Туркиядаги зилзила ўчоғидан ўзбек спортчилари олиб чиқилди 

38

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган спорт курашлари бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Анқара шаҳрига олиб келинди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилган.

“Ҳозирда барча ҳамюртларимизнинг саломатлиги яхши. Режага мувофиқ, улар даставвал Туркия пойтахтидан Истанбул шаҳрига йўл олишади ва у ердан Тошкентга қайтиб келишади”, – дейилади МОҚ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 феврал куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Туркияда йиғин ўтказаётган турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоалари билан доимий мулоқотда бўлиб туришганини ва зилзила оқибатида футболчиларга зарар етмаганлигини маълум қилган эди.