Телевизорда китобхонлик мусобақасида ғолиб чиққанларни тақдирлаш маросими бўляпти. Ғалабага эришган қизнинг кўзлари яшнайди, у ўзини дунё қучоқ очиб кутаётгандек ҳис этяпти. Ўзига берилган сертификат ва бир ўрам китоблар совғасидан боши осмонда.
Эртаси куни республика газеталаридан бирида пойтахт мактаблари ўртасида инглиз тилини билиш бўйича беллашув ўтказилгани ҳақида хабар берилди. Унда ғолиб мактабга 500 миллион сўмлик мукофот топширилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди…
Менимча, биз нигоҳлари ўз эли ва юрти ташвишларига эмас, балки мавҳум узоқликларга тикилаётган авлодни тарбиялаяпмиз. Бу мавҳум узоқлик Европа ёки АҚШ экани барчага аён. Баъзи тадқиқотчилар ёшларимизнинг ўша томонларга кўчиб боришини ижобий ҳолат сифатида баҳолашади. «Бундай ташқи миграция мавҳум узоқлик учун ҳам, аниқ яқинлик учун ҳам фойдали», дейишади.
Демак, ким қаерни ёқтирса, ўша ёққа кетаверсин, бу ўлкада ўсиб-улғайиб, бегона юртга хизмат қилаверсин экан-да… Энг ачинарлиси, бу ғайримиллий урфни аксарият ота-оналар ҳам фарзандлари онгига сингдиришяпти. «Бизнинг умримиз ташвишлар билан курашиб ўтди. Энди, ҳеч бўлмаса, сизлар дунёни кўринглар, шод ва фаровон яшанглар», дейишяпти.
Ҳаётий ғам-ташвишлар инсон тасаввурига, унинг жамиятга муносабатига таъсир кўрсатади, иродаси заиф кишини букади. Имкони борлар эса улардан қочиб қутулганидан хурсанд бўлади.
Илмий адабиётларда «космополитизм» деган тушунча бор. Космополитизм – мавҳум макон. «Бедана қаерга борса, битбилдиқ» деганларидек, ўша жой уники. У ин қурмайди, тухум босиб, азият чекмайди, дон қидириб, полапонларини боқиш билан банд бўлмайди. Мавҳум авлод ҳам битбилдиқ авлод. У жиндек озуқадан хурсанд, агар арзимаган ишни бажариб, кўча супуриб ёки тўшакка михланиб қолган кампирнинг хизматини қилиб, доллар олса, бас…
Президентимиз АҚШга борганида хориждаги юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилди ва ўзлари истаган лавозимга қўйишга ваъда берди.
Хўш, натижаси нима бўлди? Бир-икки ватанпарварни эсламасак, қолганлари эл ташвишларини бўйинларига олишни лозим кўришмади. Келганлари эса, кейинчалик афсус чекишганидан хабарим бор. Наҳотки, юртимиз шу даражада мафтункор бўлмай қолди? Наҳотки, маълум бир имконлар туфайли мавҳум узоқликка кетганлар ўзларига нон, туз бериб катта қилган элнинг ғам-ташвишларига шерик бўлишни истамасалар?
Аслида айб катталарда, таълим-тарбияда, маҳаллада, оилада. Чунки ўқувчилари инглиз тилини яхши билган мактабга 500 миллион сўм мукофот берамизу ўзбек тили ва адабиёти бўйича мусобақа ғолибига қуруқ қоғоз (сертификат) ва бир ўрам китоб совға қилиш билан кифояланамиз.
Биз жамиятдаги ва тарбиядаги камчиликларни ўтиш даврига юклашга, бу давр мураккабликлари ва машаққатлари сабабларини ички ва ташқи душманлардан излашга одатландик. Кимдир бошқача фикрласа, уни экстремистга, эътиқодини ҳимоя қилса, фундаменталистга, ҳукуматга эътироз билдирса, анархистга чиқардик ва мустақиллик душмани деб атадик. Айнан ўша кезлар мавҳумликдан нажот кутиш инстинкти пайдо бўлди. Тўғрироғи, мавҳумликка умид қўрқув инстинкти билан уйғунлашиб, умумий хислатга айланди. Ўз орзу-армонлари ва тинчлиги учун яшаш аввал айрим шахслар истагига, кейинчалик оммавий воқеликка айлана бошлади. Баъзи соҳалар раҳбарлигига ғарбпараст кишилар келиши билан мавҳумлик янада аниқлик касб этди ва ғарбпарастлик оммавий ҳаракат тусини олди. Умрида Ғарбга бормаган, у ерлардаги реал ҳолатни билмаган ва бу ҳақдаги бирор асарни ўқимаганлар таълим-тарбия, маданият соҳалари раҳбарлигига кўтарилдилар. Оқибатда 4 мингдан зиёд оммавий кутубхона йўқ қилиниб, бинолари ва майдонлари сотиб юборилди. 6 миллиондан зиёд китоб йиртилган-титилган ҳолда макулатурага топширилди. Қишлоқларда клублар, маданият уйлари деярли қолмади…
Хайриятки, кейинги пайтларда мавҳумликни енгишга интиляпмиз. Бу борада нималарнидир ўзгартиришга ва янгиларини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу жараёнда коррупция, аҳоли турмушига беғамлик, кўзбўямачилик, айниқса, маъмурий ва ижро идораларида лоқайдликка йўл қўйилмаслиги лозим.
Қисқаси, эндиликда жамиятимиз мавҳумликдан чиқиш сари қадам қўйган, унда ўзини англашга, келажагини порлоқ кўришга иштиёқ уйғонган. Бу ишонч ва умидни сўндирмаслигимиз, доимо ҳаракатчан ва сергак бўлишимиз керак. Бу давр талабидир!
Виктор АЛИМАСОВ
