Яна 39 кишининг Нукус воқеаларидаги иштирокига оид суд иши бошланяпти

51

Жорий йил ҳудди шу айбловлар билан Даулетмурат Тажимуратов бошчилигидаги 22 кишининг суд иши бўлиб ўтган ва уларнинг 4 нафари суд залидан озод этилиб, қолганлари турли муддатларга «кесилган» эди.

Олий суд Матбуот хизмати 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан расмий баёнотини эълон қилди.

Унга кўра, жорий йил 6 февраль куни соат 10:00 да Бухоро вилоят суди биносида 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Даулетбай Разов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилади.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 104, 166, 244, 244-1 ва 247-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Барча судланувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этилишича, суд жараёни очиқ тарзда ўтказилади ва ОАВ учун суд мажлисларини тўғридан-тўғри кузатиб бориш учун барча техник шароитлар яратилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 31 январ куни Бухоро вилояти суди биносида 2 ойдан ортиқ давом этган Даулетмурат Тажимуратов ва яна 21 кишига оид суд иши якунланган ва уларга нисбатан суд ҳукмлари ўқиб эшиттирилган эди.