Тарихдан маълумки, буюк шахслар хотирани мустаҳкамлаш, фикрни чархлаш воситаси бўлган шатранж – шахматни севиб ўйнаганлар. Шоирлар шатранж ўйинидан илҳомланиб, мумтоз асарлар ёзишган. Шеъриятимиз султони Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўз асарларида қадимий шатранж ўйинига оид ажиб рамзлар топганки, уларни ўқиган киши ҳайратга тушади. У бир ғазалида шундай байт битган:
Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом
этмиш, не тонг
Ростравлар арсадин гар тутсалар
рухдек қироғ.
Байтнинг насрий баёни: шоҳнинг ёнида фарзин каби эгри йўлга юрувчилар турар экан, рухдек тўғри юрувчилар ҳамиша тахтанинг четига сурилади. Бу мисраларда шатранж сипоҳларининг қандай юришини тасвирлаш билан бирга ҳаётдаги воқелик нозик ифодаланган.
Ҳазратнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги қуйидаги байтларни ўқир экансиз, шатранж ўйини қандай тартибда бошланиши кўз олдингизга келади.
Арсага шатранжи улким тўкар,
Неча йиғоч порасидурким ўкар.
Чунки биров ўлтурубон ҳар тараф,
Терса бисот ичра ани икки саф.
Ҳар ён ики саф ики мисраъ киби,
Тўрт саф ўлса, икки матлаъ киби.
Бу мисраларда Навоий шатранжни шеърга қиёслаяпти. Шатранжчи доналарини икки сафга терганда икки мисрага, рақибининг икки сафи билан тўрт мисрага ва улар икки матлага ўхшашини таъкидлаш орқали ўйин бошланиши билан шеъриятдаги каби мўъжизалар юз беришига ишора қиляпти.
Бобокалон шоиримиз 1499 йилда ёзиб тугатилган «Лисон ут-тайр» достонида шатранж ўйинига оид яна бир қимматли маълумот берадилар.
Икки шатранж ўйноғучи устод,
Арсаи шатранжга айлаб кушод.
Икки жонибдин бўлуб оромгир,
Тўктилар ўртада шатранжи кабир.
Яъни, шатранж устодлари оддий шатранжга қаноат қилмай, шатранжи кабирда ўз маҳоратларини синаб кўришган. Тарихий маълумотларга кўра, шатранжи кабир тахтасида 64 хона эмас, 128 хона, доналарнинг сони 32 та эмас, 64 та бўлган. Агар шатранж ниҳоятда мураккаб ўйин эканини билсангиз, шатранжи кабир ундан қанчалар мураккаблигини тасаввур қилаверинг.
Навоийнинг юқоридаги мисраларини ўқиб, унинг ҳам шатранж ўйнаганларига шубҳа қолмайди. Лекин шахмат фидойиси, «Шарқ – шоҳмот ватани» китоби муаллифи, шахмат тарихи бўйича фан номзоди бўлиш учун диссертация ёқлаган Мамажон Муҳиддинов бир суҳбатида «Навоийнинг шатранж ўйнаганини тасдиқловчи аниқ манба тополмаяпман. Навоий шатранж, ўз даврининг шатранжчилари тўғрисида кўп ёзган. Лекин ўзининг шатранж ўйнагани ҳақида маълумот учратмадим», деган эди.
– Тўғри, – дея гапини давом эттирганди Мамажон ака. – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асаридаги Навоий ва Биноий суҳбати айнан шатранж мажлисида бўлган деб ёзилган.
Кейин у «Бобурнома»даги ўша лавҳани эслади:
«Бир кун шатранж мажлисида Алишербек оёғини узатур. Биноийнинг (орқасига) тегар. Алишербек мутояба била дерки, «Ажаб бир балодирки, Ҳиротда оёғингни узатсанг шоирнинг орқасига тегар». Биноий дерким, «Йиғсанг ҳам шоирнинг орқасига тегади» (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома». Т.: «Юлдузча», 1989. 162-бет).
Мамажон ака фикрини давом эттирди: «Шатранж мажлисидаги мутойиба айтилган. Аммо Навоий шатранж ўйнаяпти деган жойи йўқ-да. Шу боис сиз ҳам тарихий китобларни ўқиётган вақтингизда Навоий шатранж ўйнаяпти деган манбага эътибор берсангиз. Балки топилиб қолар».
Шатранжга оид ажойиб асарлар, қимматли маълумотлар ёзган Ҳазрат Алишер Навоийнинг дона сурмаганини ҳеч тасаввур қила олмадим. Шу боис мумтоз адабиётларни, тарихий китобларни варақлаганда, Навоийнинг шатранж ўйнаганини тасдиқловчи маълумотларни қидира бошладим.
