Ажратилган ипотека кредитларининг 60 фоизи 5 та ҳудуд ҳиссасига тўғри келган – Марказий банк

32

2022 йил якунлари бўйича аҳолига ажратилган ипотека кредитлари 14,4 трлн.сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ошди ҳамда унинг қолдиғи 46,4 трлн. сўмга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошди) етди. Бу ҳақда Марказий банк “Ипотек кредитлари шарҳи”да маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида ажратилган ипотека кредитларида Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларнинг улуши 2021 йилдаги 92,1 фоиздан 73,7 фоизгача пасайган бўлса, тижорат банклари маблағларининг улуши эса 9 фоиздан 26,3 фоизгача ошган.

Мазкур даврда ажратилган жами ипотека кредитларининг 10,8 трлн. сўми ёки 75 фоизи (ипотека шартномалари сонига нисбатан) бирламчи бозордаги уйлар, 3,6 трлн. сўми ёки 25 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар сотиб олишга йўналтирилган.

Шунингдек, 2022 йилда нотариус идоралари томонидан жами тасдиқланган уй-жой олди-сотди шартномалар сони 250,3 мингтани ташкил этиб, шундан 70,9 мингтаси ёки жами олди-сотди шартномаларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобидан молиялаштирилган шартномалар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесими бўйича таҳлил қилинганда, 2023 йил 1 январь ҳолатига ажратилган ипотека кредитларининг 60 фоизи 5 та ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиб, бунда 29,9 фоизи (4 302,5 млрд. сўм) Тошкент шаҳри, 8,2 фоизи (1 178,9 млрд. сўм) Самарқанд, 8 фоизи (1 149,4 млрд. сўм) Фарғона, 7,4 фоизи (1 066,2 млрд. сўм) Андижон ва 6,4 фоизи (919,1 млрд. сўм) Навоий вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларга ажратилган.

2022 йил мобайнида ажратилган ипотека кредитларининг 21 фоизи (3,1 трлн. сўм) 18-30 ёшгача, 70 фоизи (10 трлн. сўм) 31-50 ёшгача, 9 фоизи (1,2 трлн. сўм) эса 50 ёшдан юқори фуқароларга ажратилган.