Зое кетган умр – куйган кўмир
Одамзод овқатсиз 40 кунча, сувсиз эса 2-3 кун яшай олиши мумкин. Машинасиз, тилла тақинчоқсиз, кошонасиз эса умрбод яшаса бўлади.
Хўш, китоб ва газета-журналсиз ҳам яшаса бўлармикин?
Уларни ўқиш нарида турсин, лоақал бирон марта қўлига олиб, варақлаб ҳам кўрмаган айрим кишилар бу саволга «Китоб, журнал ва газета инсон учун ҳаво ва сувчалик муҳим эмас» деб жавоб беришлари тайин. Аммо китоб мутолаа қилган, босма нашрларни ўқиган инсонлар бутунлай бошқача фикр билдиришади, газета ва китобсиз ўтган умрини зое кетган ҳисоблашади. Халқ уларни маърифатли, яъни ўқимишли ва билимдон кишилар деб атайди.
Хабарчи эмас, халқ минбари бўлиши керак!
Ўтган асрнинг 60-йилларига қадар интернет, ижтимоий тармоқ, интернет журналистикаси йўқ эди. Одамлар жаҳонда рўй берган воқеалардан, бир оз кечикиброқ бўлса-да, радио, телевидение ва босма нашрлар орқали хабардор бўлишарди. Кейин замон ўзгариб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига замонавий технологиялар кириб келди. Шу боис бугун орамизда «Интернет асри бошланди, энди турли хабарларни ўқувчиларга иссиғида етказа олмайдиган босма нашрлардан воз кечиш керак», деб бонг ураётганлар ҳам топилади.
Биз эса уларга жавобан шундай деймиз: «Тўғри, газеталарнинг кабутар қушдек оммага хабар етказадиган даври ўтди. Бу вазифани интернет ўз зиммасига олди. Демак, келгусида газеталар халқ ичига кириши, одамларни қийнаётган, катта-кичик ташкилот-идоралар раҳбарлари эътиборидан четда қолган масалаларни ёритиши, ижтимоий тармоқларда тилга олинмаган муаммолар ва воқеа-ҳодисалар билан оммани таништириб бориши зарур.
Сирасини айтганда, газеталар олдингидек «хабарчи» эмас, балки муаммоларни бартараф этиш воситаси бўлиши, халқ минбарига айланиши шарт. Бундан ташқари, улар бўш вақтни унумли ўтказиш, тўғри ва ишончли ахборотларга эга бўлиш, билим олиб, дунёқарашни бойитиш учун ҳам керак».
Шерлок Холмс ва Пуаро ҳам газета ўқиганми?
Сиз жуда кўпчилик яхши биладиган бу машҳур изқуварлар тўғрисидаги бадиий фильмларни кўрганмисиз? Кўрган бўлсангиз, Шерлок Холмс креслода тебраниб ўтириб, Пуаро кўзойнагини тақиб олиб, газета мутолаа қилаётганига эътибор берганмисиз? Эҳтимол, «Улар тўқима образлар, ўқиса-ўқибди-да», дерсиз. Гапингиз тўғри бўлиши мумкин, лекин ўша қаҳрамонларни яратган таниқли ёзувчилар Агата Кристи ва Артур Конан Дойл газетани севиб ўқишмаганида, уни қаҳрамонлари қўлига тутқазиб қўймаган бўлишарди.
Ҳар тонгни у билан қарши олайлик
«Ишонч» газетасининг 2022 йил 21 апрелдаги сонида чоп этилган «Газета нега керак?» сарлавҳали мақола муаллифи Ҳусан Эрматов «Мен ҳар тонгни «тирик» газета ўқиб бошлашни одат қилганман. Бу – менинг эҳтиёжим!» деб ёзган. Бу ҳавас қилса ва ўрнак олса арзийдиган одат. Ахир, янги кунимизни босмахонадан яқиндагина чиққан, ҳали бўёқ ҳиди анқиб турган газета ўқиш билан бошласак, қандай яхши…
Муаллиф «тирик» газета деганда, албатта, кечаси чоп этилиб, эрталаб муштарийлар қўлига етиб борган нашрни назарда тутган. Янада тушунарлироқ қилиб айтганда, оламда юз бераётган воқеаларни, ҳамюртларимизнинг бирор масалага доир фикрларини қизиқарли тарзда етказиб берадиган газеталарни том маънода «тирик» десак, хато бўлмайди. Лекин, минг афсуски, биз эрта тонгни газета билан қарши олишни унутиб қўйганимизга анча йиллар бўлди.
Қуш уясида кўрганини қилади
Бизнинг оиламиз кўплаб газеталарга обуна бўларди. Уларнинг аксарияти оилавий архивимизда мавжуд. Мен шу газеталар қуршовида катта бўлганман. Демак, ҳамма муаммолар сингари газеталарга боғлиқ камчиликлар ечимини ҳам оиладан излашимиз керак. Буни теран тушуниб етган ажойиб инсон – узоқ йиллар «Пойтахт транспорти» газетасига Бош муҳаррирлик қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган транспортчи, раҳматли Мансур Алиев ўз хонадонида «Маърифат бурчаги» очиб, уни турли китоблар, журналлар ва газеталар билан бойитган. Вақти-вақти билан оила аъзолари иштирокида ушбу манбалар мутолаасига бағишланган «маънавият соатлари» ўтказиб турган. Бу ҳақда «Умрим мазмуни» номли китобида алоҳида эслатиб ўтган.
Биз ҳам Мансур Алиевдан ибрат олиб, хонадонимизнинг бир қисмига китоблар, журналлар ва газеталарни жойлаштирсак, уларни ўқишга вақт ажратсак, зурриётларимиз ўрнак оладилар ҳамда келажакда одоб-ахлоқли ва билимли шахслар бўлиб вояга етадилар.
Сўзим ниҳоясида газеталар атрофида юз бераётган воқеаларга бепарво бўлмаётган журналистлар ва меҳнат фахрийларига миннатдорлик билдирган ҳолда шундай дейман: «Тириклик учун тўрт унсур – сув, ҳаво, олов ва тупроқ қанчалик керак бўлса, газеталар ҳам шунчалик керак!».
Алишер ТОИРОВ