«Керакли нарсани умринг бўйи қидирсанг ҳам уни омад кулиб боққан лаҳзада топасан. Баъзан у нарса узоқларда эмас, ёнгинангда бўлади», деган нақл бежиз айтилмаган экан. Бир куни 1969 йилда китоб дўконидан харид қилинган, такрор-такрор ўқилган Хондамирнинг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Макоримул-ахлоқ» китобини варақлар эканман, ҳайратдан бир лаҳза донг қотиб қолдим. Унда мутафаккир шоиримизнинг шатранж ўйнагани аниқ-тиниқ ёзилганди, кўзларимга ишонмай яна ўқидим:
«Бир куни, мақтовга лойиқ Амир фикрни кенгайтириш учун Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб билан шатранж ўйнамоқда эди. Шу пайтда тўсатдан Амир Бурҳониддин Атоулло мажлисга кириб келди. Ул ҳазрат иззат ва ҳурмат маросимларини бажо келтириб, илтифот ва кўнгил сўраш йўли билан, қаердан ташриф буюрдилар ва нима ишлар бор, деб сўради.
Амир Бурҳониддин шундай жавоб берди:
– Ҳар кун шаҳардан мадрасаи «Ихлосия»га қатнашдан қутулиш учун узоқ муддатлардан бери унинг атрофидан бир ҳовли олиш талабида эдим. Ҳозир ўшандай жой топдим ва уч минг динор кепакийга сотиб олмоқчиман. Бироқ, бу орада бир амалдор пайдо бўлиб, бу маблағ устига бир оз қўшмоқда. Сотувчи эса жойини унга сотмоқ истайди. Умид шуки, мулозимларингиз у кишига, мазкур ҳовлини сотиб олишдан воз кечиш ва менга қолдириш тўғрисида шафқат юзасидан бир қоғоз ёзсалар.
Дарё кўнгилли Амир бу сўзларга жавоб бермасдан, ўртадаги шатранж машғулотини тугатишга киришди. Бу жиҳатдан у жаноб ташвишланиб «бу илтимосим олий ҳазратнинг кўнглига оғир тушди», деб гумон қилди. Ҳар ҳолда шатранж тамом бўлди. Эҳсон ва саховат манбаи Амир у зотга хитоб қилиб, агар фақирлардан бири майдони кенг, иморати кўп, ҳавоси гўзал ва суви ширин ҳам мадрасага яқин ҳовлини сизга тортиқ қилса, муносиброқ бўладими ёки ўша ўзингиз айтган ҳовлининг қўлингизга кириши учун ҳаракат қилсинми? – деди. Улуғ насабли жаноб бу сўзни эшитиб, шодлик ва хурсандлик қилиб умидвор бўлди.
Ўша вақтларда, баланд мартабали Мавлоно Муҳаммад Муиннинг ҳовлиси ул ҳазрат девонига тааллуқдор бўлган эди. Ҳақиқатан, кўнгил очар ва хушҳаво бир жой эди, мана шу жойни у жанобга инъом қилиб, истаган мақсадини ҳосил қилиб қайтарди» (Ғиёсиддин Бинни Ҳумомиддин Хондамир. Макоримул-ахлоқ» («Яхши хулқлар»). Тошкент, 1967. 104-105-бетлар).
Берилган иқтибосдан кўриниб турибдики, китобхон Алишер Навоийнинг ҳимматидан ҳайратга тушиб, унинг шатранж ўйнаётганига эътибор беравермайди. Ахир, саховатли шоир ўз пулига ҳовли сотиб олишига ёрдам сўраб келган Бурҳониддин Атоуллога сотиб олмоқчи бўлган ҳовлисидан майдони кенг, иморати кўп, ҳавоси гўзал ва суви ширин ҳовлини тортиқ қилади. Шу боис бу китобни ўқиган кезларда Мамажон ака Муҳиддинов ҳам улуғ шоир олийжаноблигидан ҳайратга тушиб, бу саховатпешалик Навоий шатранж ўйнаётган вақтда рўй берганига диққатини қаратмагандир.
Энди иқтибосдаги «Бир куни, мақтовга лойиқ Амир фикрни кенгайтириш учун Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб билан шатранж ўйнамоқда эди», деган сатрларга қайтсак. Ушбу сўзлар шатранжнинг фикрни кенгайтиришига ёрқин мисол. Чунки фикрини кенгайтириб турган кишиларгина эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилади. Аслида, фикрни кенгайтиришдан мақсад ҳам эл-юртга кўпроқ фойда келтиришдир.
Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг шатранж ўйинига эътиборингизни қаратамиз. Шоир илтимосни ўйин ўрталарида эшитади ва дарҳол жавоб бермай, унга қандай яхшилик қилиш тўғрисида чуқур ўйлайди ва ўйин тугагандан кейин шинам ҳовлини инъом қилиш таклифини айтади. У зот фикрни кенгайтириш учун шатранж ўйнаётганда ҳам ўзгаларга яхшилик қилиш ҳақида ўйлаганлар.
Умидимиз шуки, Ҳазрат Навоийдай шатранж (шахмат) ўйнаш барчамизга насиб этсин.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист



