиш керак?

 Сиз болага уни олиб кетиши мумкин бўлган одамлар кимлигини айтасиз. Фақат энг яқин қариндошлар. Ҳеч қачон бундай ҳолат бўлмаслигини, бегона одамга фарзандингизни олиб келишни илтимос қилмаслигингизни тушунтирасиз.

Агар нотаниш киши болани ушлаб қолса, нима қилиш керак?

Бундай вазиятларда болалар кўпинча қўрқиб кетишади. Ҳаттоки қўрқувдан ҳаракат қила олмай қолишади ҳам. Бундай пайтда болага  баланд овозда қичқириш, бошқа одамлар эътиборини жалб қилишни билиши кераклигини айтинг ва ўргатинг. Ҳеч бўлмаганда, бола баланд овозда “Мени қутқаринг. Мен бу одамни танимайман!” дейиши керак. Шунда атрофдаги одамлар унга ёрдамга шошилади.

Нотаниш хола болага конфет берди. Бундай пайтда нима қилиш керак?

Фарзандингиз бегона одамлардан ҳеч нарса олмаслиги керак. Буни ҳамма билиши керак. Ёмон ниятли одамлар болаларга ширинликлар ва улар яхши кўрадиган нарсаларни бериб, уларни аврайдилар. Шу боис болалар бегоналардан совғалар ва егуликлар, ширинликлар олмаслиги керак.

Ота-она уйда йўқ, эшик тақиллади. Тўсатдан кимдир эшикни очишга ҳаракат қилади…

 Бола бу ҳолатда ота-онасига ёки яқин қариндошларига қўнғироқ қилиши керак. Шу билан бирга, болага “02” рақамига қўнғироқ қилиб, уйига кимдир бостириб кирмоқчи бўлаётганини айтишни, уй манзилини тўғри тушунтиришни ўргатинг.

Нотаниш одам ёрдам сўраганда…

Болангизга катталар болалардан ёрдам сўраши мантиқан тўғри эмаслигини тушунтиринг. Кичик ёшли бола қандай қилиб катта одамга ёрдам бериши мумкин? Аммо ўзбек менталитетида йўлда кетаётган ёши улуғ хола ёки бувижонларга сумкасини кўтаришга ёрдамлашиш мумкинлигини, бироқ бу бутунлай бошқа масала эканини ҳам айтинг. Бегона одам боладан ёрдам сўраганида, унга рад жавобини бериш кераклигини тушунтиринг.

 

Лифтни кутаётганда нотаниш одамлар пайдо бўлди, улар билан чиқиш керакми?

Фарзандингизга лифтга бегоналар билан кирмаслик кераклигини айтинг. Бегона одамлар сўраса, тез орада ота-онаси келишини, уларни кутаётганини айтиши керак. Агар таниш қўшни лифтга чиқса, у билан бирга кўтарилиш, лифтни ўтказиб юбориб, пиёда кўтарилиш яхшироқдир. Айниқса, қиз болалар қўшни эркак ёки бегона йигит билан бирга лифтга чиқмагани маъқул.

Агар интернетдаги одам тўсатдан оилангизга ёки сизга таҳдид қилса…

Бола бундай вазиятда дарҳол ота-онасига  ҳамма нарсани айтиб бериши лозим. Ота-она вазиятнинг қай даражада оғир-енгиллигига қараб, ички ишларга мурожаат қилиши мумкин. Имкон қадар ижтимоий тармоқлар орқали таҳдид қилган инсонга ёзмаган маъқул. Бунда ҳар бир ёзган маълумотингиз уларга фойда бериши мумкин.

Янги дўст орттирганда, дарҳол унинг уйига бориладими?

Болага, энди яқинда танишган, ҳали яхши билмаган дўстиникига бориб бўлмаслигини айтинг. У қаерга боришидан қатъи назар, сизга айтишини, рухсатингиз билангина бориши мумкинлигини тушунтиринг.

Итлар тўдаси  ҳужум қилса, нима қилиш керак?

Энг муҳим қоида шуки, бундай вазиятда итлардан қочмаслик тўғри бўлади. Хотиржам бўлиш қийин, аммо ваҳима қўзғатмаслик учун ҳамма нарсани қилиш керак. Бундай пайтда бола итларни бирон-бир нарса билан чалғитиши мумкин. Масалан, шапка, кепка ёки қўлидаги бирон-бир нарсани улар томонга эҳтиёткорлик билан отиши керак. Аммо ҳаракати кескин бўлмаслиги зарур. Бу ўринда мақсад итларнинг эътиборини ўша нарсага қаратиш ва бундан фойдаланиб, секин юриб кетиши, орқага қарамаслиги керак.

Дўстлари болани  қишда дарё ёки ариқ бўйида ўйнашга таклиф қилишганда…

 Бола бундай таклифларга қатъий  «йўқ” деб жавоб бериши керак. Болангизни музлаган сувдан келадиган хавф-хатардан огоҳлантиринг. Фарзандингиз ўйин-кулги учун махсус жойлар – болалар майдончалари ёки катталар назорат қилган шароитдагина ўйнаш мумкинлигини англасин. Ариқ ва дарёларда чўкиб кетиш хавфи борлигини, бола турли зарарли вируслар билан зарарланиши мумкинлигини тушунтиринг.

Кимдир болани кузатиб бораётган бўлса…

Бундай пайтда бола дарҳол гавжум жойга бориб, ота-онасига қўнғироқ қилиши керак. Мисол учун, кафе ёки сартарошхонага кириши, одамлардан ёрдам сўраши керак.

Агар розеткадан тутун чиқаётган бўлса…

Бола дарҳол  “01” рақамига қўнғироқ қилиши керак. Агар розеткага уланган ускуна бўлса, уни токдан узиб олиши, бунга журъати етмаса, тезда кийиниб, уйдан чиқиши ва қўшнилардан ёрдам сўраши керак.

Тўсатдан газ ҳидини сезганда…

Бола уйга кирганида газ ҳидини сезса, дарҳол эшик ва деразаларни очиб ташлаши, асло чироқни ёқмаслиги керак. Ўзи  эса уйдан чиқиб турсин ва сизга қўнғироқ қилсин.   Болага буларни ўргатинг, сабабини тушунтиринг.

Зебо НАМОЗОВА тайёрлади